Узбек O'zbek
Ўтган мавсумда нархи қимматлашган 10 футболчи
Якшанба, 23 Июн
8481

Transfermarkt портали бутун жаҳондаги футболчиларнинг трансфер қийматларини маълум қилди. Қуйида ўтган бир мавсум ичида трансфер баҳоси сезиларли даражада ўсган 10 нафар футболчи номи келтирилади. Ушбу рўйхатда А Сериядан бошқа барча кучли лигалардан вакиллар бор.

10. Раҳим Стерлинг, яримҳимоячи («Манчестер Сити»)
Мамлакат
: Англия 
Бир йил аввалги нархи: 90 млн евро 
Ҳозирги нархи: 140 млн евро 
Ўсиш: 50 млн евро (55,6 фоиз)

Гвардиола раҳбарлигида Стерлинг йилдан-йилга ривожланмоқда. Испаниялик мутахассис олиб борган ишлар туфайли англиялик вингер шунчаки тезкор ва технар йигитчадан самарадор машинага айланди. Якунланган мавсумда у жамоасининг 61 ўйинида 31 гол урди ва 13 голга узатма берди, АПЛда«гол+пас» бўйича фақат Агуэро, Салоҳ ва Азардан ортда қолди. Афтидан, Стерлинг ҳали яна ўсади ва энг мос позицияда янада кўп фойда келтирад.

Ушбу рейтингда Садио Мане ва Бернардо Силва ҳам бўлиши мумкин эди (иккисида ҳам ўсиш – 50 млн евро). Аммо бу ўринни ҳозирги нархига муносиб бўлган футболчига бердик.

9. Лука Йович, ҳужумчи («Реал»)
Мамлакат: Сербия 
Бир йил аввалги нархи: 8 млн евро 
Ҳозирги нархи: 60 млн евро 
Ўсиш: 52 млн евро (650 фоиз)

Йовичнинг «Реал»га трансфери ёзнинг энг шов-шувли харидларидан бирига айланди. «Қаймоқранглилар» Германия чемпионатида ва Европа Лигасида порлаган 21 ёшли форвардни 60 млн евро еврога баҳолашди. Шу тариқа, унинг трансфер нархи бир йил ичида қарийб 7 баробар ўсди. «Бенфика» Лукани «Айнтрахт»га кейинроқ 5 млн еврога сотиб олиш шарти билан ижарага берганди ва энди португаллар клуби раҳбарияти иложсизликдан тирноқларини тишлаб қолишди.

8. Николя Пепе, яримҳимоячи («Лилль»)
Мамлакат: Кот-д’Ивуар
Бир йил аввалги нархи: 10 млн евро 
Ҳозирги нархи: 65 млн евро 
Ўсиш: 55 млн евро (550 фоиз)

Агар мавсумни жуда кучли ўтказган «монстр» Мбаппе бўлмаганида, «Лилль»нинг бу истеъдодли футболчиси кўрсатган ўйинлар янада ёрқин кўринарди. Киллианнинг тинимсиз гол уриши «Лилль»нинг бу мавсумдаги натижаларида катта ишларни амалга оширган футболчини соя остида қолдирди. Гап шундаки, бир йил аввал ҳеч ким танимаган Пепе якунланган мавсумда 22 гол урди («Лилль»нинг Лига 1 ўйинларидаги жами голларининг учдан бир қисми) ва 11 голга узатма берди. Ивуарлик футболчининг нархи бу қадар ўсиши ва у учун топ-клублар кураш бошлаши бежиз эмас. Охирги хабарларга кўра уни «ПСЖ» Неймарга муносиб ўринбосар сифатида кўрмоқда ва унинг трансфери учун 85 миллион евро тўлашга тайёр. «Интер» ва «Атлетико» эса унинг учун 90 миллион евронинг баҳридан кечиши мумкин.

7. Родриго, яримҳимоячи («Атлетико»)
Мамлакат: Испания 
Бир йил аввалги нархи: 25 млн евро 
Ҳозирги нархи: 80 млн евро 
Ўсиш: 55 млн евро (220 фоиз)

«Атлетико» таркибида пайдо бўлган ёш Родриго кўп йиллик фаолиятидан кейин Қатар чемпионатига йўл олган Габининг йўқлигини сездирмади. Ҳозир 22 ёшли футболчи «матрасчилар»нинг майдон марказидаги алмаштириб бўлмас футболчига айланган. У универсаллиги эвазига ҳимоя ва ҳужум чизиғини муаммосиз боғлай олади. Родри нафақат майдонни яхши кўриб, яхши пас бера олади. У рақиб ҳужумларини тўхтатишда ва иккинчи қаватда тўп учун курашда ҳам беназир. «Манчестер Сити» уни ўз таркибига қўшиб олиш орқали навбатдаги трансфер рекордини ўрнатишга тайёрланмоқда.

6. Трент Александр-Арнольд, ҳимоячи («Ливерпуль»)
Мамлакат: Англия 
Бир йил аввалги нархи: 25 млн евро 
Ҳозирги нархи: 80 млн евро 
Ўсиш: 55 млн евро (220 фоиз)

Ўтган йилнинг сентябрида кимдир ёш Александр-Арнольд мавсум охирига келиб жаҳоннинг энг қиммат иккинчи ҳимоячисига айланишини тасаввур қила олармиди? Албатта, йўқ. Лекин «Ливерпуль»нинг топ-менежменти ўз вақтида англиялик футболчининг салоҳиятини тўғри баҳолади ва у билан январь ойида узоқ муддатли шартнома тузди. Трент май ойида АПЛнинг тарихий рекордини ўрнатди (у мавсум давомида 12та голли пас муаллифи сифатида бу борада ҳимоячилар ўртасидаги энг яхши натижани қайд этди) ва ўз трансфер қийматини янада оширди.

5. Кай Хаверц, яримҳимоячи («Байер»)
Мамлакат: Германия 
Бир йил аввалги нархи: 28 млн евро 
Ҳозирги нархи: 90 млн евро 
Ўсиш: 62 млн евро (221,4 фоиз)

«Байер»нинг 19 ёшли яримҳимоячиси L'Equipe журнали талқинига кўра жаҳоннинг энг яхши ёш яримҳимоячилари рўйхатида учинчи ўринга лойиқ кўрилиши бежиз эмас. Якунланган мавсум Кай учун жуда муваффақиятли кечди. У 17 гол урди ва клубининг асосий футболчисига айланиб, Германия миллий терма жамоасидан чақирув олди. Ҳозирда Ҳаверцга «Бавария» фаол равишда қизиқиш билдирмоқда. Пулга анча зиқналик қиладиган мюнхенликлар раҳбарияти ушбу талант учун 100 млн евро тўлашга ҳам тайёр.

4. Жоау Фелиш, ҳужумчи («Бенфика»)
Мамлакат: Португалия 
Бир йил аввалги нархи: 2 млн евро 
Ҳозирги нархи: 70 млн евро 
Ўсиш: 68 млн евро (3400 фоиз)

Фелиш ўтган мавсум кашфиётларидан бирига айланди. «Бенфика»нинг асосий жамоасида дебют қилган 19 ёшли португал мавсумни жуда ажойиб ўтказиб, ўзининг трансфер нархини 35 баробар кўтарди. Ҳозирда ушбу вундеркиндга «Реал», «Манчестер Юнайтед» ва «Атлетико» каби клублар даъвогарлик қилмоқда. Бу клублар футболчини қўлга киритишни истаса катта пул сарфлашига тўғри келади. «Бенфика» президенти эса ушбу ёш футболчини 120 миллион евродан камига қўйиб юбормаслигини маълум қилган.

3. Френки де Йонг, яримҳимоячи («Аякс», 1 июлдан «Барселона»га ўтади)
Мамлакат: Нидерландия
Бир йил аввалги нархи: 7 млн евро 
Ҳозирги нархи: 85 млн евро 
Ўсиш: 78 млн евро (1114,3 фоиз)

Агар бу рейтингдан мавсумни бетакрор ўтказган «Аякс»дан бирор футболчи бўлмаса адолатсизлик бўларди. Амстердамликлар клубининг муваффақиятлари тўғридан-тўғри Френки де Йонг билан боғлиқ. «Аякс»да ушбу ёш яримҳимоячи ҳақиқий диспетчер вазифасини бажарди ва ҳужумни ривожлантиришдаги қобилиятини намойиш этиб, барчани ҳайратга солди. «Барселона»га 75 млн еврога трансфре бўлган де Йонг 10 баробар қимматлади. Каталонияликлар келажак учун катта сармоя киритишди!

2. Килиан Мбаппе, ҳужумчи («ПСЖ»)
Мамлакат: Франция 
Бир йил аввалги нархи: 120 млн евро 
Ҳозирги нархи: 200 млн евро 
Ўсиш: 80 млн евро (66,7 фоиз)

Ҳозирда Киллиан Мбаппе – жаҳондаги энг қимматбаҳо футболчи, бу ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайди. 20 ёшида у 100 гол уришга улгурди. Ўтган мавсумда унинг нархи 80 млн еврога ошди. Бу рақам бир йил кейин қандай кўринишда бўлишини тасаввур қилиш қийин.

1. Жейдон Санчо, яримҳимоячи («Боруссия» Д)
Мамлакат: Англия 
Бир йил аввалги нархи: 15 млн евро 
Ҳозирги нархи: 100 млн евро 
Ўсиш: 85 млн евро (566,7 фоиз)

«Манчестер Сити» раҳбарияти бу рақамларни кўрмагани маъқул. 2017 йилда «шаҳарликлар» ўзи учун молиявий томондан яхшироқ шартнома сўраган ёш футболчини таркибда олиб қола олмаганди. Натижада у Дортмундга ўтди, у энди нафақат «Боруссия»нинг, балки Бундеслиганинг энг яхши футболчиси. Ўтган мавсумда Жейдон 13 гол урди ва 15 голга узатма берди. 19 ёшли вингер учун жуда зўр натижа!

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз