Узбек O'zbek
Токио Олимпиадаси учун бокс йўлланмалари қай тартибда ўйналиши эълон қилинди
Пайшанба, 20 Июн
2305

Айни кунларда Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Халқаро Олимпия Қўмитаси Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда кўриб чиқилган дастлабки масала келаси йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида бокс бўйича баҳсларнинг йўлланмалари қай тартибда тақсимланиши бўлди, деб хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси.

Маълум қилинишича, Токио-2020 Олимпиадасида бокс баҳслари учун эркаклар ўртасида -52, -57, -63, -69, -75, -81, -91 ва +91 кг вазн тоифалари амал қилади. Аёллар ўртасида эса -51, -57, -60, -69 ва -75 килограмм вазн тоифалари бўйича жанглар олиб борилади.

Осиё-Океания минтақаси учун жами 63та лицензия ажратилиб, улардан 41таси эркаклар, 22таси аёллар бокси ўртасида тақсимланади.

Олимпия вазн тоифаларида қитъалар учун турли миқдорда йўлланмалар ажратилди. Масалан, бизнинг минтақамизда -52, -57 ва -63 кг вазн тоифаларига 6тадан, -69, -75 ва -81 кг вазн тоифаларига 5тадан, -91 ва +91 кг вазн тоифалари учун 4тадан ўрин ажратилган. Аёллар тоифасида эса -51 кг вазн учун 6тадан, қолган категорияларга 4 тадан ўрин берилди.

Олимпиада учун саралаш турнирлари келаси йилнинг январь-май ойларида ўтказилиши белгиланди. Бу оралиқда 4та қитъавий ва 1та жаҳон миқёсида саралаш турнирлари ўтказилади.

Саралаш мусобақалари мезбонлари ҳозирча эълон қилинмаган.

Январь-апрель оралиғида барча қитъалар бўйлаб минтақавий саралаш турнирлари ўтказилса, унда йўлланма ололмаганлар учун 2020 йилнинг май ойида жаҳон миқёсидаги лицензион мусобақа бўлиб ўтади.

Қўшимча қилиш жоиз, Токио Олимпиадасида бокс беллашувлари 25 июль-9 август кунлари бўлиб ўтади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз