Узбек O'zbek
Себальос Зидан билан зиддиятли суҳбати ҳақидаги хабарларни инкор этди
Сешанба, 18 Июн
1784

«Реал» яримҳимоячиси Дани Себальос испан матбуотида у томонидан бош мураббий Зинедин Зиданга қарата айтилган сўзлар, дея талқин этилган иқтибосни рад этди.

«Баъзи ОАВда (мен уларнинг номини ошкор қилмасликни афзал биламан) тарқалган маълумот юзасидан шуни айтмоқчиманки, мен ва «Реал» мураббийлари ўртасидаги ҳеч бир мулоқот жамоатчиликка маълум бўлиб қолмаган. Мен томонимдан айтилган дея тарқатилган сўзларни мутлақо рад этаман.

Бундай ёлғон хабарларни тарқатиш ўта нопрофессионалликдир. Айниқса ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатидек муҳим халқаро мусобақа вақтида бундай қилиниши ноўрин», – деб ёзди Себальос Twitter саҳифасида

Аввалроқ испан ОАВда тарқалган хабарларда устози Зинедин Зидан билан суҳбатда гўёки: «Бўлди, тушунарли, мистер. Менинг ҳам сиз билан ишлашда давом этгим йўқ», – дея таъкидлагани айтилган эди.

Қайд этиш керак, Зидан бош мураббий лавозимига қайтганидан кейин Данига фақат учта ўйиндагина имконият берди. У ўтган ҳафта Onda Cero радиосига берган интервьюсида бош мураббий у билан очиқ-ойдин гаплашганини тасдиқлаган эди.

«Зидан мен билан дангалига гаплашди. Унинг тушунтиришини қабул қилдим.

Шартномамда жуда юқори миқдорда товон пули белгиланган. Битим муддати тугашига тўрт йил бор ва мен «Реал»да муваффақият қозонмоқчиман.

Лопетеги билан яхши ишлай бошлагандик, лекин кейин иккинчи рақамлига айлана бордим. Ўйинчи учун энг муҳими – мураббийнинг ишончи. Миллий жамоада мен ўзимни муҳим футболчи деб ҳис қиламан. «Реал»дан кетсам ҳам, менга аҳамиятли ўйинчи сифатида қарайдиган жамоага ўтаман.

Европадаги исталган клубда ўйнаб кета олишимни кўрсатмоқчиман. Ютуқларга эришмоқчи бўлаётган ёш футболчиман, шундай экан яна бир йилни майдонга тушмай ўтказишни истамайман», – деганди Себальос «El Transistor» дастурида.

Маълумот учун, Дани ўтган мавсумда Ла Лиганинг 23та турида қатнашиб, улардан 13тасида асосий таркибда майдонга тушди ва 3та гол муаллифи бўлди.

«Бетис» тарбияланувчиси мазкур клубдан «Реал»га икки йил олдин келиб қўшилган, унинг трансфер қиймати 18 млн еврони ташкил этганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз