Узбек O'zbek
Салоҳ ҳақида 9 факт. Собиқ ҳимоячи, қимматга тушган ўпич, болаликдаги орзу ва бошқалар ҳақида
Сешанба, 18 Июн
11895

Куни кеча ўзининг 27 ёшини қаршилаган Муҳаммад Салоҳ учун клублар 150 миллион фунт беришга тайёр экани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Бир неча йил олдин «Челси»нинг асосий таркибига кира олмаган мисрлик футболчи маълум муддат Месси билан ҳам солиштирилди ва ҳозирда дунёнинг энг яхши ҳужумчиларидан биридир. Чемпионат.com сайтида Муҳаммад Салоҳ билан боғлиқ қизиқарли фактлар билан ўртоқлашишди. 

Футболдан кетиши мумкин эди

Муҳаммад Александрия ва Қоҳира орасида жойлашган Нагриг қишлоғида туғилиб, вояга етган. Салоҳлар оиласи бой эмасди – ота оддий савдогар, кўп пул топмасди, лекин яшашга етарди. Муҳаммад телевизорда Роналдо ва Зиданнинг ўйинларини томоша қилар ва кейин, кўчада уларнинг финтларини такрорлашга ҳаракат қиларди. Албатта, бу иш осон эмасди, чунки болаларда оддий тўп ҳам бўлмас, кўпинча, эски пайпоқларни йиғиб, ёпиштирилган «тўп»да финтларни ўзлаштириш ноқулай эди.

Мактаб жамоасида эса, аҳвол бирмунча яхшироқ эди. Турнирлардан бирида Қоҳиранинг «Эраб Контракторс» клуби скаутлари Салоҳни пайқаб қолишади ва жамоага таклиф қилишади. Катта футбол орзуси билан яшаган болакай ўйлаб ўтирмасдан рози бўлади ва 14 ёшида илк шартномасини имзолайди.

Ҳафтада беш кун бўладиган машғулотларга тўрт соатлик йўл билан бориш керак эди. Оқибатда, ўқишда қийинчиликлар пайдо бўлди: Салоҳ кўп дарс ўтказиб юборар ва баҳолари пасайиб кетганди.

«Тўққизда мактабга борардим, лекин икки соат ўтиб, клубдан мен машғулотга боришим кераклиги ҳақидаги хатни кўрсатиб, тарк этардим», – деб эслайди интервьюлардан бирида футболчи.

Қайсидир паллада, Мо кўп футбол ўйнай олмади ва бу унинг қизиқишини пасайтириб юборганди.

«Тахминан икки ой мен захирада ўтирдим ва деярли майдонга тушмадим. Ўшанда мен отамга шунчаки, захирада ўтириш учун тўрт соат йўл босмайман, дедим. Ҳатто йиғлаб, футболни ташлаш ҳақида ўйлай бошладим. Ўшанда отам менга: «Менга қара, вақт ўтиб машҳур футболчига айланган ҳамма, ўз вақтида, болалигида қийинчиликларга чидаган. Сен шунчаки, ўйинга эътибор қарат, шуғулланишда давом эт, ишонаманки, бир кун яна майдонга қайтасан», – деди. Бу суҳбат машинада, навбатдаги машғулотга кетаётиб бўлиб ўтганди. Мен отамнинг ўгитларига қулоқ солдим, кўпроқ меҳнат қила бошладим ва асосий таркибга қайтдим. Ундан миннатдорман», – дейди Муҳаммад Салоҳ.

Ҳимоячи бўлиб ўйнаган

«Эраб Контракторс»да мураббийлар 3-5-2 схемасини қўллашарди. Салоҳ бу системада чап марказий ҳимоячи позициясида ўйнаган. Ҳаммасини Салоҳнинг кўз ёшлари ўзгартириб юборди.

«Биз асосий рақибимизга қарши қийин ўйин ўтказиб, 4:0 ҳисобида ғалаба қозондик.

Ечиниш хонасида ҳамма байрам қилар, Мо эса, йиғлаб ўтирарди. У шундай муҳим ўйинда гол ура олмаганидан афсусланиб ўтирарди. Ўйин давомида ҳужумга қўшилиш учун жуда катта масофаларни босиб ўтган, лекин уддасидан чиқа олмаганди. Ўшанда мен у қанчалик гол уришни исташини билгандим», – деб эслайди U16 жамоасида Салоҳга мураббийлик қилган Саил Аш Шешени.

Шундан сўнг, уни сал олдинроққа ўтказишда ва Мо мавсум давомида 35 гол муаллифи бўлди.

Муваффақиятга доим ишонган

ЖЧ-2018 олдидан Sports Illustrated нашрига интервью берар экан, Муҳаммад Салоҳ шундай деганди:

«Менда доим ўзимга нисбатан ишонч бўлган, шунинг учун ҳеч нарсадан ҳайратланмайман. Менга қилаётган ишим ёқади. Узоқ йиллар шунақа яхши ўйнашим учун жуда қаттиқ меҳнат қилишим кераклигини ҳам биламан. Мен ўз камчиликларимни биламан ва уларни бартараф қилиш учун қўлимдан келганини қилмоқдаман – жуда кўп вақтимни тренажёр залларида ўтказяпман. Бу мавсумда мен ўтган йилга нисбатан икки баробар кўп гол урдим. Ўтган йили эса, «Челси»даги мавсумимга нисбатан бир неча баробар кўп ургандим. Йилдан-йилга ўсиб, кучайиб бораётганимни сезяпман ва бу мен учун энг муҳими».

«Базель»да Салоҳ икки йил жуда яхши тўп сурди: 10 гол ва 11 ассист муаллифига айланди, Швейцария чемпиони бўлди ва «Челси»нинг эътиборига тушди. Ўшанда Моуриньо шахсан Салоҳга қўнғироқ қилиб, жамоасига таклиф этган.

«Биз Чемпионлар Лигасида «Базель»га қарши ўйнагандик. Салоҳ кичик болакайга ўхшарди ва мен бу болани яхши кўриб қолдим», – деганди португалиялик мураббий. 

Трансфер амалга ошди ва беш йиллик шартнома имзоланди. Аммо Монинг Лондондаги фаолияти муваффақиятсиз кечди, у икки мавсумда атиги 13 ўйинда майдонга тушиб, 2 гол урди, холос. 

Сўнгра «Фиорентина»га ижара, «Рома»даги икки яхши мавсум ва ўзининг айтишича доим ўйнашни орзу қилган «Ливерпуль»га трансфер рўй берди.

«Мен ёшлигимда бу клубда қачондир ўйнашни орзу қилганман. Менда бу имконият пайдо бўлганида, «Рома»да қолиш ёки болалик орзусини рўёбга чиқариш танлови борасида кўп ўйладим. АПЛга қайтишни қарор қилдим. PlayStation’да доим «Ливерпуль»да ўйнардим, Жерард, Хюпя, Каррагердан иборат жамоам бўларди. Менга бу жамоа ўйини жуда ёқарди», – дейди қаҳрамонимиз.

Бир ўпич туфайли муаммоларга учраган

«Базель»да Салоҳни Швейцария чемпионатининг энг яхши ёш футболчиси деб топишган. Тадбирда эса, унга бу совринни топшираётган қиз футболчини қучоқлаб, ўпиб олади. Эртасига эса, Миср нашрларида Муҳаммад Салоҳ даҳшатни кўради: деярли барча газеталар бу ҳолат учун уни муҳокама қилишган, ахлоқсиз, анъанавий қадриятларни оёқ ости қилганликда айблашганди.

(Яқинда Чемпионлар Лигаси финалидан сўнг, стадионда Салоҳдан интервью олган қиз футболчига қўли билан тегмоқчи бўлгани ва Салоҳ уни тўхтатиб, масофани сақлашга ҳаракат қилганини кўрган бўлсангиз керак. Бу лавҳа ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалди ва албатта, энди Миср газетачилари қаҳрамонларидан рози бўлишса керак)

Армияга олиб кетишлари мумкин эди

Муҳаммад Салоҳга олий таълимни тугатиш насиб этмаган: 22 ёшида Мисрдаги университетлардан бирига кирган Салоҳни кўп вақт ўтмай талабаликдан четлатишди. Бу масалада дипломдан кўра, ҳарбий хизмат мажбурияти муаммо туғдирарди. Энди Салоҳ ё бир йилдан уч йилгача армияга бориши лозим бўлиб қолди. Шунингдек, мамлакатни икки кунга бўлсаям тарк эта олмасди.

«Салоҳ бу ҳолатдан қаттиқ хафа бўлди. У бутун дунёга Мисрни тамсил қиляпти, лекин мамлакат унга шундай миннатдорчилик билдирадими», – деди Миср терма жамоаси директори Аҳмад Ҳассан.

Бу муаммони ҳал қилишга ҳатто Миср бош вазири Иброҳим Маҳлўб ҳам бош қўшди ва якунда Салоҳни ҳарбий хизматдан озод қилишди.

Salah Pizza

«Фиорентина» мухлислари шаҳардаги пиццерияларнинг бирида Salah Pizza’ни ўйлаб топишди. Салоҳ шарафига номланган бу маҳсулотга моцарелла, пармезан, пишлоқ ва оқ қўзиқорин қўшишарди. Тўғри, кейинчалик, Салоҳ «Рома»га кетгач, флоренцияликлар бу пиццага Пауло Соузанинг номини беришди.

Казино туфайли қизининг исмини ўзгартирган

Тўйига Салоҳ бутун Нагригни чақирди – эшиклар барча учун очиқ эди. Тахминан мингга яқин меҳмон бу тўйда қатнашган.

Орадан бирмунча вақт ўтиб, жуфтлик қизчали бўлишди. Аввалига қизалоққа Макка деб ном беришди. Аммо кейинчалик, Муҳаммад Салоҳга бу ном ёқмай қолди. Казинолар сети бўлмиш «Макка Бинго»га ўхшаш бўлгани Салоҳнинг фикрини ўзгартирган.

Чеченистон фахрий фуқароси бўлган

Миср терма жамоаси жаҳон чемпионати пайтида Грознийда яшаган ва Чеченистон ҳукумати турли шаклда ўз меҳмондўстлигини намойиш этишга ҳаракат қилганди. Туғилган кунида Салоҳга 100 килоли торт совға қилишди, Рамзан Қодиров терма жамоа шарафига кечки зиёфат ташкил қилиб берди, кейинроқ эса, Салоҳ Чеченистоннинг фахрий фуқароси сифатида қабул қилинди.

Қишлоғига ёрдам бериб келади

— Нагригда Салоҳ номидаги мактаб ва ёшлар маркази бор. Қишлоқ мэри ушбу машҳур футболчи билан фахрланади. «Салоҳ қишлоғимизни дунё харитасида пайдо қилгани билан биргаликда, доимий равишда моддий ёрдам ва хайрия билан шуғулланиб келди. Қишлоқда миллионлаб доллар турадиган мактаб қурди, Базиун касалхонасига турли жиҳозлар ва тез ёрдам машиналари учун эҳсон қилди», – дейди у.

— Салоҳ доимий равишда ёшларга тўйларни ташкил қилишлари учун пул ўтказиб туради.

— 2017 йилда у Мисрга 210 минг фунт берди – ўшанда мамлакат пул бирлигини қувватлаш учун валютага эҳтиёж бор эди.

Шунингдек, моддий томондан қийналган фахрий футболчиларининг оилалари учун 27 минг ажратганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз