Узбек O'zbek
Ўзбекистон боксининг собиқ раҳбари таэквондо WTF ассоциацияси бошқарувига келди
Душанба, 17 Июн
1007

Бугун, 17 июнь куни Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциациясида ташкилотнинг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Унда Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, шунингдек, спорт жамоатчилигининг қатор вакиллари иштирок этишди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Таэквондо WTF ассоциацияси янги раҳбар сайлаш конференция кун тартибига қўйилган энг асосий масала бўлди.

Бунга қадар ушбу ташкилот раиси сифатида ишлаб келган Аҳмаджон Раҳимов 14 июнда мазкур лавозими ва Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти мансабидан истеъфога чиққан эди.

«Унинг ўрнига ассоциация раҳбарлигига Шерзод Тошматов номзоди таклиф этилди. Конференция иштирокчилари ушбу номзодни бир овоздан маъқуллашди ва Шерзод Тошматов Ўзбекистон таэквондо ассоциациянинг янги раиси сифатида эълон қилинди», – дейилади МОҚ хабарида.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Маълумот учун, Шерзод Рихсибаевич Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари сифатида спорт жамоатчилигига яхши таниш. Унинг раҳбарлигида ўзбекистонлик боксчилар Рио Олимпиадаси ва 2 йил муқаддам Тошкентда ўтган Осиё чемпионатида юқори натижалар қайд этиб, ҳар икки мусобақада ҳам умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган эди.

Тошматов 2019 йил февраль ойида Ўзбекистон бокс федерация биринчи вице-президенти лавозимидан кетган эди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Қайд этиш жоиз, ассоциациянинг собиқ раҳбари Аҳмаджон Раҳимов 2018 йилнинг 4 октябридан бери ташкилотни бошқариб келаётган эди. Шу давр ичида ўзбекистонлик таэквондочи ўсмирлар томонидан Олимпия ўйинларида 1та кумуш медаль қўлга киритилди. Май ойида ўтказилган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида эса муваффақиятсиз иштирок этилди: унда Ўзбекистон вакиллари бирорта медални қўлга кирита олмади. Натижада Ўзбекистон таэквондочилари Олимпия рейтингида сезиларли равишда пастга тушиб кетишди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз