Узбек O'zbek
Расман: Маурицио Сарри – «Ювентус» бош мураббийи
Якшанба, 16 Июн
3295

Италиялик мураббий Маурицио Сарри «Челси»дан истеъфога чиқиб, «Ювентус» бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда иккала клуб расман маълум қилди.

60 ёшли мутахассиснинг Турин клуби билан шартномаси 2022 йил 30 июнигача мўлжалланган.

«Европа Лигаси финалидан кейин ўтказган музокараларимизда Сарри ўз ватанига қайтишни қанчалик қаттиқ хоҳлаётганини аниқ билдирди. У, шунингдек, оиласи даврасида, кекса ота-онасига яқин масофада яшаши ҳам муҳимлигини таъкидлади», – дея маълум қилди «Челси» директори Марина Грановская.

Грановская Сарри ва унинг штабига бир йиллик меҳнат ва эришилган ютуқлар учун ташаккур билдириш баробарида унга А Сериядаги фаолиятида омад тилаган.

Маурицио Сарри «Челси»ни бир йил олдин – «Наполи»даги уч йиллик фаолиятидан кейин қабул қилиб олганди. Унинг қўл остида «кўклар» Европа лигасида ғолиб бўлди; АПЛда 3-ўринни эгаллаб, Лига кубоги финалига чиқди. Англия кубогида эса жамоа нимчорак финалдан курашни якунлади.

Умуман, «аристократлар» Мауриционинг қўл остида жами 63та ўйинда майдонга тушиб, 39та ғалаба, 13та дуранг ва 11та мағлубият қайд этишди. Ғалаба коэффициенти – 61,9 фоизга тенг.

Тажрибали мутахассис «Ювентус»да охирги 5 мавсумда бош мураббий бўлиб келган Массимилиано Аллегрининг ўрнини эгаллайди. У бунга қадар «Наполи»дан ташқари «Эмполи», «Сорренто», «Алессандриа», «Гроссето», «Перужи» каби бир қатор итальян клубларини бошқарган. Ўтган мавсумдаги Европа лигаси чемпионлиги унинг фаолиятидаги илк соврин бўлган эди.

Саррининг «Ювентус»га келишига Роналду қандай муносабатда экани маълум бўлди
Сорри, Сарри!

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз