Узбек O'zbek
«Барселона»да янги детектив. Гризманн ва де Лигт масаласи қандай якун топади?
Якшанба, 16 Июн
10447

Номи «Барселона» билан боғланаётган икки футболчининг келажаги ҳамон номаълумлигича қолмоқда.

«Барселона» камдан-кам трансферларни осонлик билан амалга оширади. Бу клуб билан боғлиқ трансферлар узун сериалга ва ҳатто афсонага айланиб кетади. Гоҳ Неймар кетади, гоҳ Коутиньо келади - бу йирик трансферлар жараёни асосида тарихий детектив фильмлар ишласа ҳам бўлади. Бундай тарихларда футболчилар «А» ҳарфини айтади, аммо оғиздан «Б» ҳарфи чиқиши кечикиб кетади. Бу ёзда ҳам шундай бўлмоқда.

Каталонияликларнинг бугунги кундаги икки асосий нишони - де Лигт ва Гризманн ҳақида фақат биттадан аниқ маълумот бор: бири янги мавсумни «Аякс»да бошламайди; иккинчиси эса «Атлетико»дан кетиши ҳақида расман эълон қилган. Бўлди. Бошқа маълумот йўқ - аниқроғи аниқ маълумот йўқ - нидерландиялик ҳимоячи ва франциялик ҳужумчининг келажаги ҳақида бир-бирига тескари сон-саноқсиз миш-мишлар тарқалиши давом этмоқда.

Келинг, бир бошидан кўриб чиқамиз.

Кичкина шаҳзода

2018 йил июнида «Барселона»да техник котибга айланган жамоанинг собиқ футболчиси Эрик Абидалнинг биринчи галдаги вазифаси - Гризманн билан келишувга эришиш бўлганди. Барча эслайди: футболчи келажаги бўйича қарорга келишда иккиланиб юрди, «Қарор» (La Decisión) номли ҳужжатли фильм ишлади ва якунда «матрасчилар» билан янги шартнома имзолади. Мавсумни ўз даражасида ўтказмаган футболчи бирданига май ойида мадридликлар клуби сафини тарк этишини эълон қилиб юборди. Шундан буён бир ой вақт ўтдики - ҳеч нарса жойидан силжимади.

Ўшанда, май ойида Каталония пойтахти - француз футболчиси учун ягона йўналиш бўлиб кўринганди, футболчининг атрофидагилар ва каталонияликлар раҳбарияти вакиллари ўртасида алоқалар ўрнатилган, музокаралар бошланиши яқиндек эди. «Барселона»нинг қизиқиши ҳам тушунарли эди: ўтган йилги спектаклга қарамасдан Антуан «Камп Ноу»га керак эди - биринчидан, Суареснинг ёши 32га чиққан, у энди аввалги спорт формасига қайта олмайди, у энди халқаро майдонларда жамоага ёрдам бера олмай қолди (Чемпионлар лигасининг сўнгги икки мавсумида атиги иккита гол кўп нарсани англатади), иккинчидан, агар Коутиньо кетса бу «Кичкина шаҳзода» учун ҳужумнинг чап қанотида бўш ҳудуд пайдо қилади. Агар ундан марказий ҳужумчи сифатида фойдаланилса, Дембеле билан тандемда жамоа ўйинига янгича чизгилар бериш мумкин бўлади.

Зиддият

Аммо ҳозирча ўша тарих такрорланмоқда. Гризманн «А» сўзини айтди ва жим қолди. Ўтган вақт мобайнида у кичик интервьюлар берди ва ўзи ҳам ҳеч нарсани билмаслигини билдирди. Масалан, у 8 июнь куни Telematin нашри учун берган интервьюсида у шундай деди: «Мен кейинги мавсумда қаерда тўп суришимни биламан». Кейин эса ҳазиллашганча қўшимча қилди: «Мен 7 йилдан кейин Майамида ўйнашимни ҳам биламан».

Аммо тўрт кун ўтиб, Евро-2020 саралаши доирасида Андоррага қарши ўйиндан кейин унинг сўзлари бошқача янгради: «Сабр қиляпман. Мен биринчи навбатда келажагим нима бўлишини билишим керак, лекин бироз кутиш керак бўляпти. Мен ҳозир Ла Лигада қолиш-қолмаслигимни ҳам аниқ билмайман - икки ҳафтадан кейин қандайдир ойдинлик киритилиши керак».

Бу орада уни гоҳ «ПСЖ»га, гоҳ «Бавария»га, гоҳ «Манчестер Юнайтед»га жўнатишмоқда. 

Ижрочи директор сўзлари

Балки барчаси кутилганидан аввалроқ ҳам маълум бўлар. Шу кунларда «Атлетико» ижрочи директори Мигель Анхель Хил Марин телекўрсатувлардан бирининг эфирида шундай деди: «Март ойидаёқ мен Гризманн алалоқибат қайси клубга ўтишини билиб бўлганман. Бу «Барселона». Бу гап тўғрими ёки йўқ, ҳеч ким билмайди, аммо Хил Мариннинг бундай сўзлари твиттердаги одатий янгиликлардан эмас, у бекорга бундай демагани аниқ.

Аниқ хабарларнинг чиқиши чўзилиб кетгани барча 1 июль кунини кутаётгани билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин - шу куни Гризманнинг бадал пули миқдори 200 миллион евродан 120 миллион еврога тушади, шундан кейин томонлар музокара бошлашини кутиш мумкин. Қолгани миш-мишлар - чунки ҳозир унга қизиқиш билдирган барча томон ўз билганича хабар тарқатмоқда.

Райоланинг талаби

Маттейс де Лигт билан боғлиқ вазият янада чигал. Аввалига ва унинг энг яқин дўсти Френки Де Йонг биргаликда битта клубда ўйнашда давом этиш истакларини билдиришди. Кейин орага «ПСЖ» қўшилди, хабарларга кўра парижликлар «Аякс»га 150 миллион евро таклиф қилишган. Де Йонг қишдаёқ «Барселона» билан шартнома имзолади. Ўшанда ҳамма навбатдаги келишув амстердамликлар сардори билан бўлишини кута бошлашди - аммо катта «аммо» бор эди.

Бу катта «аммо» Де Лигтнинг агенти, жаҳон футболидаги энг таъсирли импресариолардан (гумашта) бири Мино Райола эди. Январь ойида Испаниядаги спорт нашрлари Райола каталонияликлардан ўзи учун комиссия пули сифатида 10 миллион евро ва мижози учун йилига 12 миллион евролик маош талаб қилаётгани ҳақида хабар тарқатди. «Аякс» эса 2018 йилнинг декабрида Европанинг энг яхши ёш футболчиси учун таъсис этилган Golden Boy мукофотини қўлга киритган 19 ёшли сардорини 75 миллион еврога баҳолаганди - натижада ёш йигитчанинг трансфери каталонияликлар учун жуда қимматга тушиши аён бўлди.

Ёш футболчининг иккиланиши

Ҳозирда шуниси маълумки, «Барселона» ва «Аякс» аллақачон трансфер бўйича келишиб олган (75 миллион евро) - футболчининг розилигини олиш қолган. Мураккаблик шундаки, де Лигтнинг боши айланиб қолган - унинг трансфери учун курашда асосий даъвогарга айланган «ПСЖ» трансфер учун икки баробар кўп маблағдан ташқари, футболчининг ўзига ҳам жозибали таклиф бермоқда - каталонияликлар эса бу таклиф билан рақобатлаша олишмайди. Испаниядаги нашрларнинг ёзишича, кўк-анорранглилар йилига 6 миллион евро миқдорида маош таклиф қилишган, парижликлар эса 12 миллион евро (айрим маълумотларга қараганда 15 миллион евро).

Криштианунинг чорлови

Ди Лигтнинг хизматларига қизиқиш билдираётган яна бир жамоа бор - «Ювентус». Туринликларнинг қизиқиши Миллатлар лигаси финалида ҳам ифода этилди. Нидерландия Португалияга ютқазган ўйиндан кейин «Ювентус» етакчиси Роналду Де Лигтнинг олдига келди ва уни ўзи билан бир жамоада ўйнашга таклиф қилди.

«У мендан «Ювентус»га ўтишни сўради. Мен ҳайрон қолдим ва ҳатто кулиб юбордим. Чунки мен аввалига бу менга шундай туйиляпти деб ўйладим», деди кейинроқ ёш нидерланд.

Испаниядагиларнинг ҳисоблашича, туринликлар унга «Барселона»дан кўпроқ, «ПСЖ»дан камроқ маош таклиф қилмоқчи - йилига 10 миллион евро.

Абидалнинг инстаграми бузиб кирилиши

Де Лигтнинг беқарорлиги «Барселона» мухлислари орасида унга қарши кайфиятни кучайтирмоқда. Улардан бири ноодатий ишга қўл урди: Абидалнинг Инстаграмдаги аккаунти бузиб кирилди ва у ерда Йохан Кройфдан машҳур иқтибос келтирилди: «Бизга «Барселона»да ўйнашга иккиланадиганлар керак эмас». Суратга Абидалнинг аккаунти номидан шундай ёзув илова қилинганди: «Раҳмат Йохан, сен ҳақсан». Кейинроқ бу пост ўчириб ташланди.

Парижда уй

Пайшанба куни De Telegraaf нашрида Де Лигтнинг онаси ва севгилиси Париждан уй қидираётгани ҳақида хабар берилди, ундан бир кун олдин эса Италиядагилар Райола ҳам Франция пойтахтида «ПСЖ» вакиллари билан музокараларнинг сўнгги босқичига киришгани ҳақида муҳокама қила бошлашди.

Бу хабарлар «Барселона» раҳбарларининг асабини қитиқлаётгани аниқ, лекин афтидан улар ҳеч нарса қила олишмайди - бу уларга боғлиқ эмас.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз