14 июнь куни таниқли ҳакам Равшан Эрматов Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси вице-президенти этиб сайланди. У ўз аризасига кўра истеъфога чиққан Умид Аҳмаджонов ўрнини эгаллади.
Шу муносабатдан Tribuna.uz сайти мухлислар орасида кичик сўровнома ўтказди. Унда Равшан Эрматовнинг ЎФА вице-президенти қилиб сайланишига муносабат билдириш сўралган эди.
Сўровномада 15 мингдан ортиқ мухлис иштирок этди. Уларнинг ярмидан кўпи (54%) Равшан Эрматовнинг яхши мутахассис эканини таъкидлаб, вице-президентликка лойиқ эканига ишонч билдирди.
24% мухлис Эрматовнинг сайланишидан ҳеч нарса ўзгармаслигини, футболимиздаги муаммолар раҳбариятнинг алмашиши билан ҳал бўлмаслигини қайд қилишди.
9% мухлис Эрматовнинг тайинланишига қарши овоз беришди. Уларнинг фикрига кўра, Умид Аҳмаджоновнинг ўз лавозимида қолгани яхши эди.
8% мухлис Эрматовнинг аввало ҳакам эканини, кабинетда эмас, балки футбол майдонида ишлашга ўрганганини қайд қилиб, унинг раҳбарликни эплаб кетишига шубҳа билдиришди.
5% мухлис эса Аҳмаджонов ҳам, Эрматов ҳам бу лавозимга лойиқ эмас, раҳбар бошқа одам бўлиши керак эди деб ҳисоблашмоқда.