Узбек O'zbek
Миллий олимпия қўмитасининг олти ой олдин сайланган вице-президентлари ишдан кетди
Жума, 14 Июн
2540

Миллий олимпия қўмитасининг биринчи вице-президенти Аҳмаджон Раҳимов лавозимини тарк этди. У билан бирга ташкилотнинг яна бир вице-президенти Комилжон Рўзиев ҳам мансабини топширган.

Tribuna.uz манбаси маълумотига кўра, қўмита президенти Рустам Шоабдураҳмонов бугун бўлиб ўтган йиғилишда ишдан кетган вице-президентлар ўрнига Сакен Полатов ва Азизжон Комилов номзодларини илгари сурган ва бу номзодлар бир овоздан маъқулланган.

Қайд этиш керак, тадбиркор Сакен Полатов февраль ойида Ўзбекистон бокс федерациясининг биринчи вице-президенти бўлганди. У бунгача «Локомотив» футбол клуби раҳбариятида ишлаб келган.

Азизжон Комилов эса Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси саналади. У бу лавозимга 2018 йил декабрь ойида сайланган.

Маълумот учун, ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган Ўзбекистон таэквондо (WTF) ассоциациясида раиси Аҳмаджон Раҳимов ва Осиё Кураш Конфедерацияси президенти Комилжон Рўзиев МОҚ вице-президенти сифатида декабрдан буён ишлаб келаётган эди.

Қўмитанинг учинчи вице-президенти Салим Абдувалиев – Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси ҳисобланади. Айни пайтда ташкилотда Раҳимов ўрнига ким биринчи вице-президент сифатида иш бошлаши маълум эмас.

Эслатиб ўтамиз, Миллий олимпия қўмитаси раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов 15 май куни Умид Аҳмаджонов ўрнига сайланган эди. Аҳмаджонов кеча, 13 июнь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти лавозимидан кетиш ҳақида ариза ёзган. Бугун ЎФАда ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз