Узбек O'zbek
Умид Аҳмаджонов ЎФА биринчи вице-президентлигидан бўшаш ҳақида ариза ёзди
Пайшанба, 13 Июн
5546

Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов лавозимидан кетишга қарор қилди.

Бир вақтнинг ўзида Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти сифатида ҳам ишлаб келаётган Умид Муҳаммаджонович чет элга хизмат сафарлари кўплиги боис ЎФАдаги мансабини топшириш ҳақида ариза ёзган.

«Осиё Олимпия кенгаши вице-президентлиги – ниҳоятда масъулиятли вазифа. Келаси йил Токиода Олимпия ўйинлари бўлиб ўтади. Мазкур мусобақага вақт кам қолмоқда. Хизмат сафарлари кўп. Шу сабабдан Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президентлигидан бўшаш бўйича ариза ёздим.

Ўйлашимча, ўтган вақт давомида ўзбек футболи ривожи учун астойдил меҳнат қилиб, қўлимиздан келган барча чора-тадбирларни амалга оширдик. Буларнинг самараси аста-секин кўзга ташланмоқда.

Шу ўринда юртимизда спорт ривожига, хусусан, футбол ривожига катта аҳамият қаратиб келаётган муҳтарам президентимиз Шавкат Миромоновичга, барча зарур шарт-шароитларни яратиб бераётган ҳукуматимиз раҳбариятига миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман», - деган Аҳмаджоновнинг сўзларини келтирди ЎФА расмий сайти.

42 ёшли функционер шу йил 3 март куни Осиё Олимпия Кенгашига Марказий Осиё минтақасидан вице-президенти этиб сайланган эди.

Шундан сўнг у апрелда Марказий Осиё Футбол Ассоциацияси (МОФА) раҳбарлигидан кетди, май ойида эса Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президентлигидан истеъфога чиқди.

Маълумот учун, Умид Аҳмаджонов спортдаги раҳбарлик фаолиятини 2002 йилда Ўзбекистон ногиронлар спорт федерацияси бош котиби сифатида бошлаган. 2007 йилдан кейин 10 йил давомида Миллий паралимпия ассоциациясида бош котиб ва раис ўринбосари лавозимларида ишлади. Бу вақтда Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси ўринбосари сифатида ҳам фаолият юритди. 2016 йилги Рио Паралимпиадаси (31та медаль, 16-ўрин) унинг соҳадаги карьерасида бурилиш нуқтаси бўлганди.

2017 йил бошида Умид Аҳмаджонов Миллий олимпия қўмитасида вице-президент этиб сайланди. Кўп ўтмай, у Дзюдо федерацияси вице-президенти Бобур Шодиев «Пахтакор» вице-президенти этиб тайинланиши ортидан мазкур клубда бош директор сифатида иш бошлади. Ўша йилнинг сентябрига бориб эса Ўзбекистон футбол федерацияси президентлигига ягона номзод сифатида ушбу мансабни эгаллади. Қисқа вақтда ўзини реформатор сифатида кўрсатган Аҳмаджонов 2018 йил бошида Миллий олимпия қўмитаси раиси этиб сайланган эди.

Қўшимча қилиш жоиз, Муҳаммаджонович расман ЎФФ президенти сифатида 4 ой ишлагач, 2018 йил январида ваколатларини ташкилотнинг ҳозирги бош раҳбари – Очилбой Раматовга топширган.

Ўзбек спортида Умид Аҳмаджонов даври: у нималарга эриша олди?

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз