Узбек O'zbek
Россия миллий жамоаси дарвозабони маст ҳолда аэропортда безорилик қилди
Пайшанба, 13 Июн
3392

«Зенит» клуби ва Россия миллий жамоаси дарвозабони Андрей Лунёв 12 июнь куни Внуково аэропортида можаро келтириб чиқарди.

Маълум бўлишича, 27 ёшли посбон Санкт-Петербургга учиб кетиш арафасида рўйхатдан ўтиш учун кутиш жойида «Россия» авиакомпанияси ходимлари билан жанжаллашиб қолган. Шундан сўнг аэропорт полиция бўлинмасига олиб борилган Лунёвга нисбатан кичик безорилик тўғрисида маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Тиббий кўрик натижасида Андрейнинг қонида 0,77 промилле алкоголь аниқланган. Унга минг рубль миқдорида маъмурий жарима тайинланган.

У «Зенит» томонидан ҳам жазоланиши мумкин.

«Уни жаримага тортамизми? Олдин Андрей билан суҳбатлашиб, воқеага аниқлик киритиб олишимиз керак», – деган клуб бош директори Александр Медведевнинг сўзларини келтирди ТАСС.

Андрей Лунёв ушбу воқеа сабаб Петербургга бошқа рейс билан учишига тўғри келган. Унинг тушунтиришича, ўша вақтда у парвоз учун йўловчиларни рўйхатга олиш тугаётгани туфайли шошилаётган бўлган ва авиакомпания ходимининг лоқайдлигидан жаҳлини босиб тура олмаган.

«Россия» авиакомпанияси расмий сайтида келтирилишича, Лунёв компания ходимини ҳақорат қилгани учун узр сўраган.

Маълумот учун, 8-11 июнь кунлари Россия миллий жамоаси Евро-2020 саралаши доирасида Сан-Марино (9:0) ва Кипрга (1:0) қарши ўйинларда ғалаба қозонди.

Андрей Лунёв ушбу иккала баҳсни ҳам захира ўриндиғида кузатди. Бош мураббий Станислав Черчесов дарвозани Россия паспортига эга бразилиялик Маринато Гилермега ишониб топширди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз