Узбек O'zbek
Хави ўз фалсафаси, дунёдаги энг яхши мураббий, Мессининг камчилиги ва Златан ҳақида
Пайшанба, 13 Июн
12432

Хави май ойида ўз фаолиятини якунлаб, «Ас Садд» клубида бош мураббий сифатида иш бошлаганидан хабарингиз бор. Мавсум якунлангач, у Мадридга келди ва квалификациясини ошириш бўйича мураббийлик курсларида қатнашмоқда. Россиялик журналист Евгений Савин ўзининг «КраСава» ютуб-канали учун машҳур футболчидан интервью олди.

Нега мураббийлик фаолиятингизни Қатарда бошлашга қарор қилдингиз? Нега масалан, Гвардиола каби «Барселона Б»да эмас?

— Оиламга Қатар жуда ёқади. Агар ҳозир «Барселона Б»га борсам, у ерда мендан кўп нарса кутишларини биламан. Умуман мени Пеп Гвардиолага қиёслашлари ёқмайди, у ахир дунёнинг энг зўр мураббийи, мен эса, энди бошлаяпман. Ўйлашимча, нолдан бошлаш учун Қатар жуда яхши вариант.

Таниқли  футболчилардан яна кимлар бу ерда сиз билан ўқишяпти?

— Узоққа бориш шарт эмас – Алберт Риерадан жуда яхши мураббий чиқиши мумкин. У билан бир партада Луис Гарсия ўтиради, у ҳам яхши тренер бўла олади. Хаби Алонсо, Вальдес, Рауль, Сальгадо... Умуман, орзулар жамоаси йиғилган дейишим мумкин. Дарвоқе, биз билан икки қиз ҳам бор, улар ҳам эплаб кетишига ишонаман. 

Хави жамоаси қандай футбол ўйнайди?

— Умумий ғоя – сўнгги 10-15 йилдаги «Барселона» ва Испания. Тўпга эгалик қиламиз, ўйинни назорат қиламиз, юқори прессинг қўллаймиз. Мен Кройф фалсафасини тушунаман, бу мен учун асосий йўналиш. Кейин, Райкаард, Гвардиола, Ван Гаал, Энрике, Арагонес – бу мураббийларнинг барчаси билан ишлаганман, менга ёққан услубда рақибдан устунлик қилганмиз. Мен учун муҳими, рақиб умуман тўпга эга бўлмаслиги керак. Агар тўп сенда бўлса, ғалаба қозониш учун имконият ҳам катта бўлади.

Сиз билан ишлаган энг зўр мураббий ким?

— Мен Луис Арагонес ва Пеп Гвардиоланинг қоришмасини айтган бўлардим. Арагонес – жамоани бошқариш борасида, Пеп эса, тактик томондан тенгсиз.

Сизга қарши тўп сурган энг зўр футболчи?

— Улар кўп. Масалан, Роналдони эслайман, ҳақиқий феномен эди. Криштиану Роналду, Зидан, Бекҳэм... Фигу билан бирга ўйнаганмиз, кейин эса, «Реал»да эканига кўникишга тўғри келди. Яна Роберто Карлос, Скоулз, Руни... Бенитеснинг «Ливерпуль»и, Моуриньонинг «Челси»си ҳам кучли эди.

Мессидан ташқари, сиз билан ўйнаган энг яхши футболчичи?

— Айтиш қийин... Мен доим айтаман, майдон марказида Бускетс, Иньеста ва Месси билан бирга ўйнаганимда мазза қилганман. Бу учлик мен учун дунёдаги энг яхши футболчилардир. Уларнинг ўрнига бирорта яхшироқ футболчини тасаввур ҳам қила олмайман. Албатта, яна Пуйоль, Вальдес, Пике ҳам бор. Биз ажойиб жамоа эдик.

Агар Месси билан эмас, балки бошқа жамоада ўйнаганингизда «Олтин тўп»ни ютишингиз ҳам мумкин эди, нима дейсиз?

— Мессисиз биз бу совринларни юта олмасдик ва балки мен «Олтин тўп» номзодлари ичида ҳам бўлмасдим. Ахир ҳаммаси жамоага боғлиқ, ҳатто Месси ҳам бирор нимани ютиши учун кучли жамоадошларга муҳтож. Кўпинча, «Барселона»нинг ўйини қовушмаганда, Месси ҳам ҳеч нарса қила олмайди. Жамоа – энг муҳими. Аммо агар бизда Месси бўлмаганда, биз ўша финаллар, ярим финаллар, чемпионатларни юта олмасдик.

«Барселона»да доим иқтидорли футболчилар бўлган. Ўз салоҳиятидан фойдалана олмай, суперюлдуз бўла олмаган бирор исмни айта оласизми?

— Мен бир йигитчани айтиб беришим мумкин, уни кўп интервьюларда тилга олганман. У биз тенгқур эди, биз билан бир авлод эди. Марио Росас. У кейинчалик биринчи дивизионда ўйнаб юрди, лекин бизнинг давримизнинг Мессиси бўлган. Баъзи сабабларга кўра, кейин ўша даражага чиқа олмади. Афсус, мен учун у умуман бошқа даражадаги футболчи эди. 

Златан ўз китобида сизлар ҳақингизда ёзиб, Иньеста, Месси ва сизни Гвардиоланинг мактаб ўқувчиларига ўхшатганди. Ибраҳимович «Барселона»да ўйнаган энг зарарли футболчимиди?

— Йўқ, Златан – яхши йигит, характери ҳам оғир эмас. У билан яхши мавсум ўтказганмиз, чемпионатни ютгандик. Мен у билан жуда яхши муносабатда эдим, унинг бошқалар билан уришганини ҳам эслолмайман. У ҳазилкаш, самимий ва жуда оддий гаплашади. Мураббий билан муносабати, бошқа ҳикоя. Златан баъзи ўйинларда асосий таркибга киритилмасди – бу унинг мураббий билан ўртадаги ишлари. Мен фақат футболчилар билан муносабати ҳақида айтишим мумкин.

Мессининг бирор камчилиги борми?

— Билмадим. Балки у ўзига нисбатан ҳаддан ташқари талабчандир. Бу унга ёрдам беради, лекин баъзида ортиқча босимга ҳам сабаб бўлади. У – даҳо, албатта, талабчанлик ҳам бунинг бир қисми.

Сиз тўрт марта ЕЧЛ, жаҳон ва Европа чемпионатини ютдингиз. Бирор нарсадан афсус қиласизми?

— Менимча, бизнинг авлод «Барселона» билан янада кўпроқ ЕЧЛ кубогини қўлга кирита оларди. Биз шу даражада рақиблардан устунлик қила олганмизки, бемалол яна бир неча марта чемпион бўлишимиз лозим эди. Ҳозир қараб турсам, жамоалар кучи тенглашгандек, лекин ўша пайтларда «Барселона» тотал устунликка эга эди. 4 ЕЧЛ – бу кам, биз бир нечта совринни бой бериб қўйганмиз.

«Ливерпуль» «Барселона»ни 4:0 ютишига ишонган бўлармидингиз?

— Мен кўпроқ биринчи ўйинга эътибор беришингизни истардим. Ўша ўйин натижаси бироз алдамчи эди. Йирик ҳисоб қайд этилган бўлса-да, «Барселона» ўйин тизгинини қўлида ушлаб турмаганди. «Энфилд»да эса, «Барселона»га бироз омад етишмади, агар ҳисоб 1:1 га айланганда, ҳаммаси бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо биз ўйинни назорат қила олмадик. «Барселона» тўпсиз қолганида жуда қийналади. «Ливерпуль» сафарда ҳам, уйида ҳам ўйинни бошқарди. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз