Узбек O'zbek
«Пахтакор», «Насаф», «Сўғдиёна» ва «Навбаҳор» вакиллари – Суперлигада ой лауреатлари
Сешанба, 11 Июн
2301

Tribuna.uz сайти ва ЎзПФЛ ҳамкорлигида Суперлиганинг май ойидаги лауреатлари аниқланди.

Маълумот учун, ўтган ойда Ўзбекистон чемпионатида 4та тур ўйинлари бўлиб ўтди.

Сўровномага асосан, «Пахтакор» ҳужумчиси Драган Черан ойнинг энг яхши футболчиси деб топилди. У 4 ўйинда 6 марта рақиблар дарвозасини ишғол этди.

Ойнинг энг яхши дарвозабони соврини эса «Насаф» посбони Абдувоҳид Неъматовга тегишли бўлди. У қаршиликлар жамоасининг 3та ўйинида 1тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди ва жами 8та сейв намойиш этди.

«Сўғдиёна» бош мураббийи Улуғбек Бақоев эса май ойининг энг яхши мураббийи номинациясида энг кўп очко тўплади. Жиззахликлар жамоаси унинг қўл остида май ойида 3та ўйинда ғалаба қозониб, 1та баҳсда мағлубиятга учраган эди.

Май ойининг энг чиройли голини аниқлаш бўйича сўровномада эса «Навбаҳор» аъзоси Славко Лукичнинг «Сўғдиёна» дарвозасига урган голи энг кўп овоз йиғди.

Маълумот учун, ой лауреатларини аниқлаш тартибига кўра, Суперлиганинг 14та клуби бош мураббийлари ҳамда сардорлари кўрсатилган номзодларни учталикка жойлаштириб чиқади. Дастлабки ўринда кўрсатилган номзод 3, мос равишда кейинги икки ўриндагилар 2 ва 1 очколик бўлади.

Бу очколарга мухлислар фикри сифатида қўшимча равишда Tribuna.uz томонидан мухлислар ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари ҳам қўшилади – унда биринчи ўринни эгаллаган номзод 6, кейингилар мос равишда 4 ва 2 очкодан қўлга киритади. Якунда энг кўп балл тўплаганлар ойнинг энг яхшилари сифатида эътироф этилади.

Ой лауреатларига махсус статуэткалар ва «Artel» савдо белгиси томонидан смартфонлар тақдим этиб келинмоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз