Узбек O'zbek
Про-лига клуби раҳбари футболчиларни тотализаторга ундаб, кўндира олмагач уларнинг устидан ПФЛга шикоят қилди
Душанба, 10 Июн
3417

Ўзбекистон футбол ассоциацияси қошида ташкил этилган махсус инспекция тотализатор ва келишилган ўйинларда иштирок этаётган шахсларни аниқлади.

ЎФА берган расмий маълумотга кўра, «B» Про-лига иштирокчиси Бухоронинг «Зарангари» клуби раҳбари Фурқат Тоировнинг ЎзПФЛга тақдим этган хати асосида ассоциация махсус инспекцияси суриштирув ишларини олиб борган.

Хатда «Зарангари» футбол клубининг беш нафар футболчиси келишилган ўйинларда гумон қилинаётгани айтилган бўлиб, уларнинг исм-шарифлари аниқ кўрсатиб ўтилганди. Кейинроқ маълум бўлдики, клуб раҳбариятининг ўзи ноҳалол футболга йўл очиб берган ва бу ишга унамаган футболчиларни туҳмат тариқасида жамоадан четлаштириш чорасини кўрмоқчи бўлган.

«Зарангари» футбол клуби раҳбари Фурқат Тоиров «Зарангари»да молиявий муаммолар борлигини рўкач қилиб, жамоанинг барча ишларига эндиликда Шерзод Сатторов жавобгар бўлишини футболчиларга расман маълум қилган (Шерзод Сатторов ЎзПФЛ рўйхатидан «Иттифоқ-Бухоро» футбол клуби бош мураббийи сифатида ўтган). «Зарангари» футболчилари Ф.Тоировдан ҳозирги кунгача бўлган молиявий ҳисоб-китобни амалга оширишини талаб қилишган. Мана шу масалада муаммо келиб чиққан.

Кейинроқ Ш.Сатторов барча масалани ўзи ҳал қилишини, керак бўлса трансфер ойнаси очилмаёқ янги футболчиларни жамоага олиб келишга қудрати етиши ҳақида айтган. Ойликдан ташқари пул ишлаш ниятида бўлган футболчилар унинг кўрсатмаси билан тотализаторда иштирок этишлари кераклигини уқтирмоқчи бўлган. 

ЎФА махсус инспекцияси Фурқат Тоиров ҳамда Шерзод Сатторовларнинг футболчилар билан суҳбатлари ёзилган аудиоёзувни тўлиқ қўлга киритди. Маълум бўлдики, Ш.Сатторов ҳамда Ф.Тоиров режасига унамаган футболчиларни ЎзПФЛ орқали гумонлантирилиб, улардан халос бўлишни истаган. Раҳбарлардан фарқли ўлароқ, футболчилар алоҳида-алоҳида суҳбатдан ўтказилганда, уларнинг фикрлари асосли бўлиб чиқди, жамоа аъзолари фактлар асосида кўрсатма берди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ЎФА Интизом ва одоб-ахлоқ (этика) қўмитаси қарор қабул қилди. Унга кўра, «Иттифоқ-Бухоро» жамоаси бош мураббийи Шерзод Сатторовнинг қилмишлари кечириб бўлмас, деб ҳисобланди ва у бир умрга футболга алоқадор барча фаолиятдан четлаштирилди.

Ш.Сатторов Бухоро вилоятидаги мактаблардан бирида жисмоний тарбиядан ҳам дарс бериши ҳақида айтиб ўтди. Ёш авлодни унинг каби кишилар бошқармаслиги керак деб ҳисобланиб, ЎФА қўмита қарорини мазкур мактабга ҳам тақдим этади. Шунингдек, аудиоёзувларга кўра, Ш.Сатторов ЎФА ҳамда ЎзПФЛнинг айрим ходимларини ҳақорат қилган, уларга жиддий туҳматлар ёғдирган.

ЎФА Интизом ва одоб-ахлоқ (этика) қўмитаси «Зарангари» футбол клуби раҳбари Фурқат Тоировни 1 йилга футболдан четлаштирди ва 20 миллион сўм жарима жазоси қўллади. Кейинги текширувлар жараёнида унинг ҳам келишилган ўйинларга алоқадорлиги факти топилса, жазо ўзгартирилади.

Маълумот учун, «B» Про-лиганинг Ғарб минтақасида қатнашаётган «Зарангари» 9-турдан кейин 8 жамоа орасида 6-ўринни эгаллаб турибди. Клубга 3- ва 9-турлар доирасидаги сафар ўйинларига бормагани учун икки маротаба техник мағлубият ёзилган.

9-турда, шунингдек, Шуҳрат Сатторов бош мураббийлигидаги «Иттифоқ-Бухоро» клуби ҳам техник мағлубиятга «учраган», бунга сўнгги ўринда бораётган клубнинг ПФЛга бадал пулини ўз вақтида тўламагани сабаб бўлган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз