Узбек O'zbek
Отабек Шукуров: «Миллий жамоа учун боримни беришга тайёрман»
Душанба, 10 Июн
2015

Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Отабек Шукуров март ойида Хитойга қарши кечган ўртоқлик ўйинида жароҳат олганига доир хотиралари билан ўртоқлашди.

«Хитой билан ўйиндаги жароҳат аламли бўлди. Ўша пайт кўз олдимда кўп нарса ўтди. Жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари бошланишига оз фурсат қолганди. Қолаверса, «Шаржа» таркибида чемпионлик масаласи ҳал бўладиган муҳим ўйинлар кутиб турганди. Шу сабабли дастлабки пайтда тушкунликка тушиб қолдим. Лекин атрофдагилар мени руҳан қўллаб-қувватлаб туришди. Терма жамоадаги дўстларим, яқинларим, клубим вакиллари, ЎФА вакиллари... Қийин пайтда ёнимда туриб, менга далда бўлишгани учун барча-барчага раҳмат айтмоқчиман», – деди Шукуров ЎФА матбуот хизмати билан суҳбатда.

Қайд этиш керак, унинг жамоаси «Шаржа» бу мавсум БАА чемпионатида ғолиб чиқди; мамлакат кубогида ярим финалгача етиб борди.

«Жароҳат олганимдан сўнг, терма жамоа шифокорлари зудлик билан биринчи ёрдамни кўрсатишди. Кейин маҳаллий шифохонага олиб боришди. У ерда жарҳатни даволаш икки йўли борлиги: ё операция қилиш керак ёки гипс қилиш зарурлиги айтиб ўтилди. Мени "Шаржа" билан шартномам мавжуд бўлиб, бундай ҳолларда клубнинг розилиги олиш керак бўлади. Клуб билан алоқага чиққанимиздан кейин, улар операция қилишга рухсат беришмади. Бу масалани Дубайга борганимдан кейин ҳал қилишларини айтишди. Биз шунга амал қилдик.

Бу вазиятда ЎФА ёки терма жамоа менежерлари клуб рухсатисиз ҳеч нарса қила олишмасди. Улар имкон қадар жароҳатимни тезроқ битиши учун керакли чора-тадбирларни кўришди», – дейди Шукуров.

22 ёшли хавбек апрель ойи ўрталарида Лондонда муваффақиятли операция қилинди.

«Ҳозирда жароҳатдан тикланиш жараёни яхши кечмоқда. Насиб қилса, сентябрь ойида бошланадиган Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларига қадар майдонга қайтишни режалаштирмоқдаман. Мақсадим - бўлажак муҳим ўйинларда терма жамоага ёрдам бериш. Миллий терма жамоа учун ҳамиша боримни беришга тайёрман», - дея таъкидлади Отабек Шукуров.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз