Узбек O'zbek
Промес vs Роналду. Европанинг энг кучлиси ким бўлади?
Якшанба, 09 Июн
5076

Бугун, 9 июнь куни Миллатлар лигасида финал учрашуви бўлиб ўтади. Португалия ва Нидерландия турнир тарихидаги илк чемпион ким бўлишини аниқлаб олишади.

Роналду қачон ва қанча керак бўлса ўшанда ва шунча гол уради

Миллатлар лигаси якунига етмоқда. Турнир ғолиблиги учун яққол фаворит йўқ. Ғолиб жамоа турнир тарихидаги илк ғолиб мақоми ва мукофот пулларидан ташқари, 2020 йилги Европа чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритади. Миллатлар лигасининг аввалги баҳслари шунчаки ўртоқлик мақомида кечган бўлсада, финал ўйини бутунлай бошқа миқёсда - ўртага ҳақиқий соврин тикилган.

Ўйинга ФИФА рефериси, 45 ёшли Альберто Ундиано Мальенко ҳакамлик қилади. Испаниялик ҳакам учун бу фаолиятидаги охирги ўйин бўлади - у энди пенсияга чиқмоқда. Бу арбитр фаолияти давомида 348 ўйинда ишлади, шу жумладан 2010 йилги жаҳон чемпионатида ҳам.

Португалияликлар яримфинални Портуда Швейцарияга қарши ўтказишди. Фернанду Сантуш бу ўйинга ёшлик ва тажрибани уйғунлаштирган таркибни туширди, Криштиану Роналду эса ҳет-трик қайд этиб, жамоасини финалга олиб чиқди. Бу унинг фаолиятидаги 53-ҳет-трик бўлди.

Эътиборли жиҳати, португалиялик юлдуз ўтган йил ёзида Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидан буён илк марта терма жамоа учун гол урди. Шу билан биргаликда қачон ва қанча керак бўлса шунча. Швейцарларга қарши ўйин якунланаётган паллада таблода 1:1 ҳисоби порлаб турганида Роналду икки дақиқа ичида икки гол уриб, ғалабани таъминлади.

Энли у португалларнинг Европа чемпиони мақоми ёнига Миллатлар лигаси ғолиби мақомини ҳам қўшиб қўйиши мумкин. Яна бир қадам қолди.

Криштиан Роналду - албатта нидерландлар хавфсирайдиган ягона рақиб футболчиси эмас. Португалларнинг янгиланган таркибидан 19 ёшли Жоау Фелиш ҳам ўрин олган. У ҳали терма жамоа билан соврин ютмаган ва унинг соврин учун иштиёқи бошқаларникидан юқорироқ, дейиш мумкин. У бу ишни бугуноқ амалга оширишга ҳаракат қилади.

Промес яна етакчи

Португалларнинг рақиби алоҳида тарих. Нидерландия терма жамоасини барча ҳисобдан чиқарганда бу жамоа уйғонди. Айниқса шу мавсумда «қизил лолалар юрти» вакиллари барча даражада ўзини кўрсатди - «Аякс» Чемпионлар лигасида, Нидерландия терма жамоаси Миллатлар лигасида. Роналд Куман шогирдларининг яримфиналда инглизлар устидан иродали ғалабага эришиши «Аякс»нинг евромавсумда қилган ишлари такрори каби бўлди.

Энди ҳамма Нидерландия катта куч эканини англаб турибди. Бу терма жамоа 2020 йилги Европа чемпионатида ҳам, 2022 йилги жаҳон чемпионатида ҳам асосий фаворитлар қаторида саналади. Уларнинг амалдаги Европа чемпионларига қарши ўйинини кузатиш қизиқ бўлади. Бу ўйин амалда Европанинг айни вақтдаги энг кучли жамоаси ким эканини аниқлаб беради. 

«Бу мавсум биз учун ҳайратомуз кечмоқда. Биз Чемпионлар лигаси яримфиналида ютқаздик, аммо чемпионатда ва мамлакат кубогида ғолиб чиқдик. Энди эса бизда яна нимадир ютиш имкони бор», деди «Аякс» ва «апельсинранглар» яримҳимоячиси Френки де Йонг ўйиндан олдин.

Тўғри, Англияга қарши кечган яримфинал ўйинининг асосий қаҳрамонлари амстердамликлар жамоаси вакиллари эмасди. «Саутгейт болалари»ни Квинси Промес ва Мемфис Депай тандеми «кўмишди». «Спартак»нинг собиқ ҳужумчиси овертаймларда ғалаба голи муаллифи бўлди, собиқ «қизил иблис» эса уч голда ҳам иштирок этди. Промес ҳам, Криштиану ҳам бир қанотда ўйнайди ва бу ўйин бу икки футболчининг ўзаро қарама-қаршилигига айланиши мумкин.

Бугун Англия ва Швейцария терма жамоалари ўртасида учинчи ўрин учун баҳс ҳам ўтказилади. Учинчи ўрин учун баҳс Гимарайншда (Тошкент вақти билан соат 18.00), финал ўйини – Портуда (Тошкент вақти билан соат 23.45) ўтказилиши белгиланган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз