Узбек O'zbek
«Барселона» Дембеледан қутулмоқчи
Якшанба, 09 Июн
6105

«Барселона» ҳужумчиси Усмон Дембеле ёзги трансферлар чоғида клубни тарк этиши мумкин.

AS хабарига кўра, клубдагилар 22 ёшли форвард машғулотларга доимий равишда кечикиб келиши ва унинг ишга жиддий ёндашмаслигидан норози.

22 ёшли француз ўтган ойда Испания Кубоги финалида «Валенсия»га қарши кечган ўйиндан (1:2) олдинги машғулотларга анча кечикиб келган.

Дембеле ўзининг кечикишини изоҳлар экан, ўзига физиотерапевт билан алоҳида машғулот тайинлангани учун кечроқ келишга рухсат бўлгани ҳақида гапирган. Аммо, аслида ўша куни жамоанинг барча футболчилари учун бир хил жадвал бўлгани аниқланган.

«Барселона» раҳбариятига Дембеленинг ўзини бундай тутиши ёқмаган. Бир неча кун муқаддам клуб французнинг атрофидагиларни, агар у ўзининг ишга муносабатини ўзгартирмаса трансферга қўйилишидан хабардор қилган.

Дембеле ўтган йилнинг декабрида ҳам ухлаб қолгани туфайли клуб машғулотига жуда кечикиб келганди. У шундан кейин ҳам кечикишни канда қилмаган. 

Каталонлар клубидагилар ҳужум чизиғи учун «Атлетико»дан Антуан Гризманни сотиб олишни режалаштирмоқда.

Франциялик ёш футболчи «Барселона»га 2017 йил ёзида Дортмунднинг «Боруссия» клубидан келиб қўшилган. Якунланган мавсумда у жамоасининг барча турнирлар доирасидаги 42 учрашувида иштирок этиб, 14 гол урган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз