Узбек O'zbek
«Реал»нинг энг яхши трансфери. Азар Роналдуни унуттира оладими?
Шанба, 08 Июн
5060

«Реал» ниҳоят узоқ кутилган трансферни эълон қилди - клуб янги даврга Эден Азар билан бирга киради. Бельгиялик футболчининг расмий тақдимоти 13 июнь куни «Сантяго Бернабеу»да бўлиб ўтиши белгиланган. Бу мадридликларнинг Родриго, Милитао ва Йовичдан кейинги тўртинчи трансфери. Бу харидлар Флорентино Пересга жами 255 миллион еврога тушди. Ёзги трансферлар арафасида Мадрид клуби бу йилги трансферлар учун жами 600 миллион евро ажратгани маълум қилинганди.

Мадрид орзуси
Айтиш мумкинки, ёзги трансферларнинг энг асосий харидларидан бири амалга ошиб бўлди. Албатта, ҳеч ким бир неча ойга сафдан чиққан ва ЕЧЛ стартидаги ўйинлардан дисквалификация қилинган Неймарни сотиб олишни истамаса керак. Бундай фантастик сценарий бўлмаслиги 99 фоизга аниқ, бу ёзда эса клубини ўзгартиришни режалаштирган футболчилар орасида Эден Азардан зўрроғи йўқ.

У «Челси» учун борини берди ва ваъда берганидек мавсум охиригача чин дилдан ўйнаб, мухлислар билан Европа Лигасининг икки карра ғолиби сифатида хайрлашди. Кўклар ундан бундан ортиғини талаб қила олмасди ҳам. Икки трансфер ойнаси учун тақиқ, Маурисио Сарри истеъфоси эҳтимоли ва клуб хўжайини Роман Абрамовичнинг Англиядаги муаммолари лондонликлар клуби келажагини мавҳум қилиб қўйган.

Бельгиялик юлдуз эса ҳадемай 30 ёшга чиқади. 28 ёшли футболчи айни кучга тўлган вақтида ва унда Чемпионлар лигасида ғолиб бўлиш ёки Криштиану Роналду ва Лионель Месси гегемониясига чек қўйиб, «Олтин тўп»ни қўлга киритиш учун у қадар кўп вақт қолмади. Гарчи Азарнинг ўзи шахсий совринларга фалсафий нуқтаи назардан қарасада. «Энг яхши футболчи бўлишни истайман, аммо эътироф этилмаслигим мумкин. Футболдан завқ олишни истайман. Ўхшаса энг яхши футболчи бўламан. Агар ўхшамаса, ҳечқиси йўқ. Шунчаки ўйнашни истайман», деганди у.

Рауль, Роналду, Азар
Азар бир неча йилдан буён «Реал»га ўтишни орзу қилиб келарди. Шу билан биргаликда, замонамизнинг энг ёрқин футболчиларидан бирини таркибга қўшиб олиш ҳам «Қироллик клуби» ва унинг президенти Флорентино Переснинг орзуси эди. Мадрид клуби бош мураббийи Зинедин Зидан Азарнинг болаликдаги кумири бўлган, мураббий ҳам футболчи ҳақида ҳамиша илиқ фикрлар билдирган. У 2010 йилдаёқ, Азар ҳали «Лилль»далигидаёқ уни ҳеч иккиланмай трансфер қилишга тайёр бўлиши ҳақида гапирган.

Унинг Азар трансферидаги роли катта, у бир неча марта футболчи билан шахсан трансфер хусусида гаплашган. Бу тарихдан хабардор бўлмаганлар ҳам буни трансфер қиймати орқали тушуниб олишлари мумкин - Британия нашрлари маълумотига кўра бонуслар билан қўшиб ҳисоблаганда бу трансфер мадридликлар клуби учун рекорд қийматда бўлди - 130 миллион фунт. «Реал» охирги марта 5 йил муқаддам бундай миқёсдаги трансферни амалга оширган, ўшанда «Монако»дан 80 миллион еврога Хамес Родригес олиб келинганди. Ҳозирча Азарнинг Мадрид клубидаги маоши миқдори маълум эмас, аммо унинг шартномаси 5 йил муддатга тузилади.

Шунингдек, Азарнинг янги рақамига эътибор қаратиш мумкин. «Челси»да у «ўнлик» эди, бу рақам лондонликлар клубида энг яхшиларнинг энг яхшисига бериларди. «Реал»да эса Эденнинг елкасида «7» рақами бўлади - «Сантяго Бернабеу»даги энг зўр рақам. Бу рақамда «Реал» афсонаси Рауль тўп сурган. Кейин Криштиану Роналду уни ўзиники қилган. Энди эса «буюк етти» чап қанотда, португалиялик юлдуз ўйнаган позицияда аъло даражада ҳаракатланувчи Азарга берилмоқда.

Чап қанот ҳужумидаги тиқилинч
Янги харид қилинганлар «Қаймоқранглилар» ўйинини қандай ўзгартира олишини муҳокама қилишга ҳали эрта. Эден кўрсатадиган ўйин барчага маълум. У ажойиб дриблинг ва юқори тезликка эга, унинг кутилмаган паслари ва қайтариб бўлмас зарбалари ҳар қандай рақибни шошириб қўяди. У асосан чап қанотда югуради. Албатта, Азар ҳужумнинг исталган нуқтасида ҳаракатлана олади, у «ўнлик» сифатида ҳам, ёки «ёлғон тўққизлик» сифатида ҳам ўйнаши мумкин. Аммо унинг ижодкорлигини чап қанотда кўришимиз мумкин. Бу қанот унга ўнг оёғида айлантириб зарба беришга жуда қулай. Умуман, у икки оёғида ҳам яхши зарба беради.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз