Узбек O'zbek
Россияда илк маротаба ўйиннинг келишилган экани расман тан олинди
Жума, 07 Июн
3692

Россия Футбол Иттифоқининг (РФИ) Назорат интизом қўмитаси «Чайка» (Песчанокопское) – «Черноморец» (Новороссийск) ўйинини келишилган эканини аниқлади.

Россияда нуфузи жиҳатидан учинчи ўринда турувчи Профессионал Футбол Лигаси доирасида ўтказилган ўйинда «Чайка» 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди.

Ўйин  ва унинг атрофидаги тафсилотлар ўрганиб чиқилганидан сўнг, РФИ томонидан бир қанча қоидабузарликлар аниқланган.

Биринчидан, «Чайка» клуби билан юқори лигага чиқиш учун курашаётган «Урожай» клубининг раҳбари Градиленко «Черноморец» клубига ғалаба учун 500 минг рубль мукофот ваъда қилган. Бу таклифни «Черноморец» бош мураббийи Дишеков ўйиндан олдин футболчиларга эълон қилган.

Бироқ, 1-бўлимдан кейин, ҳисоб 1:1 бўлиб турганида, «Черноморец» ҳимоячилари Пуляев, Резников ва Юдин хатоларга йўл қўйиб, рақибнинг осонликча 2та гол уришига имкон яратиб беришган. Бу билан «Урожай» клуби билан келишувни бузишган. Натижада, ўйин пайтида ва ўйиндан кейин Пуляев, Резников ва Юдин билан «Черноморец»нинг бошқа футболчилари орасида низо келиб чиққан. Ўз мақсадига эришолмаган Градиленко эса ижтимоий тармоқларда ўйиннинг келишилган экани ҳақида жар солган.

«Черноморец» футболчилари РФИ томонидан ўтказилган суриштирув жараёнида Пуляев, Резников ва Юдиннинг ўйинни бой бериш эвазига кимдандир 1-2 миллион рубль олиши кераклигини (бу ҳали аниқланмоқда) таъкидлашган. Пуляев, Резников ва Юдин буни тасдиқлаб, кейинчалик пулни ҳамма билан бўлишиб олишни мақсад қилишганини айтишган.

РФИ аниқланган фактлар бўйича қуйидагича қарор чиқарди: 

-  Градиленко ўйин натижасига таъсир қилишда айбдор деб топилиб, 1 йилга футболдаги фаолиятдан четлатилди.
-  Дишеков ўйин натижасига таъсир қилиш учун «Черноморец» футболчиларига босим ўтказганликда айбдор деб топилиб, 1 йилга футболдаги фаолиятдан четлатилди.
-  «Черноморец» футболчиларидан Резников, Юдин ва Пуляев 3 йилга дисквалификация қилинди.
-  Ўйин натижаси ўзгаришсиз қолдирилди, чунки қўшимча суриштирув ишлари давом этмоқда.

РФИ маълумотига кўра, ҳозирги кунда ўйин ва унинг атрофидаги тафсилотлар ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари томонидан ҳам ўрганилмоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз