Узбек O'zbek
Ёзда клубини алмаштирадиган 8 футболчи. Ким қаерга ўтади?
Жума, 07 Июн
8150

Ёзнинг илк кунларидаёқ муҳим ва шов-шувли келишувлар амалга ошиши бошланди. Ҳаммасини олдиндан ҳал қилиб қўйишни истаганлар баҳорда ёки ҳатто қишдаёқ ҳаракат бошлаганди. Яна кимлардадир эса вақт талаб этилмоқда. Айрим юлдуз футболчилар эса шу ёзда жамоасини алмаштиради, аммо уларнинг бўлажак жамоаси ҳозирча аниқ эмас.

1. Матейс де Лигт, «Аякс»
Transfermarkt бўйича баҳоси – 70 млн евро

«Аякс»нинг марказий ҳимоячиси ҳали 19 ёшда бўлишига қарамай халқаро турнирларда катта тажриба тўплашга улгурди. У терма жамоада ҳам (Англия дарвозасига), Чемпионлар лигасининг плей-офф ўйинларида ҳам (чорак финалда «Ювентус»га, яримфиналда «Тоттенҳэм»га) гол урди, «Аякс»га сардорлик қилди. Клуб раҳбарияти Матейс кейинги мавсумгача қолмаслигини тушуниб турибди. «Биз у қолишини истардик, аммо бунинг имкони йўқлигини тушунамиз. Менимча, у Англия ёки Испания клубига йўл олади», — деган Эдвин ван дер Сар. Бу эса амстердамликлар бош мураббийи Эрика тен Хаагнинг сўзлари: «Де Лигтни таркибда сақлаб қолиш иложсиз. Жуда кўп жамоалар уни ўз таркибида кўришни истамоқда. Якунда у қаерга ўтишини билмаймиз – «Барселона»гами, «Бавария»гами. Кўринишидан, унинг ўзи ҳам буни билмайди. Аммо клуб унинг кетишига кўниб бўлган».

2. Николя Пепе, «Лилль»
Transfermarkt бўйича баҳоси – 65 млн евро

Ивуарлик вингер Франция лигасида порлади ва «Лилль» президенти апрель ойидаёқ унинг кетиши масаласи «ҳал бўлиб улгурган масала» эканини айтди. Футболчи ва клуб энди таклифлар орасидан энг маъқулини танлаши керак. Бу эса осон эмас: Пепе учун навбатлар ҳосил бўлган. Баҳорда «Интер» унинг трансфери учун 60 млн евро евро таклиф қилаётганди, ҳозир эса футболчи учун «МЮ», «ПСЖ», «Бавария» ва «Ливерпуль» клублари рақобат қилмоқда. L'Equipe маълумотига кўра, инглизлар футболчи учун 80 млн евро тўлашга тайёр. Буни тўғри тушуниш мумкин: Лиганинг 35 ўйинида 34 голда иштирок этган (20 гол ва 14 голли пас) футболчи учун ҳар қанча харажат қилса арзийди.

3. Хуан Мата, «Манчестер Юнайтед»
Transfermarkt бўйича баҳоси – 25 млн евро

Май ойи бошида «МЮ» раҳбарияти Хуанга навбатдаги марта шартномани узайтириш бўйича таклиф берганди, футболчи эса навбатдаги марта таклифни рад этди. Энди июнь ойи охирида у эркин агентга айланади. Ҳозирча у кейинги мавсумда қаерда ўйнаши маълум эмас. Январь ойида у «Барселона» билан музокаралар ўтказаётгани тўғрисида хабарлар тарқалганди, аммо томонлар ҳозиргача келиша олишмади. Мата клубсиз қолмаслиги аниқ: айни вақтда 31 ёшда бўлган ҳавбек Европадаги бир неча гранддан ташқари бошқа исталган жамоани кучайтира олади, у сўрайдиган маош ҳам (3 йиллик шартнома ва йилига 5 млн евро) ҳозирги ўлчовларга кўра камтаргина. Қолаверса, у эркин агент сифатида бўлажак клубига текинга тушади.

4. Гарет Бэйл, «Реал»
Transfermarkt бўйича баҳоси – 70 млн евро

Ҳеч бир футболчи Зинедин Зидан Гарет Бэйлга қилган эътиборсизликни кўрмаган бўлса керак. Чемпионат якунида формаси жойида бўлсада мураббий уни ўйинларга заявка қилмай ҳам қўйди. Мураббий ўз ҳаракатларида ҳам, сўзларида ҳам уэльслик футболчига жамоада жой йўқлигини яширмади. «Мен бошқа футболчиларга ишонч билдирмоқдаман, менимча, бу очиқ кўриниб турибди. Таркиб бўйича қарорни мен қабул қиламан, кимдир буни қабул қилишга қийналса ҳам» — шунда жавоб берганди Зидан Гаретнинг Мадриддаги келажаги ҳақидаги саволга. Лекин Бэйлнинг агенти мижозига янги клуб ахтаришга шошилмаяпти, у мавсумлар оралиғида мураббийнинг фикри ўзгаришидан умид қилмоқда. Лекин бунинг эҳтимоли жуда кам.

5. Кейлор Навас, «Реал»
Transfermarkt бўйича баҳоси – 12 млн евро

Мадриддаги AS нашри май ойида Чемпионлар лигасининг 3 карра ғолиби у жамоанинг кейинги мавсум учун режаларига кирмаслигидан хабардор қилингани ҳақида хабар тарқатди. У Зиданнинг «қора рўйхати»га қўшилган эди. Ҳозир «Реал» ва футболчининг агенти унга янги клуб қидирмоқда. Эҳтимоли юқори бўлган вариантлардан бири «ПСЖ» ҳисобланади, клуб Навас ёки Давид де Хеадан бирини сафига қўшиб олмоқчи. Шу билан биргаликда, агар Парижга испаниялик дарвозабон йўл оладиган бўлса, коста-рикалик посбон «МЮ»да унинг ўрнини эгаллайди. Бу ҳолатда, Навас Погбанинг Мадридга трансферининг бир қисмига айланиши ҳам мумкин.

6. Адриен Рабьо, «ПСЖ»
Transfermarkt бўйича баҳоси – 35 млн евро

«ПСЖ» тарбияланувчиси бўлган бу футболчи клуб билан янги шартнома тузиши ва клубнинг афсоналаридан бирига айланиши ҳам мумкин эди. Аммо бунинг ўрнига у «Барселона»га ўтмоқчи бўлди. Унинг онаси эса (она агент ҳам) – ўғлини каталонлар клубига трансфер қилиш орқали 10 миллион евро миқдорида бонус ишлаб олишни кўзлади. «ПСЖ»нинг позицияси эса кутилмаганда жуда қатъий бўлиб чиқди: Рабьо ўтган йилнинг декабрида таркибдан четлатилди ва янги шартномага қўл қўймагунича таркибга қайтарилмаслиги маълум қилинди. Футболчи бўйин бермади ва 2018 йилнинг декабридан буён ўйин амалиётисиз қолмоқда. Унинг трансфер қиймати ўтган вақт ичида 50 млн евродан 35 млн еврогача тушди. «ПСЖ» билан шартнома муддати 30 июнга қадар, аммо муаммо шундаки, «Барселона» Рабьо билан бир позицияда ўйновчи Френки де Йонгни сотиб олган ва энди асосий эътиборини де Лигт ва Гризманнга қаратган. Умуман, бу жамоа марказий яримҳимоя чизиғидаги муаммоларни ҳал қилиб бўлган ва бошқа позицияларини кучайтириш учун иш олиб бормоқда.

Футболчи агентини алмаштирди ва ҳамон каталонияликлар клубига ўтишни орзу қилмоқда. Бу вақтда эса унга «Тоттенҳэм»дан қизиқиш мавжуд. Аммо бу клубга ўтса, футболчи маоши сезиларли даражада камайишига рози бўлишига тўғри келади.

7. Мауро Икарди, «Интер»
Transfermarkt бўйича баҳоси – 80 млн евро

Бир йил муқаддам аргентиналик футболчи учун харидорлар етарли эди, «Интер» эса унинг трансфер нархини кўтариш учун у билан янги шартнома имзоламоқчи бўлганди. 110 млн евро жуда кам кўринганди. Бир мавсум ўтиб эса вазият кескин ўзгариб кетди: энди «Интер» аргентиналик ҳужумчисини сотиб юбормоқчи, аммо ҳеч бир клуб унинг учун ҳатто 80 млн евро таклиф қилмаяпти. Икарди ўтган мавсум давомида жамоадошлари билан, Спаллетти билан, раҳбарият билан, мухлислар билан уришиб чиқди – умуман олганда, у кейинги мавсумда ҳам жамоада қолишини тасаввур қилиб бўлмайди. Қолаверса жамоанинг янги бош мураббийи Антонио Конте бебош футболчидан қутулишни мақсад қилган, Икарди унинг кейинги мавсум учун режаларидан ўрин олмаган.

8. Антуан Гризманн, «Атлетико»
Transfermarkt бўйича нархи – 150 млн евро

Мавсум якунида Гризманн «Атлетико» мухлислари билан хайрлашди. Кейин клуб президенти Энрике Сересо футболчининг қароридан ранжиганини айтди. Унинг «Барселона»га трансфери шу кунларда амалга ошиши керак эди. Аммо турғунлик юзага келди - ҳамма жимиб кетди.  Антуаннинг ўзидан кейинги мавсумда қайси клубда ўйнашини сўрашганида эса шундай жавоб берди: «Яхши савол. Билмайман».

Нималар бўлмоқда? Афтидан, «Барселона» футболчилари унинг келишини маъқуллашмаган. Маълум бўлишича, футболчилар уни кутишмаётгани ҳақида клуб раҳбариятига жамоа етакчиси Лео Месси етказган. Ўз навбатида Эрнесто Вальверде уни жамоада кўришни истаётгани ҳақида айтган. Гризманнда бошқа клублардан ҳам таклифлар бор –  «МЮ» ва «Бавария» ҳам унга анчадан буён қизиқиб келади. Умуман олганда, бутунлай чигал вазият.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз