Узбек O'zbek
«Реал»да янгиланиш. Йович трансфери ҳал бўлди, яна кимлар нишонда?
Пайшанба, 06 Июн
11394

Оғир мавсум, ўйиндаги муаммолар ва мураббийлар қўнимсизлигидан кейин «Реал» ёзги трансферлар ойнаси очилишини сабрсизлик билан кута бошлади. Флорентино Перес буткул ҳалокатга йўлиқмаслик учун Зинедин Зиданни қайтарди ва янги футболчилар харид қилиш учун карт-бланш тақдим этди. Le Parisien нашри маълумотига кўра, Мадрид клуби раҳбарияти ёзги трансферлар учун 600 миллион евро ажраган.

«Реал» бу пулларнинг бир қисмини трансферлар дарчаси очилишидан олдин сарфлаб бўлди: «Порту»дан 21 ёшли ҳимоячи Эдер Милитао (50 миллион евро) ва «Сантос»дан 18 ёшли вингер Родриго (45 миллион евро) харид қилинди. Аниқки, бу ёш бразилияликлар испан грандининг «иштаҳаси»ни қондира олмасди. Шу кунларда «Айнтрахт»дан 21 ёшли сербиялик ҳужумчи Лука Йович «Реал»га келиши эълон қилинди. ОАВ маълумотига кўра, «Қироллик клуби» бу трансфер учун 60 миллион евро тўлайди.

Яқин вақтларда Мадрид клуби яна бир неча шов-шувли трансферларни амалга ошириши кутилмоқда.

Эден Азар («Челси»)

Фото: Дмитрий Голубович, «Чемпионат»

«Челси» етакчиси ўз кумири билан бирлашуви - амалда ҳал бўлган масала. Азар бир неча йилдан буён тинимсиз равишда «Реал»га симпатиясини яширмай келади. Ниҳоят унинг орзуси ушалмоқда. Лондон клубида 7 йилдан буён тўп суриб келаётган бельгиялик ҳужумчининг амалдаги шартномаси кейинги йилда тугайди ва у шартномани узайтирмасликка қарор қилди. Шу туфайли, унинг трансфер қиймати камтаргина - «Реал» уни 110 миллион евро тўлаб (яна 15 миллион евро миқдоридаги бонуслар ваъда қилиб) ўзиники қилиши мумкин. «Челси» эса кетишни истаётган футболчисини ушлаб ўтирмай, уни кейинги йил текинга қўйиб юборгандан кўра бу йил сотишга рози бўлади. 

Нима бўлган тақдирда ҳам Азарнинг трансфери - «қаймоқранглилар» учун катта муваффақият. Шунча йилдан буён Лондон клубида барқарор ўйин кўрсатиб келган бу футболчи «Реал»да ўзини кўрсата олмаслигига ишониш қийин.

Кристиан Эриксен («Тоттенҳэм»)

​​​​​Фото: Giuseppe Maffia/NurPhoto via Getty Images

Эриксен бўйича музокаралар эса «Реал» учун у қадар осон кечмаяпти. Ўзининг суперхасислиги билан танилган «шпорлар» президенти Дэниэл Леви футболчи учун 100 миллион фунтдан ортиқ маблағ (113 миллион евро) сўрамоқда. «Қаймоқранглилар» эса бунча тўлашга рози бўлишмаяпти. Бундан аввалроқ клуб «шпорлар»нинг 132 миллион евролик талабига (150 миллион евро) рози бўлмаган.

Мадрид клуби даниялик футболчини 33 ёшли Модрич учун муносиб ўринбосар сифатида кўришмоқда. Кристиан рақиб дарвозасига яқинроқ ҳаракат қилсада, унинг вазифаси хорватиялик футболчиники билан ўхшаш. Эриксен Мадрид клубида ҳимоя ва ҳужумни боғлаш вазифасини бажариши керак бўлади. Бу икки футболчи жамоада асосий яратувчилар ва ҳужумлар ривожлантирилиши учун масъуллар бўлишади.

Якунланган мавсумда «Тоттенҳэм» яримҳимоячиси амалга оширган голли паслар ва ҳал қилувчи паслар сони «Реал» яримҳимоячисиникидан анча кўпроқ бўлди. Бошқа томондан, Модрич ҳимояланишда Эриксендан устунроқ. Аммо «Реал»да «тозаловчи» вазифасини асосан Каземиро бажаради ва бу ҳолатда Эриксен ҳимояга қайтишига талаб бўлмайди.

Охирги хабарларга кўра даниялик футболчи «Тоттенҳэм» раҳбариятига шу ёзда кетиш истагини билдирди ва унинг «Реал»га трансферини осонлаштириши мумкин.

Лука Йович «Айнтрахт»

Германия Бундеслигасида ва Европа Лигасида порлаган «Айнтрахт» ҳужумчиси билан «Реал» аллақачон келишувга эришди. Унга кўра сербиялик футболчи кейинги 6 мавсумни Мадридда ўтказади - 2025 йилгача. Шу кунларда футболчи «Қироллик клуби» учун тиббий кўрикдан ўтиши кутилмоқда. Келишувнинг молиявий жиҳатлари ошкор этилмади, аммо ОАВ маълумотига кўра, бу трансфер Перес учун 60-70 миллион еврога тушмоқда.

Ферлан Менди («Олимпик Лион»)

Бир неча кун олдин Marca нашрида «Лион» латерали «Реал»га ўтиши, бу футболчи ҳам шу кунларда Мадридда тиббик кўрикдан ўтиши, трансфер қиймати 50 миллион евро атрофида бўлиши хабар қилинди. 

Якунланган мавсумда ушбу французда жиддий ўсиш кузатилди ва у Whoscored талқинига кўра Лига 1 рамзий терма жамоасидан жой олди. Ферлан юқори тезликка эга, унинг дриблинги кучли ва ҳар ўйинда ўртача 1,3 марта ҳал қилувчи пас беради. Бундан ташқари, ёш футболчи таянч яримҳимоясида рақибдан тўп олиб қўйишда ва узатмаларни тўсиб қолишда яхши ҳаракат қилади. Кўп эҳтимол билан янги мавсумда Марсело ва Регилонга асосий таркиб учун курашда жиддий рақиб пайдо бўлади.

5 июнь куни «Лион» расмий сайтида Ферлан Менди ҳақидаги хабарлар рад этилди. Аммо бу «Лион»нинг футболчиси нархини ошириш учун одатдаги ҳаракати бўлиши ҳақиқатга яқинроқ.

Жоау Фелиш («Бенфика»)

«Бенфика»нинг ёш футболчиси учун Европадаги топ-клублар «ов бошлаган». «Реал»дан ташқари «Манчестер Юнайтед», «Атлетико» ва «Ювентус» ҳам бу талант учун харидор. Бу клублар форвард учун таклифлар йўллаган, аммо ҳозирча ҳеч қайси клуб «бургутлар» раҳбарияти билан келишувга эриша олмаяпти.

«Бизнинг мақсадимиз - таркибни сақлаб қолиш. Кимдир Фелиш учун 100 миллион евро таклиф қилса ҳам, биз уни сотмаймиз. Португалияда ҳали ҳеч бир футболчи бу қадар катта суммага трансфер қилинмаган, аммо биз майдонда ғолиб чиқишни истаймиз ва бунинг учун барча ишни қиламиз. Агар бизга 120 миллион евро тўланмаса, Жоау шу ерда қолади», деди «Бенфика» клуби ижрочи директори Домингос Соареш де Оливейра.

Жоау Фелиш Фото: Gualter Fatia/Getty Images

Якунланган мавсумда 19 ёшли вундеркинд 38 ўйинда 19 гол урди ва 8 марта голли пас узатди. Ҳозирда «Реал» бу ёш футболчи учун бунча катта маблағ сарфлаши эҳтимолдан йироқ.

Поль Погба («Манчестер Юнайтед»

Март ойидаёқ Погба Зидан ва «Реал» учун ўйнаш - ҳар қандай футболчининг орзуси эканини айтганди. Франциялик мутахассиснинг ўзи ҳам одатига қарши бориб, бу франциялик ватандоши ўз жамоасига келишига қарши эмаслигини билдирди (одатда у эҳтимолий трансферлар ҳақидаги саволларга сўралган футболчи бошқа клубга тегишли эканини айтиб, саволдан қочар эди). Аммо футболчи учун тўлаш керак бўлган катта маблағ (150 миллион евро) туфайли Флорентино Пересни бу трансферга рўйхушлик бермаяпти.

Ҳозирда «Реал» президенти Погба учун катта пул беришдан қочиб, уни Зиданга керак бўлмаган футболчилардан бирига (Гарет Бэйл, Хамес Родригес ва Кейлор Навас) алмаштириш вариантларини изламоқда.

Бошқа томондан «МЮ» ўзининг асосий етакчисини таркибда сақлаб қолиш учун ҳаракат қилмоқда. Сульшер франциялик футболчи кетиб қолмаслиги учун унга сардорлик боғичини топширишга ҳам тайёр. Лекин бу совринлар илинжида бўлган футболчини тўхтатиб қолиши даргумон.

Агар Погба «Реал»га ўтса, Зидан Моуриньонинг хатосини такрорлмаслиги ва унга ҳимоявий вазифалар юкламаслиги керак бўлади. Поль фақат эркин ижодкор сифатида ҳаракатланганидагина жамоага фойда келтириши мумкин.

Килиан Мбаппе («ПСЖ»)

«Реал»нинг яна бир трансфер нишони эса деярли фантастика. Зидан жамоага қайтган илк кунларда «Реал» ёзда бу ёш француз учун курашиши ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо бу трансфер амалга ошиши эҳтимоли кундан кунга камаймоқда. 

Неймар билан зиддиятга ва «ПСЖ»даги вазияти ҳақидаги қарама-қарши сўзларига қарамасдан 19 ёшли ҳужумчи клубини алмаштиришга шошилмаётганга ўхшайди. Аввалига Перес Мбаппе трансфери бўйича ҳеч қандай режа йўқлигини маълум қилди, Зидан эса Мбаппе ўз клубида яхши ўйнаётганини таъкидлади.

Аммо охирги хабарларга кўра, Мбаппе Париждан кетишга қатъий қарор қилган, унинг отаси эса Цюрихда футбол оламидаги нуфузли шахслардан бири билан учрашиб, ўғлининг келажагини муҳокама қилган.

Фото: Michael Steele/Getty Images

Мадрид клуби қаттиқ ҳаракат қилса, катта нарх белгилаб қўйилганига қарамай бу ҳужумчини қўлга киритиши мумкин ( ОАВ маълумотига кўра, парижликлар Европанинг Мессидан кейинги иккинчи энг яхши тўпурари учун 280 миллион евро талаб қилмоқда). Криштиану Роналду кетгач, «Реал»га яна бир неча йиллар мобайнида клубни ўз елкасида олиб юра оладиган етакчи керак бўлмоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз