Узбек O'zbek
Гризманн аҳмоқона вазиятда. Унинг май ойидаги баёноти хато эдими?
Сешанба, 04 Июн
12461

Бугунги кунда Гризманн - жаҳоннинг энг яхши ҳужумчиларидан биридир. У кўп гол уради, тўпсиз ҳолатда ҳам жамоа учун ўйнайди, деярли жароҳат олмайди, жаҳон чемпиони - унинг чиройли табассуми нуфузли журналларнии безайди. Ниҳоят у ҳали 28 ёшда ва ҳали юқори формада ўйнашда давом этади.

Бу ҳужумчини кўп вақтдан буён «Барселона» жиддий кузатмоқда. Бир неча йилдан буён испан нашрлари трансфер амалга ошиши ҳақида ёзиб келишади. 2017 йил ёзидаёқ франциялик футболчи «Атлетико»дан «Барса»га ўтаётгани ҳақида шов-шувли хабарлар берилганди. Бу хабарлар «Гризманн иши»га айланиб кетган, Мадрид клуби каталонияликларни клубни айланиб ўтиб, футболчининг ўзи билан музокара ўтказишда айблаган ва «Барселона»га санкциялар қўллашни талаб этганди.

2018 йил ёзида эса Жерар Пикега тегишли Kosmos Studios фирмаси Гризманн учун ҳужжатли фильм ишлади. «Қарор» номли картинанинг биринчи қисмида Антуан «Барселона»нинг таклифини кўриб чиқаётгани ҳақида айтилади.

Аммо фильм якунида ҳужумчи каталонияликлар таклифини рад қилиши билан якунланади. Ўшанда футболчи трансферлар тақиқига учраган Мадрид клубига ёрдам беришга қарор қилганди. «Барселона» эса унинг қароридан қаттиқ хафа бўлди. Испан нашрлари маълумотига кўра, «Атлетико» уни таркибда сақлаб қолиш учун йилига 20 миллион евролик шартнома таклиф қилганди - бу «Атлетико»даги энг катта маош эди. «Барселона»нинг таклифи эса 17 миллион евролик бўлганди.

Ўшанда Гризманн шундай ҳолатда қолгандики, ундан «Атлетико»дагилар ҳам, «Барселона»дагилар ҳам норози бўлиб қолишганди. Каталонияликлар унинг фильмдаги беқарорлиги ва рад жавоби учун айблашди, «Атлетико» мухлислари эса футболчини маошини кўтариб олиш учун рол ўйнашда ва мавсумнинг биринчи қисмини барбод қилишда айблашди. Ўшанда Гризманн мавсум стартидаги 14 турда атиги 3 гол урди - у барча ўйинларда бошланғич таркибда ҳаракат қилганди (шу билан бирга у барча турнирлар доирасидаги барча 21 ўйинда 15 гол урганди).

2019 йилнинг 14 майида «Атлетико» расмий сайтида муҳим янгилик пайдо бўлди. Унда Гризманн клуб раҳбариятини «Атлетико»даги 5 йиллик фаолиятдан кейин клубни тарк этиши ва янги мавсумда бошқа клубда тўп суриши ҳақида хабардор қилгани айтилганди. Кўринишидан Гризманнинг келажаги масаласи аниқдек эди. Аммо барчаси бир текисда ривожланмади. Мавсум якунланди, аммо «Барселона» унинг трансфери ҳақида маълумот бермади. Лекин турли миш-мишлар тарқалмоқда. Масалан, Хавидан. У ўз изоҳида франциялик футболчи трансфери борасидаги «муаммо» ҳақида гапирди.

«У ўтган йилда қилган иш одамни хафа қилади. «Барса» футболчилари уни ўтган йилги иши туфайли кўришни истамаяпти, мен эса бунинг ўрнига у билан гаплашиб, ундан жамоа учун нима бера олишини сўраган бўлардим. Унинг трансферини ким истамоқда? Президентми? Мураббийми? Агар мен «Барселона»ни шуғуллантирганимда мен трансфер бўйича охирги сўзни ўзимда қолдирган бўлардим. Агар Вальверде ҳам уни клубда кўришни истамаётган бўлса бошқа гап»

Испаниядаги энг нуфузли нашрлардан бири бўлмиш Marca маълумотига кўра, «Барселона» футболчилари ўтган йили трансферни барбод қилгани учун Гризманнинг келишини исташмаяпти. Унинг 2018 йил ноябрида берган интервьюси ҳам каталонияликларда унга ишончсизлик пайдо қилган бўлиши мумкин. У Canal+ телеканали учун берган интервьюсида «Барселона» таклифини нега рад этганини шундай изоҳлаганди: «Балки Мессининг лейтенанти ролини бажаргим келмагандир».

Кучли ибора, тўғрими? Қайсидир футболчи жаҳоннинг энг яхши футболчиси билан ёнма-ён тўп суришни орзу қилади, қайсидир футболчи эса унинг соясида қолишни истамайди.

Шу тариқа, Гризманн яна аҳмоқона вазиятга тушиб қолган. «Атлетико» мухлислари унга ҳуштакбозлик қилишни бошлаб юборишган. Мадрид клуби билан 2023 йил ёзига қадар шартномага эга бўлсада, у кетишини эълон қилиб бўлган. Аммо «Барселона»да уни кутишмаяпти. Камида футболчилар ва клуб раҳбариятининг бир қисми. «Барселона»нинг собиқ бош мураббийи ва президент маслаҳатчиси Карлес Решак бу ҳақда очиқ гапирди: «Барселона» Гризманн ҳақида сўради. Менга қолса Гризманни сотиб олмаган бўлардим. У Месси билан бир позицияда ўйнайди. Менга қолса «Барселона»га муносиб бошқа вариантларни қидирардим».

Примеранинг энг кутилган трансфери бошқа сабаблар билан ҳам барбод бўлиши мумкин. Жамоада Месси ва Суаресдан ташқари ҳужумда Малком, Дембеле ва Коутиньо ҳам бор. 4-4-2 схемасида ноқулай вазият юзага келади. Агар Гризманнинг трансфери амалга ошса, кимдандир халос бўлишга тўғри келади.

«Барселона» эса «Аякс» етакчиси Френки де Йонг трансфери учун 75 миллион евро сарфлаб бўлди. Ҳозир каталонияликлар амстердамликларнинг бошқа бир етакчиси Маттейс де Лигт учун даъвогар бўлиб турибди. Нархи 60-70 миллион евро атрофида бўлган бу 19 ёшли марказий ҳимоячи учун «МЮ» ҳам жиддий даъвогарлик қилмоқда ва бу унинг нархини янада оширади. Бундан кўриш мумкинки, «Барселона» Гризманни трансфер қилиши эҳтимоли янада камаяди. Франциялик футболчининг «Атлетико» билан шартномасига кўра бадал пули 200 миллион евро этиб белгиланган, аммо 1 июлдан бу миқдор 120 миллион еврога тушади. Аммо бу ҳам кам сумма эмас. Айниқса, Коутиньонинг трансфери ўзини оқламаганидан кейин каталонияликлар пул сарфлашда эҳтиёткор бўлиб қолишгани назарда тутилса.

«Атлетико» эса принцип қилиб, Гризманни асосий рақобатчисига осонлик билан бериб юбормасликка ва уни бадал пулидан арзонга бермасликка ҳаракат қилиши тайин.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз