Узбек O'zbek
«Манчестер Сити» Гвардиоланинг «Ювентус»га кетиши ҳақидаги хабарни рад этди
Пайшанба, 23 Май
2822

«Манчестер Сити» жамоа бош мураббийи Хосеп Гвардиола «Ювентус»га ишга ўтаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда клуб расмийси Альберто Галассига асосланиб, Sky Sport Italia хабар бермоқда.

«Директорлар кенгаши аъзоси сифатида бу ҳақда янгиликни ўқиб ҳайрон бўлдим. У – клубимиз мураббийи ва у жамоамизда қолишни хоҳлайди. У ҳақда ёзилган гаплар – ёлғон.

Ҳар қандай жиддий клуб биринчи навбатда мураббийнинг клуби билан боғланади. Гвардиоланинг «Ювентус» бош мураббийи этиб тайинланишига бир неча кун қолганида «Сити»нинг бу ҳақида билмаслиги – беъманилик. Бу хабар асосга эга эмас.

Клуб Гвардиола «Манчестер Сити»дан кетмоқчи эмас, деб қайта-қайта таъкидлашига зарурат бормикан, шуни тушуна олмаяпмиз. Кун тартибида бундай масала мавжуд эмас», – деди Галасси.

Бугун Италиянинг RAI Sport телеканали ўз манбасига иқтибос келтирган ҳолда Гвардиола 4 июнь куни «Юве» билан шартнома имзолаши, 10 кундан кейин эса бош мураббийи сифатида жамоатчиликка таништирилиши ҳақида маълумот тарқатди.

Хабарда 48 ёшли мутахассис туринликлар жамоаси билан 4 йиллик шартнома тузиши ва йилига 24 миллион евро миқдорида маош олиши айтилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Гвардиола «Манчестер Сити»да 2016 йил ёзидан буён ишлаб келмоқда. «Ювентус» эса 17 май куни 5 йилдан буён бош мураббий лавозимини эгаллаб келган Массимилиано Аллегри билан ҳамкорлик тўхтатилишини эълон қилди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз