Узбек O'zbek
Мбаппе иккита шахсий совринни қўлга киритди ва «ПСЖ»дан кетиши мумкинлигига ишора қилди
Душанба, 20 Май
13547

«ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппе Франция футболчилар касаба уюшмасидаги тақдирлаш маросимида клубини ўзгартириши мумкинлигига шаъма қилди.

Кеча 20 ёшли футболчи Франциянинг энг яхши футболчиси ва мавсумнинг энг яхши ёш футболчиси совринларини қабул қилиб олди.

«Мен учун катта шараф. Мавсумнинг энг яхши ўйинчиси – менга етишмаётган ягона соврин эди. Мен ҳақиқатан ҳам жуда хурсандман.

Аввало, мен бу совринни Носир ал-Ҳелайфига («ПСЖ» президенти – Tribuna) бағишлаган бўлардим. Ундан жуда ҳам миннатдорман, клубга келган биринчи кунимданоқ у доимо мен билан самимий муносабатда.

Шу ерда бўлиб турган барчани, чемпионат ташкилотчиларига ҳам раҳмат айтмоқчиман. Тўрт йилдан бери биринчи дивизионда ўйнаяпман. Бу ерда кўплаб ҳис-ҳаяжонли воқеаларни бошдан кечирдим.

Биринчи навбатда «Монако», бу жамоада чемпионлик бўлишни уддалагандик. Кейин мутлақо бошқа лойиҳа – «ПСЖ»га ўтдим ва тез орада жамоага мослашиб кета олдим. Албатта, баъзи кўнгилхираликлар ҳам бўлди, бироқ бу ҳам футболнинг бир қисми. Биз Франция чемпионатида ғолиб чиқдик ва буни компенсация деб аташ мумкин.

Яна бир бор жамоадошларимга, мураббий ва клубга миннатдорчилик изҳор этмоқчиман. Ҳозир ҳаётимнинг жуда муҳим палласи. Менимча, фаолиятимдаги биринчи ёки иккинчи бурилиш нуқтасига яқинлашяпман.

Ўйлайманки, бу ерда кўп нарсаларни ўргандим ва энди, балки, масъулиятни елкамга оладиган пайт келганини ҳис қиляпман. Умид қиламанки, бу «ПСЖ»да бўлади ва бундан фақат хурсанд бўламан. Ёки, эҳтимол, бу бошқа жойда, янги бир янги лойиҳада бўлар», – деган Мбаппенинг сўзларини келтирмоқда L’Equipe.

Маълумот учун, 7-рақам эгаси бу мавсум биринчи дивизионнинг 28та ўйинида 32та гол урди ва 7та голга ассистентлик қилди. У ёзда «Реал» сафига ўтиши кутилмоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз