Узбек O'zbek
Ўзбек спортида Умид Аҳмаджонов даври: у нималарга эриша олди?
Якшанба, 19 Май
7099

Якунланаётган ҳафта Ўзбекистон спортидаги энг асосий янгилик – раҳбариятдаги кутилмаган ўзгариш бўлди. 15 май куни Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ушбу лавозимдаги салкам бир ярим йиллик фаолиятидан сўнг истеъфога чиқди.

Шу куни қўмита Бош ассамблеясининг навбатдан ташқари мажлиси чақирилди. Унда ассамблеянинг 32 аъзоси ва мамлакат спорти мутасаддиларидан ташқари ҳукумат ва президент администрацияси мулозимлари ҳам қатнашди. Мажлисда бунга қадар Тошкент шаҳри ҳокими, вазир ва депутат сифатида фаолият юритган, айни пайтда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси ва Вазирлар Маҳкамасида дирекция директори лавозимида ишлаётган Рустам Шоабдураҳмонов МОҚ янги президенти этиб сайланди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

«Анчадан бери шунга қараб келаётганди»

Ушбу ўзгариш нафақат спорт жамоатчилиги учун кутилмаган янгилик, балки ҳукумат учун ҳам шошилинч қарор бўлганини тахмин қилиш мумкин. Чунки истеъфодан бир кун олдин, 14 май куни Вазирлар Маҳкамасининг 401-сонли қарори имзоланган, ушбу қарорда ёзги Осиё ўйинларини Ўзбекистонда ўтказишга тайёргарлик бўйича республика ишчи гуруҳи раисининг ўринбосари сифатида Умид Аҳмаджонов кўрсатиб ўтилганди.

Аммо 15 май кунги йиғилишда бош вазир Абдулла Арипов вазият «анчадан бери» мазкур ўзгаришни тақозо этиб келганини қайд этиб ўтди.

«Бу анча жиддий масала. Анчадан бери шунга қараб келаётганди.

Олдимизда катта тадбирлар, синовлар бор. Очиғини айтсак, сизлар билан спортимизнинг ҳозирги кундаги аҳволи қандай, Олимпиадага қанчалик тайёрмиз, тўғри йўлдан кетяпмизми, деган масалаларни гаплашадиган пайтимизда, афсуски, ташкилий масалани кўриб чиқяпмиз», – деди ҳукумат раҳбари.

Арипов Аҳмаджоновнинг ишдан кетишини изоҳлар экан, унда мазкур лавозимдаги шахс учун зарурий фазилатлар кузатилмаганини таъкидлади:

«Президентимиз Миллий олимпия қўмитаси олдига катта ва масъулиятли вазифаларни қўймоқдалар. Мазкур топшириқларни бажариш учун раҳбар яхши бошқарувчи бўлиши, спортчилар билан яқин ва самимий муносабатда бўлиб, уларни йирик ва нуфузли мусобақаларга тайёрлаши, молиявий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш қобилиятига эга бўлиши лозим. Афсуски, Аҳмаджонов фаолиятида булар кўзга ташланмади».

17 йиллик карьера чўққиси

Халқаро Олимпия Қўмитаси президенти Томас Бах билан

ЎФФга президент бўлгунича Умид Аҳмаджонов номи кўпчиликка таниш эмасди. Унинг икки йил олдин Ўзбекистон футболи тепасига келиши қанчалик кутилмаган қарор бўлган бўлса, навбатдаги Олимпиадага 14 ой қолганда мамлакатда олимпия ҳаракатининг бош етакчиси постидан кетиши ҳам шунчалик тушунарсиз бўлди.

Аҳмаджонов спортдаги раҳбарлик фаолиятини 2002 йилда Ўзбекистон ногиронлар спорт федерацияси бош котиби сифатида бошлаган. 2007 йилдан кейин 10 йил давомида Миллий паралимпия ассоциациясида бош котиб ва раис ўринбосари лавозимларида ишлади. Бу вақтда Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси ўринбосари сифатида ҳам фаолият юритди. 2016 йилги Рио Паралимпиадаси (31та медаль, 16-ўрин) унинг соҳадаги карьерасида бурилиш нуқтаси бўлганди.

2017 йил бошида Умид Аҳмаджонов Миллий олимпия қўмитасида вице-президент этиб сайланди. Кўп ўтмай, у Дзюдо федерацияси вице-президенти Бобур Шодиев «Пахтакор» вице-президенти этиб тайинланиши ортидан мазкур клубда бош директор сифатида иш бошлади. Ўша йилнинг сентябрига бориб эса Ўзбекистон футбол федерацияси президентлигига ягона номзод сифатида ушбу мансабни эгаллади. Қисқа вақтда ўзини реформатор сифатида кўрсатган Аҳмаджонов 2018 йил бошида Миллий олимпия қўмитаси раис этиб сайланди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Аҳмаджонов МОҚнинг 27 йиллик тарихидаги 8-президент эди. У 16 ойлик фаолияти билан бу лавозимнинг ўзидан олдинги эгаси Алишер Султоновдан кейин қўмита тарихидаги иккинчи энг қисқа муддат ишлаган раҳбарга айланди. Дарвоқе, у расман ЎФФ президенти сифатида бор-йўғи 4 ой ишлаганини, сўнг ваколатларини Очилбой Раматовга топширганини эслаб ўтиш жоиз.

Шуни ҳам қўшимча қилиш ўринлики, 42 ёшли Умид Муҳаммаджонович шу йилнинг март ойида Осиё Олимпия Кенгашига вице-президент ҳам бўлганди, ООК Бош ассамблеясида: «Асосий мақсадим ХОҚ Ижроия Қўмитаси аъзолари сафидан ўрин олишдир», деб таъкидлаганди. Апрелда эса Марказий Осиё Футбол Ассоциацияси раҳбарлигидан кетди. Ҳозирча унинг ЎФА биринчи вице-президенти мансабида қолиши борасида аниқ бир нарса дейиш қийин.

МОҚда Умид Аҳмаджонов даври: ютуқ ва камчиликлар

Image result for Umid Ahmadjonov

Танқидчилари уни ўзини ҳаддан ортиқ пиар қилишга, баландпарвоз ва бир-бирига зид баёнотлар билан чиқишга мойилликда айблашади. Қуйи бўғинларга раҳбар кадрларни тайинлашда профессионал ёндашмаслигини иддао қилувчилар ҳам топилади.

Қолаверса, Умид Аҳмаджонов бирон марта телевизион кўрсатувларга чиқмагани ёки видео форматда интервью бермагани ҳам бор гап. Унинг даврида, аввал ҳам бўлганидек, Ўзбекистонда жамоавий спорт турлари оқсашда давом этди, мазкур тенденциянинг сабабларига чуқур кириб бориш ва илмий асосда таҳлил этиш томон аниқ қадамлар қўйилмади. Бунда биргина ҳоккей истисно бўлди холос.

Аҳмаджоновнинг футболдаги фаолияти ҳам камчиликлардан холи бўлмади. Унинг айрим оғзаки талаблари, масалан сигарета чеккан футболчиларни бир умрга футболдан четлатиш, футбол бўйича миллий терма жамоани ёшартириш, ўйин вақтини чўзган футболчининг жамоасига техник мағлубият ёзиш кабилар спорт менежментига зид экани билан танқидчилар эътиборини тортди.

ФИФА президенти Жанни Инфантино билан / Фото: Ўзбекистон футбол ассоциацияси

Шу билан бирга, Самвел Бабаян ва Вадим Абрамов билан боғлиқ воқеалар, Суперлига клублари сонининг беқарорлиги кабилар фақат футболда кузатилган бўлса-да, умуман олганда у ўзи бошқараётган ташкилотларда ваколати қисман бўлса-да чеклангани, у ҳали қарор қабул қилишда юқоридан мустақил бўлиш, босимларга дош бериш даражасида нуфузга эга эмаслигини ҳам кўрсатгандек бўлди.

Умид Аҳмаджонов даври ютуқлари ҳақида гап кетганда эса, аввало Ўзбекистон Жакартада ўтган Осиё ва Параосиё ўйинларида, шунингдек Буэнос-Айресдаги ўсмирлар Олимпиадасида медаллар сони ва сифатида бўйича ўз рекордларини янгилаганини таъкидлаш ўринли.

Image result for Umid Ahmadjonov

Шунингдек, 2018 йилда футбол бўйича мамлакат олимпия терма жамоаси Осиё чемпиони бўлди. Осиё ўйинларида ўзбек кураши илк марта дастурга киритилди. Жорий йил бошида эса 2022 йилги Осиё ўйинларида кураш бўйича медаллар жамланмаси 7тадан 17тага оширилишига эришилди. Ўзбекистон Осиё ўйинлари мезбонлиги учун даъвогарлик қила бошлагани ҳам МОҚнинг саккизинчи президенти бошқаруви даврига тўғри келди.

Умид Аҳмаджонов, шунингдек, 2022 йилги ёзги Олимпиадага ҳар бир йўлланма учун 100 млн сўм (медаль эмас, лицензиянинг ўзига салкам 12 минг доллар) мукофот пули, Токиодан камида 10та олтин медаль билан (амалдаги рекорддан 2,5 баробар кўпроқ) қайтишни ваъда қилди. Бу ваъдаларни ютуқлар қаторига қўшиб бўлмаслиги тайин албатта, аммо аввалги раҳбарлар билан солиштирганда, гарчи катта гапирилса-да, аниқ рақамлар билан дангал мақсадлар қўйилганининг ўзини эътироф этиш мумкин.

Танқидларга қарамай, футболда ҳам ижобий ўзгаришлар йўқ эмас. Миллий жамоанинг Тошкентда ўртоқлик ўйинлари ўтказиши йиллар давомида ноёб ҳолатга айланиб қолганди. Узоқ кутилган тайинлов – миллий ва олимпия жамоаларига хорижлик мураббийлар олиб келинди ва уларнинг ишига ҳеч ким аралашмаслигига кафолат берилди. Ўзбек футболи тарихида илк марта конкрет шахсга келишилган ўйинларни ташкил қилиш айблови қўйилиб, улар четлатилди. VAR`ни олиб кириш бўйича илк қадамлар ташланди. Клубларда кўтарма пуллари бекор қилинди, ўзбек футболчиси энг кўп маломат қилинадиган жиҳат – жисмоний тайёргарлик бўйича тестлар жорий этилди.

Янги раҳбар ҳақида нималар маълум

Рустам Шоабдураҳмонов янги лавозимдаги биринчи иш кунида олимпия ўйинлари оиласига кирган барча спорт федерация ва ассоциациялар мутасаддилари билан учрашув ташкил қилди.

«Бунгача қиличбозлик федерациясида фаолият олиб борганим боис, соҳадаги вазият менга аён. Энди қолган федерациялар билан ҳам шуғулланиб чиқамиз», – дея таъкидлади у.

Рустам Мавзурович 2017 йил июль ойидан буён Ўзбекистон қиличбозлик федерациясини бошқариб келмоқда. Бу лавозимга сайланишидан бир неча кун олдин у Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида янги тузилган Ўта муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга молик объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш дирекцияси раҳбарлигига тайинланган. 

Шоабдураҳмонов, шунингдек, турли йилларда Макроиқтисодиёт ва статистика вазири ва вазир ўринбосари сифатида ишлаган, 1999-2004 йилларда Олий Мажлис депутати, 2001-2005 йилларда Тошкент шаҳри ҳокими бўлган.

Айрим ОАВдаги маълумотларга кўра, Рустам Шоабдураҳмонов пойтахт раҳбари бўлган вақтда Тошкент пропискасига эга бўлмаган фуқароларни шаҳардан чиқариб юбориш ҳақида буйруқ чиқарган. Танқидчилари уни ҳукумат дирекциясига раҳбарлик даврида Самарқанд ва республиканинг бошқа шаҳарларидаги тарихий ҳудудларда биноларнинг бузилишига йўл қўйиб берганликда ҳам айблашади.

Комрон Чегабоев

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз