Узбек O'zbek
Видео: Гвардиола финалда 2 гол урган Стерлингга танбеҳ берди
Якшанба, 19 Май
14992

«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола яна бир бор ўзининг перфекционистлигини (мукаммалликка интилиш) намойиш этди.

Англия Кубоги финалида «шаҳарликлар» «Уотфорд»ни 6:0 ҳисобида мағлуб этишди ва мавсумдаги тўртинчи совринни қўлга киритишди (Англия Суперкубоги, Англия Лигаси Кубоги, АПЛ чемпионлиги ва Англия Кубоги).

Ҳакамнинг ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштаги янграгач, мураббий ўйинда икки гол уриб, бир голга узатма берган Раҳим Стерлингга яқинлашдида, уни хатолари учун тергай бошлади.

Кейинроқ мураббий ўз хатти-ҳаракатига изоҳ берди.

«Раҳим - бу ютуқда асосий  ишларни қилган футболчилардан бири. Аммо у биринчи бўлимда унча яхши ўйнамади. Мен айнан шундай ҳолатлар туфайли «биз бундан ҳам яхшироқ ўйнашимиз мумкин эди» деб тураман. У оддий вазиятларда тўп йўқотди. Мен ўз ёрдамчи мураббийларимдан ҳам менга хатоларимни кўрсатиб туришни сўрайман».

Қизиғи шундаки, шу йилнинг мартида АПЛ доирасидаги ўйинда ҳам Стерлинг «Уотфорд» дарвозасини 3 бор ишғол қилган ва ўшанда ҳам ўйиндан кейин Гвардиоладан танбеҳ эшитганди.

«У икки ҳолатда қанот ҳимоячиларини прессинг қилмади. Иккинчи вазиятда у шунчаки рақибни таъқиб қилишни тўхтатди. У бир неча марта тўп йўқотди, бунинг натижасида рақиб қарши ҳужумлар уюштирди. Мен албатта у бугун 3та гол урганидан хурсандман», деганди мураббий.

Пеп футболчиларга майдонда танбеҳ бериб туради

«Бавария»да бундай ҳолат Жошуа Киммих билан содир бўлганди. 2016 йилда у «Боруссия»га қарши сафар ўйинида (0:0) марказий ҳимоячи сифатида ўйнаганди ва ҳакам ўйинни якунлаганидан кейин Киммихнинг қаршисидан Пеп чиқиб келганди.

Журналистлар ўшанда Киммих тушкуликка тушиб қолишини кутишганди, аммо аслида барчаси бошқача бўлиб чиқди.

«Мен унга дунёдаги энг яхши ҳимоячи эканини айтдим. У барча ишга қодир», деганди Гвардиола.

Ҳимоячи ҳам ростини айтганди: «Ўйин давомида мен ҳимоя марказида ўйнадим. Кейин эса Ҳаби Алонсонинг ўрнига Меҳди Бенатия тушди. Мен яримҳимоячи позициясини эгалладим, аммо марказий ҳимояга ёрдам беришда давом этдим. Пеп менга қичқииб, олдинроқда ўйнашим кераклигини айта бошлади, аммо мен нега бундай қилишим кераклигини тушунмадим. Кийим алмаштириш хонасига йўл олаётганимизда у бунга изоҳ берди. У шунақа. У сени янада яхшироқ қилиш учун шундай йўл танлаши мумкин. Бу бир томондан ғалати кўринади, аммо унинг ўша ҳаракати мен учун аҳамиятли бўлганди. У футболчи учун қанчалик қайғуришини кўрсатганди».

Гвардиола ўйинлардан кейин рақиб футболчиларига ҳам маслаҳатлар бериши мумкин. 2017 йилнинг ноябрида у «Саутҳемптон» яримҳимоячиси Натан Редмондга шундай қилганди.

Редмонд кейинроқ берган изоҳида бу безбетлик бўлиб кўринган бўлсада, Гвардиола унга ҳужумкорроқ ўйнаш кераклигини, ҳимоячиларни прессинг қилиши керак бўлганини айтганини эслаб ўтди.

«Ўтган мавсумда у бизни жуда қийнаб қўйганди. Аммо бу мавсумда у агрессив бўлмаяпти, кўп ҳолларда жамоасининг ҳимояланишида қатнашмоқда. Ахир у бирга-бир вазиятларда жуда яхши ўйнайдику?! «Саутҳемпион» ўйиннинг 9-дақиқасиданоқ вақтни ўлдиришга киришиб кетди. Мен эса улар футбол ўйнашини истайман. Ўзимни бундай тутганимдан афсусдаман. Баъзида мен ўзимни назорат қила олмайман», деганди ўша вазиятга изоҳ берган Гвардиола.

Бунинг қўрқинчли жойи йўқ, ахир Гвардиола ўзининг атрофидагиларга фақат яхшилик тилайди.

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз