Узбек O'zbek
Вальверде «Барселона» Гризманн трансфери борасида музокара ўтказаётганини тасдиқлади
Якшанба, 19 Май
4247

«Барселона» бош мураббийи Эрнесто Вальверде «Атлетико» ҳужумчиси Антуан Гризманн трансфери бўйича музокара ўтказилаётганини тасдиқлади.

«Янги футболчиларни трансфер қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Гризманнми? Бу тўғри, биз «Атлетико» билан алоқа ўрнатганмиз. У ажойиб футболчи. Биз музокараларни давом эттирмоқдамиз, аммо мавсум ҳали якунлангани йўқ. Бизни Испания Кубоги финалидаги ўйин кутмоқда, бу ўйинда ғолиб бўлиш орқали мавсумдаги иккинчи совринни қўлга киритишимиз мумкин. Ҳозир асосий эътиборни шу ўйин учун жамлаш керак», — дея Вальверденинг сўзларини келтирмоқда Sky Sports.

«Валенсия»га қарши Испания Кубоги финалидаги ўйин 25 май куни ўтказилади.

Мавсум якунлангач Мадриддан кетишини эълон қилган Гризманнинг «Атлетико» билан шартномасида бадал пули сифатида 200 млн евро кўрсатилган, аммо 1 июль кунидан бу миқдор 120 млн еврога тушади.

Гризманн «Атлетико»да 5 мавсум ўтказди. 2014 йилнинг июлида мадридликлар клуби уни «Реал Сосьедад»дан 30 млн евро (Transfermarkt маълумоти) эвазига сотиб олганди. Француз футболчиси ўтган мавсумлар давомида клуб сафида барча турнирлар доирасида 256 ўйинда майдонга тушди ва 133 гол уриб, 50 голга узатма берди. 

«Атлетико» сафида Антуан учта соврин эгаси бўлди – 2017/18 йилги мавсумда Европа Лигаси, 2018 йилда УЕФА Суперкубоги ва 2014 йилда Испания Суперкубоги. 2016 ва 2018 йилларда Гризманн France Football томонидан «Олтин тўп» учун номзодларнинг уч кишилик рўйхатига киритилди. 2016 йилда уни Криштиану Роналду ва Лионель Месси, 2018 йилда эса – Лука Модрич ва Роналду ортда қолдирди.

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз