Узбек O'zbek
Массимилиано Аллегри: «Кетишнинг айни вақти эди...»
Шанба, 18 Май
2496

Туриннинг «Ювентус» клуби истеъфога чиқарилган Массимилиано Аллегри иштирокида матбуот анжумани ўтказди. Аллегри, «Ювентус» бош директори Андреа Аньелли, футболчилар ва ОАВ ходимлари қатнашган анжуманда мураббий нима учун кетгани ҳақида гапирди.

«Аввало футболчиларга раҳмат айтмоқчиман. Биз биргаликда музаффар жамоани ярата олдик. Кейинги йил жамоа Италияда ҳам, Чемпионлар Лигасида ҳам яхши натижа кўрсатишига умид қиламан.

Клуб кейинги мавсумни менсиз ўтказишга қарор қилди. Аммо бу менинг «Ювентус»га бўлган муносабатимни ўзгартира олмайди. Биз ёмон ишламадик. Ҳозир кетишнинг айни вақти эди. Эртага биз иккита нарсани нишонлаймиз. Аввало скудетто ғолиблигини тантана қиламиз, бундан ташқари фаолиятидаги охирги ўйинни ўтказадиган Андреа Бардзаллини ажойиб фаолияти билан қутлаймиз.

Мен мураббий сифатида аввало ўйинларни таҳлил қилдим, натижаларни эмас. Ҳар доим яхши ўйнай олмадик, чунки бир мавсумда 30 дан ортиқ яхши ўйин ўтказиш имконсиз. 5 йил «Ювентус»да ишлаб, жамоанинг бир қисмига айландим. Бундай ажойиб жамоада ишлаганимдан фахрланаман»,- деди Аллегри.

Массимилиано Аллегри «Ювентус»да 5 йил ишлаб, 11 та совринни қўлга киритди: 5 та скудетто, 4 та мамлакат кубоги ва 2 та Италия Суперкубоги. Унинг қўл остида «Юве» А Сериядаги энг узун ғалабали серия (15 та ўйин) қайд этди. Аллегри А Серияда «Ювентус» билан ўтказган ўйинларининг 75,5 фоизида ғалаба қозонди ва ҳар ўйинда ўртача 2,41 очко тўплади. Бу клуб мураббийлари учун рекорд натижа.

Аллегри кетма-кет 4 мавсум ҳам кубок, ҳам чемпионатда ғолиб чиққан кучли бешликдаги илк мураббийга айланди. У скудеттони кетма-кет 5 марта ютган А Серия тарихидаги ягона мураббий бўлиб ҳам тарихда қолди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз