Узбек O'zbek
Рустам Шоабдураҳмонов: «Соҳадаги вазият менга аён»
Пайшанба, 16 Май
2985

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида раҳбарлик фаолиятини бошлаган Рустам Шоабдураҳмонов бугун, биринчи иш кунида Олимпия ўйинлари оиласига кирган барча спорт федерация ва ассоциациялар мутасаддилари билан учрашув ташкил қилди.

МОҚ расмий сайтига кўра, соҳадаги муаммоларни бартараф этишга қаратилган йиғилишда Токио Олимпиадасига олиб бориладиган тайёгарлик дастури кўриб чиқилган.

Мажлисда, шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Қосимов, МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов, спорт федерациялари ва ассоциациялари мутасадди ва масъул ходимлари иштирок этишган.

«Олдимизда Токио Олимпиадаси турибди. Вақт ҳам оз қолган. Бартараф этишимиз керак бўлган муаммолар етарли. Кеча ҳам айтганимдек, биз бу борада ҳамжиҳатликда ишлашимиз керак. Ҳозир бир неча ой қийналамиз. Аммо шу қийинчиликдан ўтиб олсак, кейин ишимиз анча енгил бўлади.

Ҳали ҳар бир федерация вакиллари билан алоҳида яқиндан танишиб чиқаман. Бунгача қиличбозлик федерациясида фаолият олиб борганим боис, соҳадаги вазият менга аён. Энди қолган федерациялар билан ҳам шуғулланиб чиқамиз.

Шунингдек, хаёлимизда фақат Токио Олимпиадаси бўлиб, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларини ҳам ташлаб қўймаслигимиз керак. Ахир кейинги Олимпиаданинг негизини шулар ташкил этади. Улар ҳақида биз қайғурмасак, ҳеч ким ўйламайди”, – деган Рустам Шоабдураҳмонов.

Мажлисда МОҚ президенти мутасаддиларга фурсатни қўлдан бой бермай тайёргарлик ишларини жадаллаштириш, ўқув-машғулот йиғинлари сифатини ошириш, мураббийлар малакасини ошириш бўйича топшириқ берган.

«Йиғилишда Олимпия ўйинлари дастурига кирган бокс, гимнастика, оғир атлетика, дзюдо, сузиш, от спорти, каратэ, ўқ отиш, камондан отиш, таэквондо WT, замонавий бешкураш ва регби федерациялари мутасаддиларининг фикрлари бирма-бир эшитиб чиқилди ва муаммоларни бартараф этиш борасида тегишли кўрсатмалар берилди», – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Рустам Шоабдураҳмонов кеча, 16 май куни истеъфога чиққан Умид Аҳмаджонов ўрнида МОҚ президенти этиб сайланди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз