Узбек O'zbek
«Манчестер Сити» иши» бўйича тергов якунланди
Пайшанба, 16 Май
5832

Бугун, 16 май куни УЕФАнинг Клублар устидан молиявий назорат бошқармаси «Манчестер Сити»нинг молиявий фэйр-плей қоидаларини бузгани айблови бўйича терговни якунлаб, ишни Ҳайъат палатасига (УЕФА суди) оширди.

Молиявий назорат бошқармаси мазкур иш бўйича 7 мартдан буён тергов ўтказиб келаётганди. Айрим хабарларга кўра, иш очилишига Football Leaks суриштирув гуруҳи очиқлаган маълумотлар сабаб бўлган.

«Масала мустақил суд органи томонидан кўриб чиқилса, биз учун ижобий якун топишига тўла ишончимиз комил. Молиявий хатоликлар айблови мутлақо нотўғри қўйилган», – дейилади «шаҳарликлар» расмий сайтидаги баёнотда.

Аввалроқ ушбу айблов ўз исботини топган тақдирда Англия чемпиони бир мавсумга еврокубоклардан четлатилиши мумкинлиги хабар қилинган эди.

Маълумот учун, «Сити» 2014 йилда ҳам молиявий фэйр-плей қоидалари билан боғлиқ муаммога дуч келиб, 49 млн фунт жарима тўлаган. Ҳозирда клуб ўша 5 йил олдинги иш кўриб чиқилаётган вақтда нотўғри маълумот тақдим этганликда гумонланмоқда. Шунингдек, «Сити»га нисбатан ҳомийлик шартномаларининг қиймати борасида ёлғон ахборот бериш айблови ҳам илгари сурилган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз