Узбек O'zbek
Коутиньо Гризманнга алмаштирилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
Пайшанба, 16 Май
4531

«Барселона» яримҳимоячиси Филиппе Коутиньонинг агенти Андреа Бертолуччи ўз мижози «Атлетико»га Антуан Гризманн трансфери доирасида йўл олиши эҳтимолини рад этди. 

«Бу тўғри хабар эмас, Гризманн «Барселона»га Филиппенинг ўрнини эгаллаш учун келмаяпти.

Нега бундай гаплар тарқалмоқда, бундан бехабарман. Мен бу хабарларни ўқидим, бу ҳақда кўп муҳокама қилмоқчимасман, бу хато хабар», – деган Бертолуччи.

Бундан аввалроқ, «Барселона» Антуан Гризманни 120 миллион евро эвазига трансфер қилиши ёки унинг ўрнига Филиппе Коутиньони бериши ҳақида хабарлар тарқалганди.

Коутиньога «Челси»дан ҳам қизиқиш мавжуд. Лекин УЕФА «Челси»га кейинги икки трансферлар дарчасида янги футболчиларни ўз сафига қўшиб олиши бўйича тақиқ қўйган.

Охирги хабарларга кўра, Филиппега «ПСЖ»дан ҳам қизиқиш мавжуд. Парижликларнинг бразилиялик ҳужумчиси клуб раҳбариятига ўз ватандошини трансфер қилишни тавсия этган.

Филиппе Коутиньо 2018 йил январида 160 миллион евро эвазига «Ливерпуль»дан «Барселона»га ўтган, унинг каталонлар клуби билан шартномасига кўра, бадал пули миқдори 400 миллион евро этиб белгиланган.

Аммо каталонлар клуби раҳбарияти футболчининг кейинги бир ярим йил вақт мобайнидаги ўйинларидан қониқиш ҳосил қилмаган (барча турнирлар доирасидаги 75 ўйинда жами 21 гол ва 11 голли пас), жамоа уни 130 миллион евро эвазига сотишга ва унинг трансферидан тушган маблағларни ёзда жамоани бошқа футболчилар билан кучайтириш учун сарфлашга тайёр. 

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз