Узбек O'zbek
«Челси» Игуаин бўйича якуний қарорга келди
Пайшанба, 16 Май
7905

«Челси» раҳбарияти мавсум якунида ҳужумчи Гонсало Игуаинни «Ювентус»га қайтариб юборишга қарор қилди, деб хабар тарқатди Daily Mail. Ҳужумчи шу йил январда ижарага олинганди.

Лондон клуби, туринликлар жамоаси билан имзолаган битимга асосан, ижара муддатини кейинги мавсумга ҳам узайтириши ёки тўла трансфер ҳуқуқини сотиб олиши мумкин эди. Аммо «кўклар» иккала вариантдан ҳам фойдаланмоқчи эмас.

Таъкидланишича, «Челси» раҳбарларининг қарори қатъий ва у клуб ФИФА томонидан қўйилган трансфер тақиқини бекор қилишга эриша олиши ёки олмаслигидан қатъи назар ўзгармай қолади.

Гонсалонинг «Юве» билан шартномаси ҳали икки йил амал қилади. Аммо у «кекса синьора»нинг режаларидан ўрин олмаган. Шу тариқа, Игуаин ёзда янги жамоага ўтиши кутиляпти.

31 ёшли аргентиналик ҳужумчи январь-май ойлари давомида «аристократлар»нинг 21та ўйинида майдонга тушиб, 5та гол муаллифи бўлди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз