Узбек O'zbek
Равшан Эрматов «Пахтакор»-«Навбаҳор» ўйинидаги ҳакамлар хатосига муносабат билдирди
Чоршанба, 15 Май
10856

Бугун ЎФАда ҳакамлар ва журналистлар ўртасида кечган очиқ мулоқотда Суперлига 8-туридаги «Пахтакор»-«Навбаҳор» ўйинидаги баҳсли ҳолатлар муҳокама қилинди. Бу ҳақда Tribuna.uz мухбири хабар бермоқда.

11 май куни Тошкентда бўлиб ўтган ўйиннинг сўнгги дақиқаларида тўп ён чизиқдан ўйинга киритилгач, қанот ҳаками Руслан Самандаров байроқчасини кўтариб, офсайд ҳолатини қайд этган, бош ҳакам Зокир Қодиров эса унинг қарорини тасдиқлаган эди. Натижада ушбу икки ҳакам шу куннинг ўзидаёқ дисквалификация қилинди – Қодиров учта ўйинга, Самандаров номуайян муддатга четлатилди.

Ҳолат юзасидан Равшан Эрматов фикр билдирди.

«Ҳаммамизга маълум, бу – хато. Лекин биласизлар, «Пахтакор»-«Навбаҳор» ўйини охирги йилларда... Чемпионатимизда олдин бўларди-ку, «Пахтакор»-«Нефтчи» бўларди, «Пахтакор»-«Бунёдкор» бўларди. Бугунги кунда мен учун энг қийин ўйин – «Пахтакор»-«Навбаҳор». Менимча, бу фикрга қўшилсангиз керак. Ҳакамлардан сўраганимизда ҳаммаси: «Қани эди, мен шу ўйинга тушмасам», деб туради.

Вақтни кўриб турибсизлар, 95-дақиқа. Чарчоқ, оғир ўйин. Инсон омили бор... Сизларда ниманидир ёзганда хато қилиб, уни ўчириб, яна ёзиш имкони бор. Лекин афсуски ҳакамларда бу нарса ҳозирча йўқ. Шунинг учун раҳбариятдан илтимос қилиб сўраяпмиз – VAR тизими лойиҳаси турибди. Дарвоза орқасидаги ҳакамларни ҳам синаб кўрдик. Лекин дарвозаорти ҳакамларидан Европа ҳам, ОФК ҳам воз кечмоқда. Чунки уларнинг фаолияти билан хатоларнинг сони сезиларли равишда камаймаяпти.

«Навбаҳор» мураббийи Канчельскис ҳам айтди, футбол – хатолар ўйини. Мураббийлар ҳам, футболчилар ҳам, ҳакамлар ҳам қаердадир хато қилади. Лекин ҳамма ўз хатолари устида ишласа, ўртадаги ҳурмат сақлаб қолинади.

Ҳа, хато бўлди. Лекин 22 футболчи бир жойга йиғилиб олиб, нимани муҳокама қилишяпти? Нимага уришишяпти? Бу нарсалар нега керак? Бу ҳақда матбуотда бирорта ҳам мақола кўрмадим. Мухлислар футбол кўришга келишади-ку, бунақа урушни эмас. Бўлмаса, боксга ёки яккакурашларга борсин».

Эрматов, нима сабабдан бир неча йилдан бери бу икки клубнинг ўзаро баҳсида ўзингиз ҳакамлик қилмаяпсиз, деган саволга қуйидагича жавоб берди.

«Биринчидан, «Пахтакор» – Тошкент жамоаси. Иккинчидан, ўйин Тошкентда бўляпти. Мухлислар томондан эътирозлар бўляпти, биз вилоятлик нейтрал ҳакамларни қўйишга ҳаракат қиляпмиз.

Қолаверса, ўзингиз биласиз, бир неча йилдан буён «Пахтакор»-«Бунёдкор», «Локомотив»-«Пахтакор» каби жуда қийин ўйинларда ҳакамлик қиламан. Қийин ўйинларнинг барчасини ҳадеб битта одам бошқаравериши тўғри бўладими? Менимча, тўғри бўлмайди.

Энг асосийси, менимча, мухлислар «Пахтакор»-«Навбаҳор» ўйинида нейтрал ҳакам ишлаши тарафдори. Учинчидан, федерация қайси ҳакамни тайинласа, ўша бошқараверади.

Суперлига клублари асосан вилоятлардан, ҳакамларнинг кўпчилиги эса Тошкентдан? Бу ерда гап принципиал ўйинлар ҳақида кетяпти. Принципиал ўйинда ҳакам нейтрал бўлиши керак. Ўйиндан олдин қанақадир гап-сўз бўлишига биз йўл қўя олмаймиз. Лекин бу таклифингизни ҳам эътиборга оламиз. Балки, кейинги сафар «Пахтакор»-«Навбаҳор» ўйинини ўзим бошқарарман. Чунки ўзим босим юқори бўлган ўйинларда ишлашни яхши кўраман».

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз

06.08
Август