Узбек O'zbek
Эрон миллий жамоасига янги бош мураббий тайинланди
Чоршанба, 15 Май
7377

Бельгиялик мутахассис Марк Вильмотс Эрон миллий жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда мамлакат футбол федерацияси президенти Меҳди Тож давлат телевидениесидаги чиқиши чоғида эълон қилди.

50 ёшли мураббийнинг сўнгги иш жойи Кот-д’Ивуар миллий жамоаси бўлганди. У 2017 йил март ойида Африканинг ушбу термаси бош мураббийига айланган, аммо орадан олти ой ўтиб – жамоа ЖЧ-2018 саралашида муваффақиятсизликка учрагач истеъфога чиқарилган эди.

Вильмотс бунга қадар Бельгия миллий жамоасида ёрдамчи (2009-2012) ва бош мураббий (2012-2016) бўлиб ишлаган. Унинг бошқарувида бельгияликлар ЖЧ-2014 гуруҳ босқичининг учала ўйинида ҳам ғалаба қозониб, чорак финалдан курашни тўхтатишганди. Жамоа Евро-2016ни ҳам чорак финалдан тарк этгач, Вильмотс ишдан бўшатилган эди.

Марк Вильмотс 2013 ва 2014 йилларда Бельгияда йилнинг энг яхши мураббийи деб топилган.

Бельгия матбуотидаги хабарларга қараганда, Эрон миллий жамоасининг янги бош мураббийи тайинлов олдидан ўзи билан икки нафар ассистент олиб келишини ва 1,5 млн доллар маош тўланишини сўраган. Маҳаллий мутахассислардан Жавод Некунам ҳам янги штаб таркибида бўлиши кутиляпти.

Вильмотс форслар билан қанча муддатга шартнома имзолагани расман очиқланмади. Ҳамкорлик муддати ЖЧ-2022 охирига қадар мўлжаллангани тахмин қилинмоқда.

Эронликлар июнь ойида иккита ўртоқлик учрашуви ўтказишади: Сурия ва Жанубий Корея билан баҳслар Марк Вильмотс қўл остидаги илк ўйинлар бўлади.

Маълумот учун, Эрон – ФИФА рейтингидаги ўрни (21-поғона) бўйича Осиёнинг биринчи рақамли жамоаси саналади.

Форслар 2019 йил бошида БААда ўтган Осиё кубогида ярим финалгача етиб бориб, Япониядан 0:3 ҳисобида мағлубиятга учраган эди. Шундан сўнг термани 7 йил давомида бошқариб келган Карлуш Кейруш истеъфога чиққанди. Португалиялик мураббий ҳозирда Колумбия миллий жамоасини бошқармоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз