Узбек O'zbek
Аллегри Роналдуни Ибраҳимовичга қиёслади
Сешанба, 14 Май
6065

«Ювентус» бош мураббийи Массимилиано Аллегри шогирди Криштиану Роналду ва швециялик ҳужумчи Златан Ибраҳимовични қайси фазилат бирлаштириб туриши ҳақида гапириб берди. Бу ҳақда Goal хабар бермоқда.

«Руҳият нуқтайи назаридан Роналду бошқа ҳар қандай футболчидан кучлироқ. У ҳар куни ўз олдига янги мақсадлар қўяди ва кун охиригача шу мақсадларига эришади.

Ҳамма совринларни ютиб бўлган 34 ёшли футболчида янги марраларни забт этиш иштиёқининг бўлиши – камдан кам кузатиладиган ҳолат. Унинг шижоатига тан бериш керак. Ҳар биримиз Роналдудан ўрганишимиз зарур, шу жумладан мен ҳам. Ахир жаҳоннинг энг яхши футболчиси билан ишлаш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

Мисол учун, шанба кунги машғулотда футбол ўйини ўтказдик. Роналду вақтини хушчақчақ ўтказди. Лекин унинг бу хурсандчилиги ўша ўйиндаги ғалаба билан боғлиқ эди. Буни ўзига ҳам тушунтирдим. Бу ўз китобимда Ибраҳимович ҳақида ёзганларимни эслатиб юборди. Улардаги ғолиблик ҳисси ўзларида ана шундай хушкайфиятни пайдо қилади.

«Милан»да ишлаган вақтимдан Ибраҳимовични эслайман, биргина хато пас уни ғазаб отига миндирарди. Ўшанда мен унга: «Агар ҳамма сен каби иқтидорли бўлганида, дунёда муаммолар қолмаган бўларди», деб тушунтиргандим. Златанга у ўзини бошқалар билан бир қаторга қўйиши кераклигини, ахир энг яхши ва энг маҳоратли футболчи айнан шундай йўл тутишини айтганман.

Уларнинг даражасига чиқиш бошқа футболчилар учун осон эмас, улар жамоадошларининг олдидаги бу вазифани осонлаштириш учун ўзларини бироз паст тутишлари зарар қилмайди. Бу – нафақат футбол, балки ҳаёт ҳақиқати. Роналду ўзини айнан шундай тутаётганидан жуда хурсандман», – деди Аллегри.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз

06.08
Август