Узбек O'zbek
Яя Туре фаолиятига якун ясади
Жума, 10 Май
3172

Ивуарлик яримҳимоячи Яя Туренинг агенти Дмитрий Селюк мижози футболчилик фаолиятига нуқта қўяётганини маълум қилди. Бу ҳақда Sport24.ru хабар бермоқда.

«Бу ҳақда биринчи бўлиб гапираман: Яя чемпионлик карьерасига якун ясашга қарор қилди. Унинг учун «Манчестер Сити» ташкил этган хайрлашув учрашуви ҳақиқатан ҳам унинг нафақат шу жамоадаги, балки умуман футболчи сифатидаги фаолиятига қўйилган нуқта бўлди», – деди агент.

Селюкнинг сўзларига кўра, Туре аллақачон мураббийлик лицензиясига эга ва шу йил июндан бошлаб бирор жамоада иккинчи мураббий сифатида ишлаши мумкин.

«Шуниси аниқки, у иш бошлайдиган клубда нафақат иккинчи мураббий сифатида фаолият юритади, балки спорт директори ёки президентнинг спорт бўйича маслаҳатчиси функцияларини ҳам бажаради. Яяда Россия ва Украинадан таклифлар бор», – дея маълум қилди Дмитрий Селюк.

35 ёшли яримҳимоячи фаолияти давомида «Олимпиакос», «Монако», «Барселона» ва «Манчестер Сити» клублари шарафини ҳимоя қилди. У 2018 йил сентябрь ойида «Олимпиакос»га қайтган ва декабрь ойида ўзаро келишув асосида шартномасини бекор қилганди. Туре 2019 йил апрель ойида бутсаларини михга илишни режалаштирмаётгани ҳақида айтган эди.

Яя Туре Юнонистон (бир марта), Испания (икки карра) ва Англия (уч карра) чемпиони саналади. Ушбу ҳар учала мамлакатда бир маротабадан кубок соҳиби бўлган. 2009 йилда «Барселона» сафида Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан ва ўша йили клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган.

Кот-д`Ивуар миллий жамоасида 101та ўйинда 19та гол урган Туре 2015 йилда Африка миллатлар кубогида чемпионликка эришган. Шунингдек, 2011-2014 йилларда кетма-кет тўрт маротаба Африкада йилнинг энг яхши футболчиси бўлган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз