Узбек O'zbek
Умид Аҳмаджонов Токио-2020 Олимпиадаси ташкилий қўмитасининг вице-президенти билан учрашди
Жума, 10 Май
527

Токио-2020 Олимпиадаси ташкилий қўмитасининг вице-президенти Тошиаки Эндо кеча, 9 апрель куни икки кунлик амалий ташриф билан Тошкентга келди.

Бугун кунчиқар юрт вакиллари бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида бўлиб, қўмита президенти Умид Аҳмаджонов билан учрашди. Учрашувда МОҚ раҳбарияти ва мутасаддилари, шунингдек, Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Набуаки Ито ҳам қатнашди.

“Сизни Тошкентда кўриб турганимиздан беҳад мамнунмиз. Токиога қилган ташрифимда Олимпиада ташкилотчиларининг мусобақага олиб бораётган тайёгарлигини кўриб ҳайратда қолган эдим. Биз ҳам 2030 йили Осиё ўйинларини Ўзбекистонда ўтказмоқчимиз. Мусобақани юқори савияда ташкил этишда сизларнинг бу борадаги тажрибангиз бизга керак бўлади.

Биз Япония Олимпия қўмитаси ва Япония футбол ассоциацияси билан ўзаро ҳамкорлик борасида меморандум имзолаганмиз ва бу борада изчил ишлар олиб борилмоқда. Олимпия ўйинлари оиласига кирган япон спорт турлари бўйича миллий федерацияларингиз билан ҳам ҳамкорлик қилиш режамиз бор. Албатта, бунда сизнинг кўмагингиз асқотади.

Шуниндек, Олимпиадага олиб борилаётган тайёргарликни ўзбек халқига кўрсатиш мақсадида журналистларимизни Токиога жўнатишни ният қилганмиз. Уларнинг мамлакатдаги мавжуд спорт инфратузилмаси ва Олимпиада учун махсус бунёд этилган объектлар билан яқиндан танишишида ҳам ёрдамингиз керак бўлади. Бизнинг ниятимиз Токиода бўладиган Олимпиада спортимиз тарихида ўчмас из бўлиб қолишини таъминлаш”, – деган Умид Аҳмаджоновнинг сўзларини келтирмоқда МОҚ расмий сайти.

Япониялик меҳмон ўз сўзида, жумладан, қуйидагиларни таъкидлади.

“Ўзбекистонга яна бир бор ташриф буюрганимдан мамнунман. Бу менинг иккинчи ташрифим.

6 йил аввал Токио ХХХII ёзги Олимпиадага мезбон бўлиши эълон қилинганди. Мана, мусобақа бошланишига ҳам 441 кун қолди. Дарҳақиқат, бутун мамлакатда тайёгарлик жуда ҳам юқори даражада олиб борилмоқда. Бу ҳақда Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах ҳам Токиога келганида алоҳида таъкидлаб ўтди.

Дзюдо ва каратэ спорт турларидаги ҳамкорлик бўйича Япония Миллий олимпия қўмитаси билан гаплашаман ва ўйлайманки, бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Қолган спорт турларидаги ҳар қандай таклифингиз бўйича элчихонамиз сизга ёрдам беради.

Май ойининг охири ва июнь бошларида Олимпиададан аввал қатор объектларда бир нечта спорт турлари бўйича тест мусобақалари ўтказилади. Ўзбек журналистларининг ташрифи учун энг маъқул вақт шу бўлса керак, деб ўйлайман. Синов мусобақалари ва тайёгарлик жараёнини кўздан кечиришда жамоам сизларга ёрдам беришга тайёр. Хусусан, сизнинг ўзингизни ҳам Токиода кутиб қоламан”, – деди Тошиаки Эндо.

Шунингдек, суҳбат давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ҳар икки мамлакат терма жамоалари ўртасида қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, тажриба алмашиш, мураббийлар малакасини ошириш масалаларида ҳам фикр алмашдилар.

Суҳбат якунида икки томон вакиллари ўзаро совғалар алмашиб, эсдалик учун суратга тушишди. Шунингдек, мартабали меҳмон МОҚ музейига ташриф буюриб, ўзбек спортини тарихи билан танишди.

Тошиаки Эндо куннинг иккинчи ярмида «Ҳумо» спорт комплекси билан танишиши белгиланган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз