Узбек O'zbek
Суарес операция қилинди, у Копа Американи ўтказиб юбориши мумкин
Жума, 10 Май
3120

«Барселона» ҳужумчиси Луис Суарес бугун эрталаб ўнг тиззасидан операция қилинди. Клуб матбуот хизматидан маълум қилишларича, унинг тикланиб, майдонга қайтиши учун 4-6 ҳафта вақт талаб этилади.

Уругвайлик футболчининг ўнг тиззаси бир неча йилдан буён безовта қилиб келади. Чемпионлар лигаси ярим финалида «Ливерпуль»га қарши илк ўйинда эски жароҳатини янгилаб олганди. Жавоб учрашуви натижасида клуб мусобақани тарк этгач, Суарес жарроҳлик йўли билан муаммога тўла барҳам беришга қарор қилган.

Шу тариқа, 32 ёшли Луис учун мавсум якунланди. У «Барса»нинг сўнгги учта ўйинида, хусусан Испания кубоги финалидаги «Валенсия»га қарши баҳсда иштирок этмайди. Финал 25 май куни Севильядаги «Бенито Вилламарин» стадионида бўлиб ўтади.

Суарес 14 июнда Бразилияда старт оладиган Копа Америкага қадар тикланиб улгуриши мумкин. Мусобақа Уругвай миллий жамоаси Эквадор, Япония ва Чили билан бир гуруҳдан ўрин олган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз