Узбек O'zbek
Неймар учун мавсум тугади: у яна дисквалификация қилинди
Жума, 10 Май
7113

Франция футбол федерацияси «ПСЖ» ҳужумчиси Неймарни Франция кубоги финалида «Ренн»га қарши кечган ўйиндан кейин мухлисни ургани учун учта ўйинга дискалификация қилди.

28 апрель кунги баҳсдан сўнг тақдирлаш маросими учун стадион трибунасига кўтарилиш вақтида фанатлардан бири Неймарни суратга туширмоқчи бўлганида, бразилиялик футболчи телефон камерасини қўли билан тўсган, кейин фанатнинг даҳанига мушт туширганди.

«ПСЖ»нинг жорий мавсум ҳисобидан учта ўйини қолган, бу эса 27 ёшли ҳужумчи учун мавсум якунланганини билдиради. Биринчи дивизион чемпионлигини ҳал этиб бўлган парижликлар сўнгги турларни «Анже», «Дижон» ва «Реймс» жамоаларига қарши ўтказишади.

Қайд этиш жоиз, Неймар январь ойида олган жароҳати боис уч ой жамоасига ёрдам бера олмаган эди. У тикланиб, сафга қайтганидан сўнг тўртта баҳсда иштирок этишга улгурди. «ПСЖ» бу ўйинлардан фақат биринчисида ғалаба қозонди, сўнг иккита дуранг ортидан бир мағлубият қайд этди. Дуранглардан бири – Франция кубогининг «Ренн»га қарши ўйинида (2:2) амалдаги чемпион пенальтилар сериясида имкониятни бой берди.

Аввалроқ 10-рақам эгасидан мушт еган мухлис у билан учрашмоқчи эканини айтганди. Шунингдек, ушбу интизомсизлиги учун у Копа Америка арафасида Бразилия миллий жамоасидан четлатилиши ёки сардорлик боғичидан маҳрум этилиши мумкинлиги хабар қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Неймар бунга қадар ЕЧЛ нимчорак финалининг «МЮ»га қарши ўйинини бошқарган ҳакамларни Инстаграмида ҳақорат қилгани учун еврокубокларнинг учта ўйинидан четлатилган эди.

Неймарда яна муаммо: у солиқдан қочгани учун самолёти ва вертолётидан айрилиши мумкин
Мбаппе учта ўйинга четлатилди

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз