Узбек O'zbek
«Вест Барселона Альбион». «Ливерпуль»нинг буюк ғалабаси ҳақида
Чоршанба, 08 Май
17190

Тўрт йил олдин, Юрген Клопп «Ливерпуль»га келган илк ойлар эди. Адашмасам, декабрь ойларида жамоа ўз майдонида «Вест Бромвич»ни қабул қилди ва 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. «Вест Бромвич» билан. Мезбонлар ўйиннинг охирги дақиқаларида ҳисобни тенглаштириб, мағлубиятдан зўрға қутулиб қолдилар. «Вест Бромвич» билан. 

Ўйин тугагач, Клопп шогирдларини йиғди ва уларни ашаддий мухлислар ўтирадиган секторга олиб борди. Барча футболчилар бир-бирларининг қўлларини ушлаб, осмонга қаратиб, дурангни нишонлай бошладилар. «Вест Бромвич» билан дурангни. 

Фото: Sky Sports

Интернет тармоғида мемларга сабаб бўлиб кетган бу саҳна, очиғи, менга ҳам жуда эриш туйилганди. Фақат менга эмас. Қизиқда, Англиянинг энг совриндор клубларидан бири шу даражада тушдимики, «Вест Бромвич» билан дурангни шунақа нишонласа? Жамоани юқори савияга олиб келиши керак бўлган бу немис ғирт масхарабоз экан-ку?  

Ўша воқеадан сўнг қанча дарёлар оқиб кетди. Бир неча ой ўтиб, «Ливерпуль» ўз майдонида «Боруссия»дан 1:3 ҳисобида ортда бориб, ғалаба қозониб кетган ўйинни ҳам кўрдик.

Фото: Sky Sports

Назаримда, ўша илк дурангда Клоппга рақибнинг ёки ўша бир очконинг умуман аҳамияти бўлмаган. Аҳамиятлиси, шогирдларини курашга ўргатиш, қаршисида кимлигининг аҳамияти йўқ бир рақиб ва қанчалик қийинлигини аҳамияти йўқ бир вазифа турганда, қанчалиги аҳамияти йўқ вақт ва имкон бор экан, охиригача ҳаракат қилиш кераклигини тушунтирмоқчи бўлганди.

Аслида мана шундай қийин вазифалар бажарилганда қанчалик завқли бўлиши мумкинлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлганди шогирдларига. 

Ва мана, бугунги ўйин...

Фото: Reuters

Мен Юрген Клопп ажойиб тактика ўйлаб топиб, ўйинда бурилиш ясаб, «Барселона» устидан ғалаба қозонганига ишонмайман. Учрашувда дубллар қайд этган икки футболчи агар баъзи ўйинчилар жароҳат олишмаганда, умуман майдонга тушишмасди ҳам балки. Клопп бу ўйинга атайлаб қандайдир ўзига хос таркиб танламади, бахтга қарши, балки унинг бахтига, бошқа иложи ҳам йўқ эди, қўл остида мавжуд бўлган бор футболчилардан фойдаланди, холос. 

Фото: Reuters

Хўш, ниманинг ҳисобига «Барселона»дан устун бўлиш мумкин? Таркиб? Йўқ, буни айтдим. Жисмоний тайёргарлик? «Ливерпуль» уч кунгина олдин «Ньюкасл»да оғир учрашув ўтказди ва тўқсон тўртинчи очкосини олди, «Барселона» эса, аллақачон Испанияни забт этган ва футболчилар навбати билан дам олиб, анча яхшироқ спорт формасида келгандилар. Сценарий? Ҳа, тезкор гол урилди, аммо айнан «Ливерпуль» энг муҳим футболчиси Робертсонни биринчи бўлим охирларида йўқотган, Ҳендерсон ҳам қийин ҳолатда ўйинни давом эттираётганди. Мухлислар? Ҳа, балким. 

Лекин ўйинни Клопп ўша илк кунлардан жамоага сингдиришга ҳаракат қилган ва исботини кўрганимиздек, буни уддалаган фактор рақибни тиз чўктирди. Характер. Руҳият. 

«Келганимда «Ливерпуль» «уйқудаги гигант» эканини тушунгандим. Уларнинг кайфияти яхши эди, аммо зўр эмасди. Мураббий ўзгардими, демак ундан олдин нимадир ўхшамаган бўлади.

Фото: Twitter/LFC

Илк кунларимдан бирор нарсани тубдан ўзгартиришга уринмадим. Мен аввало, мендан олдин нималар бўлганини билмоқчи бўлдим, клуб ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишга уриндим. Футболчилар билан гаплашдим. Ҳозир ҳамма кўриб турибди – Брендан Рожерс жуда кучли мураббий. Демак, гап фақат унда бўлмаган. 

Яна нимадир бор эди. Биз буни тушуниб, босқичма-босқич муаммони ҳал қилиб боришимиз керак эди. 

Биз учун муҳими, майдонга тушганда фақат ўзимиз учун эмас, клуб персонали, оиламиз, мухлислар учун бор кучимизни ишга солишдир. Бу бошланиши. Бошқа тарафдан эса, бу шунчаки футбол. Ҳамма билади, мен даҳо эмасман. Аммо мен ва шогирдларим қанчалик яхши бўлишса, ўйинимиз ҳам шунчалик яхши бўлади. Бизда яхши ўйинчилар кўп эди, яна бир нечтасини сотиб олдик. Биз ҳозир келган жойимиздан завқ оляпмиз. Биламан, бу ҳали йўлнинг ярми, аммо тўғри йўлда эканимизга ишонаман. 

Айнан нимани ўзгартирганимни айта олмайман. Лекин қилаётган ишимиз ўзимизга ёқяпти, бу - жуда яхши пойдевор» - деб эслайди Юрген Клопп.

Юрген Клопп яна ливерпулчиларни ўйиндан завқ олишга ўргатди. Фақат ўйиндан эмас, натижадан, турли қийин вазифаларни, чўққиларни забт этишдан бахтли бўлишни ўргатди. Босим, турнир жадвали, узоқ вақт совринсизлик, булардан қатъи назар, футбол аввало, завқ эканини, ҳар бир қадамдан, ҳар бир ютуқдан завқ олиш мумкинлигини кўрсатиб берди. Қайсидир футболчилар бу руҳиятга мос келмади, кетди, кимдирлар келди - муҳими, Ливерпулда Клопп характеридаги жамоа пайдо бўлди. Шу холос. 

«Барселона» исталган пайтда, айниқса биринчи бўлимда биргина гол уриб, вазиятни деярли ҳал қилиб қўйиши мумкин эди. У ҳолда «Ливерпуль»нинг вазифаси қийинлашиб кетар, бешта гол уриш имконсиз ҳолга келарди. Тўхтанг, учта гол уриш осонмиди аслида? Йўқ, албатта. Демак, менимча, «Барселона» ҳисобни тенглаштирганда ҳам, мезбонлар 5:1 ҳисобида ғалаба қозониш учун ўйнайверардилар. Бунга ишониш анча осон. 

Чунки «Ливерпуль»га қаршисида кимлигининг аҳамияти йўқ бир рақиб ва қанчалик қийинлигини аҳамияти йўқ бир вазифа турганди. 

Кечаги «Вест Бромвич» бўлмаганида, бугунги «Барселона» бўлмасди, менимча. 

Қаҳрамон Асланов

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз