Узбек O'zbek
Чемпионлар лигасида мўъжизалар давом этади. «Ливерпуль» «Барселона»ни қандай тузоққа туширгани ҳақида
Чоршанба, 08 Май
12401

Инглизлар сафардаги 0:3 ҳисобидаги вазиятдан кейин каталонларга қарши мардонавор ҳаракат қилишди ва 4:0 ҳисобида ғалаба қозониб, қаторасига иккинчи йил финалга чиқишди.

Чемпионлар лигаси. 1/2 финал. Жавоб ўйини
«Ливерпуль» (Англия) – «Барселона» (Испания) – 4:0
(1:0)
Голлар: Ориги, 7 (1:0). Вейналдум, 54 (2:0). Вейналдум, 56 (3:0). Ориги, 79 (4:0).
«Ливерпуль»: Алиссон, Александр-Арнолд, Матип, ван Дейк, Робертсон (Вейналдум, 46), Фабинью, Ҳендерсон, Милнер, Шақири (Старриж, 90), Мане, Ориги (Гомес, 85).
«Барселона»: тер Штеген, Сержи Роберто, Лангле, Пике, Жорди Альба, Видаль (Артур, 75), Бускетс, Ракитич (Ф.Малком, 80), Месси, Суарес, Коутинью (Семеду, 60).
Огоҳлантиришлар: Фабиньо, 11. Бускетс, 45+1. Ракитич, 53. Матип, 66. Семеду, 75.
Ҳакам: Жунайт Чақир (Туркия).
7 май. Ливерпуль. «Энфилд» стадиони.
Биринчи ўйин – 0:3.

Вальверде муаммосиз Ливерпулга келди
«Ливерпуль»нинг юлдузли оқшоми бу сафар ҳамишагидек ёрқин порламаётганди - Юрген Клопп бу ўйин арафасида сафдан чиққан Салоҳ ва Фирмино ўрнини тўлдириш ҳақида бош қотиришига тўғри келаётганди. Мисрлик ва бразилиялик юлдузлар ўрнини Ориги ва Шақири эгаллади. Эрнесто Вальвердеда эса таркиб билан боғлиқ муаммо йўқ эди - «Энфилд»да бир ҳафта муқаддам «Камп Ноу»даги ўйинни бошланғич таркибда бошлаган футболчилар саф тортишди - мураббий Испания чемпионатида «Сельта»га қарши натижаси аҳамиятсиз ўйинга иккинчи таркибни тушириб, асосий футболчиларга дам олиш учун шароит муҳайё этганди.

Мезбонларнинг фаоллиги

Ўйиннинг илк дақиқаларидаёқ Каталониядаги йирик ҳисоб унутилгани ва бу энди ҳеч бир аҳамиятга эга эмаслиги кўрина бошлади. «Ливерпуль» устози ўйин аввалида айтганидек, жамоа агар керакли натижага эриша олмаса ҳам, турнирни чиройли тарк этишга ҳаракат қиларди. 

Ўйиннинг илк дақиқаларидаёқ мезбонлар қандай иштиёқ билан майдонга тушишганини Робертсон газонда ўтирган Мессининг бошини қўллари билан мажақлагудек бўлиб ўтганида ҳам кўриш мумкин эди. У буюк футболчига худди ўринбосарлар таркибидаги болакайдек муомала қилди.

Бунинг ортидан Видалнинг хатоси меҳмонлар дарвозаси олдида илк ҳужум уюштирилишига олиб келди, хавфли узатмани Альба майдон ташқарисига чиқариб юборди.

Оригининг голи
Аммо 7-дақиқадаёқ кўк-анорранглиларнинг чап қанот ҳимоячисининг қўпол хатоси голга олиб келди - Альба боши билан ўз шеригига тўп узатганида унга Мане эга чиқди ва у тўпни майдон марказидан рақиб жарима майдонига ёриб кирган Ҳендерсонга узатди, мерсисайдликлар сардорининг зарбасини Тер Штеген бир амаллаб қайтарди, аммо қайтган тўпга етиб келган Дивок Ориги тўпни осонлик билан дарвоза тўрига жойлаб қўйди. «Ливерпуль» ўзидан талаб қилинган биринчи ишни уддалади - ўйин бошидаёқ тезкор гол урилди.

Маненинг йиқилиши
«Барса» кучли зарбани ўтказиб юборган боксчидек ҳаракат қила бошлади. Вазиятлардан бирида Сержи Роберто ўз дарвозабонига секинлатиб тўп ўзатди, бу тўпни мезбонлар ҳужумчиси Мане эгаллаб олишига бир бахя қолди, у дарвозабон билан тўқнашувдан кейин йиқилиб пенальти сўради, ҳакамнинг ҳуштаги чалинмади.

Алисоннинг сэйвлари

Ўйиннинг илк чораги ўтганидан кейин каталонияликлар ҳам ҳужумга ўта бошлашди. Лекин Алиссон рақиб ҳужумларини бирин-кетин бартараф этди. Аввалига Мессининг кучли зарбаси йўлига тўғаноқ бўлган бразилиялик посбон кўп ўтмай Коутиньонинг пастлатиб бурчак томон йўллаган айёрона зарбасига бармоқлари учи билан ета олди. Бўлим охирида эса Альба жуда қулай имкониятга эга бўлди, Месси уни дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқарди, аммо бу дуэлда ҳам Алиссон устун келди. 

Қайд этиш керакки, «Барселона» футболчилари бу ўйинда Мессининг сеҳрига ҳаддан ташқари кўп ишониб юборишди. 16-дақиқада меҳмонлар тезкор қарши ҳужумга чиқишди ва бу вазиятда кучлар нисбати 4га 2 эди, аммо тўпга зарба бериш ўрнига уни негадир Мессига узатишди, «Камп Ноу»даги биринчи ўйиндан кейин тинимсиз танқид қилинган Виржийл ван Дейк эса Мессини тўхтата олди. Бошқа вазиятларда ҳам Месси шунчаки ноаниқ зарбалар бераверди. 

Клоппнинг ҳал қилувчи алмаштириши
Меҳмонлар ўз имкониятларидан фойдалана олишмади - «Ливерпуль» эса тер Штеген дарвозаси олдида хавфли вазиятлар содир этиш учун ҳар қандай имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қилди: Ҳендерсоннинг зарбасини Пике ўзига қабул қилиб олди, Робертсоннинг ҳаракатларини эса германиялик дарвозабон йўққа чиқарди. Биринчи бўлимда зарбалар бериш бўйича кўрсаткич 7:5 кўринишини олди (аниқ зарбалар бўйича 3:3).

Жамоалар танаффусга мезбонларнинг минимал ҳисобдаги устунлигида йўл олишди, аммо танаффус арафасида Клопп мажбурий ўзгартириш амалга оширишга мажбур бўлди - биринчи бўлимнинг энг фаол футболчиси Робертсон жароҳат олиб, ўрнини Вейналдумга бўшатиб беришга мажбур бўлди.

Икки дақиқа ичида дубль
Иккинчи бўлимни жамоалар хавфли вазиятлар алмашиш билан бошлашди. Бурчак зарбаси ижро этилган вақтда ван Дейк дарвозага орқа қилиб туриб товони билан берган зарбаси Тер Штегеннинг қўлларига бориб тушди, Суарес эса Алиссонни доғда қолдиролмай, навбатдаги имкониятини кўкка совурди.

Келиб чиқишига кўра суринамлик бўлган нидерланд Вейналдум эса дубль қайд этди: аввалига Александр-Арнольд ўнг қанотда Альбадан осонлик билан тўпни олиб қўйиб, жарима майдонига пас узатди - тўп рикошет оқали Вейналдумга етиб борди ва мезбонлар иккинчи голни ҳам уришди.

Икки дақиқа ўтиб эса Шақири чап қанотдан дарвозабон майдончаси ҳудудига юқорилатиб тўп оширди - Пике ва Лангле бир-бирига ишониб тўпга сакрамади, Вейналдум эса боши билан иккинчи голини урди - энди таблода ўйиндан олдин деярли ҳеч ким ўйламаган ҳисоб порлаб турарди. «Энфилд» эса қайнаётган қозонга айланганди, «Барса» устида «Рома» шарпалари айлана бошлади.

Ўзига хос қарор
Вальверде ўтни ўчиришга урина бошлади - майдонда Видаль ва Коутиньо ўрнида Самеду ва Артур пайдо бўлди, аммо 79-дақиқада «Барса» мезбонлар қопқонига тушди.

Биринчи эпизод. Дақиқа: 77.58 – 78.03. Ҳисоб «Ливерпуль» фойдасига 3:0. 20 ёшли Трент Александер-Арнолд ўнг қанотда ҳужум уюштирди. Унга Сержи Роберто қаршилик қилди. Англиялик футболчи рақибни алдаб ўтишга ҳаракат қилмади, у узатмани шундай амалга оширдики, худди тўп рақибга тегиб, бурчак тўпи ишлашни истагандек. Худди шундай бўлди ҳам.

Иккинчи эпизод. Дақиқа: 78.03 – 78.09. Реклама шитига теккан тўп майдонга қайтди. Дарвозабон чизиғида турган Дивок Ориги уни боллбой томонга қарата тепди.

Учинчи эпизод. Дақиқа: 78.05 – 78.06. Боллбой бу вақтда Александр-Арнолдга бошқа тўп узатганди – «Ливерпуль» футболчилари бурчак зарбаси ижро этишлари учун.

Тўртинчи эпизод. Дақиқа: 78.09 – 78.11. Александер-Арнолд тўпни бурчакка ўрнатди. Рақиблар тўпдан керакли масофада - 9,15 метрдан узоқ масофада турганди. Яъни, барчаси қоида бўйича кетаётганди.

Бешинчи эпизод. Дақиқа: 78.12. Александер-Арнолд тўпни секторга ўрнатгач, тўпни ўйинга киритишни бошқа шеригига қолдиргандек, бурчакдан узоқлаша бошлади.

Бурчак зарбасини ижро этиш учун Жердан Шақири йўл олди. Аммо бир неча қадам ташлаган британиялик ёш футболчи «Барселона» футболчилари ҳали ҳимоя позицияларини эгаллашмаганини кўрди – каталонлар унга орқа ўгириб туришар ва бир-бирлари билан гаплашишаётганди, улар бурчак зарбаси амалга оширилишига тайёр эмасдилар.

Сержи Роберто бурчак зарбаси ижро этилишига бир неча сония борлигида Жорди Альбага бармоғи билан Александер-Арнолдга яқинлашишни кўрсатди ва ўзи ўгирилиб жарима майдонига хотиржам йўл олди.

Олтинчи эпизод. Дақиқа: 78.13 – 78.15. Александер-Арнолд Ориги ҳали ҳам дарвоза яқинида турганини кўрди ва кескин ўгирилиб бурчакда турган тўпни унга узатди. Бельгиялик ҳужумчи бир зарба билан тўпни тер Штегеннинг узоқ бурчагига йўналтирди ва «Барселона»ни Чемпионлар лигасидан чиқариб юборувчи голни урди. 4:0!

«Барса»нинг бу вазиятни сезиб қолган ягона футболчиси Жерар Пике эди, у Оригига халал бериш учун ташланганди, аммо улгурмади. Марк-Андре тер Штеген эса Александер-Арнолд «Барселона» учун ҳал қилувчи узатмани амалга оширган вақтида бошқа томонга қараб туриб, ҳимоячиларга кўрсатма бераётганди.

«Бундай голни ўсмирлар футболида кўрсак, бундай голни ўтказиб юборган футболчилар ухлашяпти, уларда футбол менталитети шаклланмаган дейиш мумкин. Бу вазиятни тушунтириш жуда қийин. Вальверденинг изоҳини тинглашни истардим», деди айни вақтда beIN Sports телеканалида эксперт бўлиб ишлаётган Жозе Моуриньо.

Қандай қилиб бутун жамоа ЕЧЛ яримфиналида диққатни йўқотиши мумкин? Балки Александр-Арнольднинг бундай ҳаракатланишини Клопп машғулотлар вақтида ўйлаб топгандир: «Барса»нинг барча ҳимоячилари бурчак тўпи ҳаволатиб узатилишини кутди ва кейин Ориги эмин-эркин тўпни тер Штегеннинг узоқ бурчагига жойлаштиришини томоша қилди.

Бутун мавсум давомида захира ўриндиғини иситиб ўтирган бельгиялик ҳужумчи бу ўйинда тўпга атиги 30 марта тегинди, шерикларига ҳал қилувчи паслар узатмади, икки марта зарба берди ва икки гол урди. Аммо у керак вақтда керак жойда пайдо бўла олди. 24 ёшли марказий ҳужумчи ўз ишини бажарди ва бу қаҳрамонга айланиш учун етарли бўлди.

Трибуна ақлдан озди - мухлислар Чемпионлар лигаси финалини нишонлашга киришишди. 

Меҳмонларда вазиятни ўнглаш ва шармандаликдан қутулиш учун 10 дақиқа қолганди. Аммо улар буни уддалай олишмади - «Ливерпуль» уддалаб бўлмас топшириқни бажарди, Месси бошчилигидаги «Барса» эса қаторасига иккинчи мавсумда биринчи ўйиндаги йирик ҳисобдаги устунликни қўлдан бой бериб, турнирни тарк этди. Месси энди ваъдасини кейинги мавсумда бажаришга ҳаракат қилади.

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз