Узбек O'zbek
Салоҳсиз «Ливерпуль» «Барселона»га қарши мўъжиза кўрсата оладими? ЕЧЛ анонси
Сешанба, 07 Май
5492

Сешанба оқшомида «Энфилд»да Чемпионлар лигаси яримфинали доирасида биринчи жавоб учрашуви ўтказилади. «Ливерпуль» «Барселона»га қарши ўйинда 3та тўп фарқини йўққа чиқаришга ҳаракат қилади.

Чемпионлар лигаси. 1/2 финал. Жавоб ўйини
Ливерпуль – Барселона
7 май. Ливерпуль. «Энфилд» стадиони. 00.00.
Ҳакам: Жунейт Чақир (Туркия).
Биринчи ўйин – 0:3.

«Турнирни мағрур тарк этиш»
Қисқача айтадиган бўлсак, Юрген Клоппнинг ишлари чатоқ. Барселонадаги биринчи ўйинда 0:3 ҳисобида мағлуб бўлингач ҳам жамоа мухлислари умидни сўндиришмаганди, аммо сўнгги ҳафта ичида «Ливерпуль» жиддий йўқотишларга учради. Шанба куни премьер-лига доирасида «Ньюкасл»га қарши кечган ўйинда мерсисайдликларнинг асосий футболчиларидан бири Муҳаммад Салоҳ рақиб дарвозабони Дубравка билан тўқнашиб кетди. Бошидан жароҳат олган мисрлик футболчи ўйинни давом эттира олмади - уни майдондан замбилда олиб кетишди.

Якшанба куни британ нашрлари Салоҳ «Барселона»га қарши ўйинга тайёр бўлиш-бўлмаслиги ҳақидаги хабарлар билан тўлдирилди. Душанба куни ташхис қўйилди - бош мия чайқалиши. 

Душанба оқшомида ўтказилган матбуот анжуманида Юрген Клопп мерсисайдлик мухлислар учун ёқимсиз хабарни эълон қилди - Салоҳ ҳам, Фирмино ҳам «Барселона»га қарши жавоб учрашувини ўтказиб юбориши аниқ бўлганди: «Асосий ҳужумчиларимиздан икки нафари бу ўйинда жамоага ёрдам бера олмайди. Бу ўйинда эса «Ливерпуль» рақибга 4та гол уриши керак. Бу осон бўлмаслиги аниқ, аммо биз ҳаракат қиламиз. Агар буни уддалай олмасак ҳам, турнирни чиройли тарзда тарк этишга уриниб кўрамиз».

Месси учун 10 ҳайкал
Салоҳ учун тарих такрорланмоқда. Бир йил муқаддам «Ливерпуль» унингсиз Испаниянинг бошқа бир гранди «Реал»ни мағлуб этолмаганди. Ўшанда финал ўйини бошида мисрлик футболчи рақиб ҳимоячиси Серхио Рамос билан тўқнашув оқибатида елкасидан жароҳат олиб, майдонни барвақт тарк этишга мажбур бўлганди. Ҳозир ҳам шунга яқинроқ вазият. «Камп Ноу»даги биринчи ўйин охирида Салоҳ жавоб голи уриш имкониятини йўққа чиқарганди - унинг бўш дарвоза томон йўллаган зарбаси устундан қайтганди. Агар ўшанда ҳисоб 3:1 кўринишига келтирилганида, Ливерпулда мезбонлар оптимистик кайфиятда ўйинни бошлашлари мумкин бўларди. Лекин Салоҳ ва Фирминосиз қолган мерсисайдликлар керакли ҳисобдаги ғалабага умид қила оладиларми?

«Биз сўнгги 6 кун ичида учинчи ўйинни ўтказамиз. «Барселона» эса дам олиш кунларида ротация қилиш имконига эга бўлди. Бу катта фарқ. Аммо менинг йигитларим таслим бўлишмайди», деди Клопп.

Охирги хабарларга кўра эса жамоанинг яна бир етакчиси Виржийл ван Дейк жамоанинг охирги машғулотларида қатнашмаган - у Окслейд-Чемберлен билан биргаликда алоҳида шуғулланган.

Каталонияликлар Испания чемпионлиги масаласи ҳал бўлиб улгургач, шанба куни «Сельта»га қарши ўйинда иккинчи таркибни туширди ва 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Ўша ўйинда «Барселона» шарафини Ваге, Фермален, Тодибо, Пуиг, Аленья, Боатенг ва Силлессен каби футболчилар ҳимоя қилди. Бу футболчиларнинг ҳеч бири шу вақтгача бошланғич таркибда тушишмаганди.

Месси ва «Барселона»нинг бошқа асосий футболчиларига Эрнесто Вальверде дам берди. «Ливерпуль»га қарши биринчи ўйинда аргентиналик футболчи яна бир бор ўзининг улуғворлигини намойиш этган ва икки гол уриб, ҳисобни йирик кўринишга келтирганди. Шу кунларда клуб президенти Хосеп Бартомеудан «Барселона»нинг янгиланган стадионида Месси ҳайкали учун жой бўлиши эҳтимоли ҳақида сўрашди. У эса ўйланиб ўтирмасдан шундай деди: «Мессининг 10та ҳайкали бўлади».

«Олтин тўп» Мессиники
«Энфилд»да аргентиналик футболчи учун ҳайкал қўйилмаслиги аниқ. Ҳарҳолда у шу вақтга қадар Ливерпулда гол урмаган. Аммо у бугун бу статистикани тўғрилаши мумкин. Англиядаги топ-6 вакилларига Месси 26 гол уриб улгурган ва бу борада у Азар билан тенг натижа кўрсатмоқда. Бу борада олдинги ўринларда фақат Агуэро (43) ва Варди (31) жойлашган. Лекин Месси АПЛда ўйнамайди ва бу клубларга қарши фақат ЕЧЛ ўйинларида тўқнаш келади.

Аммо ҳозирда Мессининг мақсади бошқа. У «Олтин тўп»га эга чиқиб, Криштиану Роналдуни бу борада ҳам ортда қолдирмоқчи (айни вақтда ҳисоб 5:5). Бартомеу бу борада шундай ҳазил қилди: «Менга қолса, «Олтин тўп»ни Мессига бермасдим. Чунки у бутунлай бошқа ўлчамда».

Яна бир интрига - Суарес ва Коутиньонинг «Энфилд»га қайтиши. 2013-14 йилги мавсумда улар биргаликда «Ливерпуль» шарафини ҳимоя қилишган. Иккиси ҳам «Барселона»га трансфер бўлиб, ўзлари ҳақида ёрқин хотиралар қолдириб кетишган.

Ҳа, мерсисайдлик фанатлар биринчи ўйинда уругвайлик ҳужумчи гол уриб, уни нишонлаганидан қаттиқ ранжишди. Мерсисайдлик мухлислар Мессини турнирдан четлатишни сўраб, петиция ҳам уюштиришди - бунга у биринчи ўйиндаги вазиятлардан бирида Фабиньонинг юзига ургани ва жазосиз қолгани дастак қилиб келтирилди. Аммо УЕФА бу вазиятни эътиборсиз қолдирди.

«Ливерпуль» ҳеч кимнинг ёрдамидан умид қилмасдан, кучли рақибга жавобсиз 3та гол уриши талаб этилади. Миссия уддалаб бўлмас топшириқдек кўринмоқда. Аммо ўтган мавсумда «Барселона» чорак финалда «Рома»га қарши биринчи ўйинда 4:1 ҳисобида ғалаба қозона туриб, Римдаги жавоб учрашувида устунликни бой бериб, 0:3 ҳисобида ютқазгани ва турнирни тарк этганини эслаш мумкин. Яна бир мўъжиза содир бўлиши мумкинми?

Чемпионлар лигаси тарихида плей-офф босқичида фақат икки марта биринчи ўйинда 3 тўп фарқи билан ютқазган жамоа жавоб ўйинида вазиятни ўнглаб, кейинги босқичга чиқа олган. 2004 йилда «Депортиво» «Милан» тўсиғидан ўтган (испанлар Италияда 1:4 ҳисобида мағлуб бўлгач, ўз майдонида 4:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди), ўтган мавсумда «Рома» «Барселона» худди шундай вазиятдан чиқиб кетганди (1:4, 3:0). Бу борадаги рекорд кўрсаткич эса каталонияликларга тегишли, жамоа икки йил муқаддам Парижда «ПСЖ»га 4та тўп фарқи билан мағлуб бўлгач, жавоб ўйинида 6:1 ҳисобида ғалаба қозонганди.

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз