Узбек O'zbek
Компанидан «олтин зарба» ва «Сити»да охирги қадам. Охирги тур арафасида вазият қандай?
Сешанба, 07 Май
7119

«Манчестер Сити» АПЛнинг 37-турида қийинчилик билан «Лестер»ни мағлуб этди (1:0) ва премьер-лига турнир жадвалида яна «Ливерпуль»ни қувиб ўтди. Энди барчаси шу ҳафта охиридаги якшанбада, мавсумнинг охирги ўйинларида ҳал бўлади.

Англия чемпионати. Премьер-лига. 37-тур
«Манчестер Сити» – «Лестер» – 1:0
(0:0)
Гол: Компани, 70.
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Уокер, Компани, Ляпорт, Зинченко, Сильва (Стоунс, 90+1), Гундўған, Фоден (Сане, 56), Бернарду Силва, Агуэро (Габриэл Жезус, 87), Стерлинг.
«Лестер»: Шмайхель, Рикарду Перейра, Эванс, Магуайр, Чилвелл, Олбрайтон (Грэй, 85), Ндиди, Чудхури, Тилеманс (Барнс, 75), Мэддисон (Ихеаначо, 80), Варди.
Огоҳлантиришлар: Сильва, 22. Магуайр, 35. Компани, 44. Габриэл Жезус, 89. Ихеаначо, 90.
Ҳакам: Дин.
6 май. Манчестер. «Этиҳад» стадиони.

Футбол карикатурачилари учун «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль»нинг «мушук-сичқон ўйини» кўплаб ғоялар учун илҳом бериб келмоқда. Англия чемпионатининг ҳар бир тури олдидан янги карикатуралар пайдо бўлади. «Сити»нинг «Лестер»га қарши ўйини арафасида рассомлардан бири Юрген Клоппни «шаҳарликлар»нинг навбатдаги рақиби футболкасида тасвирлади. Унинг олдида эса «Сити»нинг олдинги рақиблари - «МЮ», «Тоттенҳэм», «Кристал Пэлас» ва «Бёрнли» футболкалари чиқинди идишига ирғитилган ҳолатда кўрсатилган (бу жамоаларнинг ҳеч бири мерсисайдликлар жамоаси умидларини оқлай олмади ва «Сити» бу жамоаларга қарши ўйинларда очко йўқотмади).

Пеп Гвардиола ўйиндан олдин «Ливерпуль» ўз фаолияти давомида тўқнашган энг кучли икки рақибдан бири эканини тан олди. Иккинчиси – «Бавария»ни Чемпионлар лигасидан чиқариб юборган Луис Энрике бошқарувидаги «Барселона».

Бугунги «Ливерпуль» ҳақиқатдан ҳам буюк жамоага айланди - жамғарилган очколарнинг ўзи буни тасдиқлайди. Беш йил муқаддам ҳам қизиллар чемпионлик учун охиригача курашган ва «Сити» билан бир қаторда асосий фаворит бўлганди. Лекин ўшанда охирги турлардан бирида «Челси»га қарши ўйинда Стивен Жеррарднинг йиқилиб тўп йўқотиши оқибатида жамоа рақибни олдинга ўтказиб юборган, якундан «Манчестер Сити» чемпионликни нишонлаганди.

Ўшанда «Ливерпуль»га Брендан Рожерс устозлик қилганди. Ушбу шимолий ирландиялик мутахассиснинг «Энфилд»га меҳри бўлакча. Февраль ойида Рожерс «Лестер»ни қабул қилиб олди ва оғир аҳволдаги жамоани Европа Лигаси учун курашаётган жамоага айлантирди. Энди собиқ жамоаси фанатлари ундан «Сити»га қарши муҳим ўйинда матонат кўрсатишни кутишаётганди. Мураббий эса ўйин арафасида берган интервьюсида шундай деди: «Мен бор диққат-эътиборимни «Лестер»га қаратганман. Ҳа, бу ҳаяжонли, биз чемпионлик тақдирига таъсир кўрсатишимиз мумкин, аммо мен ҳозир фақат ҳозирги клубим ҳақида ўйламоқдаман».

«Тулкилар»га чиндан ҳам очко керак эди, жамоада Европа Лигасига йўлланма олиш учун минимал имкониятлар сақланиб қолган, бунинг учун жамоа охирги турларда «Манчестер Сити» ва «Челси»ни мағлуб этиши керак эди.

«Лестер» «Этиҳад»да мардонавор курашди. Рақиб нақадар кучли бўлмасин, улар бу майдонда заррача қўрқув ҳис қилишмади. Биринчи бўлим давомида Тилимансда ва Рикарду Перейрада гол уриш учун қулай имкониятлар бўлди. Тилеманснинг зарбаси бироз хато кетди, Перейранинг зарбасини эса Компани тўсиб қолди.

«Сити» майдонда фаолроқ бўлди ва гол уриш учун энг яхши имконият мезбонларда юзага келди: Агуэро тўпни куч билан дарвоза сари йўллаганида тўп тўсинга тегиб пастга шўнғиди, аммо Каспер Шмейхель уни дарвоза чизиғидан ўтмасидан қайтариб юборди - ўйин ҳаками Майк Диннинг қўлидаги соатда гол бўлмагани кўрсатилди. Ўтган турда аргентиналик футболчи «Бёрнли»га худди шундай ҳолатда гол урган, ўшанда ҳакамнинг қўлидаги соат тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтганини кўрсатганди.

Иккинчи бўлимни ҳам жамлалар фаоллик билан бошлашди - Гундўған ва Мэддисонда қулай имкониятлар бўлди, уларнинг иккисига ҳам бироз аниқлик етишмади. «Лестер» хотиржамлик билан ҳимояланишда давом этди. 

Гвардиола 56-дақиқадаёқ захирадан фойдаланишга қарор қилди, Фоден ўрнига Сане майдонга ташланди. Шундан кейин «Сити» марказдан ҳам, қанотлардан ҳам ҳужум уюштира бошлади, танк каби босим уюштирди. 69-дақиқада Агуэро бир амаллаб рақиб жарима майдонига ёриб кирди ва зарба берди, Шмейхель яна қутқарди.

70-дақиқада эса мезбонларнинг кўп йиллик сардори Компани 35 метр масофадан Шмейхель қўриқлаётган дарвозанинг «тўққизлиги»ни аниқ нишонга олди. Фантастика! Бу кейинги йилларда жароҳатлар туфайли асосий таркибдан тушиб қолган бельгиялик ҳимоячининг муҳим паллада катта саҳнага чиқиши бўлди.

Эътиборли жиҳати, у тўп билан олдинга интилаётганида барча жамоадошлари Компанини зарба беришдан қайтаришди. Улардан бири Агуэро ўйиндан кейин кулимсираб тан олди: «Мен сенга қараб, қичқирдим: Тепма! Йўқ, Винни, йўқ!».

«Барча «тепма» дея бақирди, аммо мен шу вақтгача тепиш учун қулай вазият бўлиб турганида бошқаларнинг тепмаслик ҳақидаги гапларига қулоқ солмаганман. Гап голлар сонидамас, ўз вақтида урилганида. Бугун ҳам айни вақти эканини ҳис қилиб турардим», – дея бельгиялик футболчининг сўзларини келтирди Independent.

Sky Sports эса Компанидан бошқа бир иқтибос келтирди: «Мен машғулотлар вақтида бундай голларни кўп ураман! Мен 15 йилдан буён топ-даражада тўп сураман, яримҳимоячилар эса менга дейишади: «Тепма, қанотга узат». Уларга узатганимда хато қилишганида эса мен дейман: «Ваъда бераман, қачондир мен жарима майдони ташқарисидан зарба йўллаб гол ураман ва сиз бундан жуда ҳам хурсанд бўласиз».

Қайд этиш керакки, жамоадошларида уни зарба йўллашдан қайтаришга етарли асослар бўлган: бу ҳимоячининг мавсумдаги илк голи бўлди. У охирги марта 2018 йилнинг 7 апрелида премьер-лига доирасида «МЮ»га қарши ўйинда гол урганди. Бу гол Компанининг «шаҳарликлар» сафидаги 20-голи эди, ҳолбуки у бу жамоада 11-мавсумини ўтказмоқда. Қолаверса, бу гол унинг «Ман Сити» сафида жарима майдони ташқарисидан урган илк голидир - бу эса жамоадошлари Венсанни зарба беришдан тўхтатишга уринишининг асосий сабабидир. Бу гол жамоа учун мавсумдаги 100-гол бўлди ва бу АПЛ рекордидир.

Компанининг голи трендга чиқиб, твиттерда Британия тахти учун яна бир валиаҳд - шаҳзода Ҳаррининг ўғли туғилгани ҳақидаги муҳокамаларни ортда қолдирди. Тўғри, Англияда чемпионлик пойгаси қироллик хонадонидаги яна бир чақалоқдан муҳимроқ бўлиб улгурган. Жамоанинг шу даражага етишида беқиёс хизмат кўрсатган фахрий футболчининг бу голи «олтин гол»га айланиши мумкин - бунда ҳам рамзий маъно бор.

Ўйиннинг қолган қисмида манчестерликлар тўпни назорат қила бошлашди ва эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишди.

«Лестер» мағлубиятдан қутулиб қолиши ва «Ливерпуль»га ёрдам қўлини чўзиши мумкин эди. Аммо ўйинга 80-дақиқада захирадан қўшилган «Сити»нинг собиқ ҳужумчиси Ихеначо 87-дақиқада яккама-якка вазиятда гол урмай, собиқ жамоасига «ёрдам бериб юборди».

«Сити» охирги тур арафасида яна қизиллардан ўзиб кетди ва соврин учун катта қадам ташлади. Жамоа охирги турда ғалаба қозонса - чемпион бўлади, «Ливерпуль»нинг вазияти эса оғирроқ.

Ҳал қилувчи тур олдидан:

1. «Манчестер Сити» – 37 ўйин, 95 очко.

Рақиб – «Брайтон», 17-ўрин, 37 очко. «Сити» бу жамоага қарши сўнгги 4 ўйинида 4 бор ғалабага эришган. Бу ҳафтада бошқа ўйини йўқ. Жароҳат олган етакчилари: Де Брюйне, Фернандиньо.

2. «Ливерпуль» – 37 ўйин, 94 очко.

Рақиб – «Вулверҳэмптон», 7-ўрин, 57 очко. «Ливерпуль» бу жамоага қарши сўнгги 3 ўйинида атиги 1 бор ғалабага эришган. Ҳафта давомида бошқа ўйини ҳам бор – ЕЧЛ яримфиналида «Барселона»га қарши жавоб ўйини. Жароҳат олган етакчилари: Салоҳ, Фирмино.

«Сити» – чемпион, агар...
• охирги турда «Брайтон»ни енгса;

• охирги турда «Брайтон»га 3тадан ортиқ гол фарқи билан ютқазмаса ва «Ливерпуль» дуранг ўйнаса;

• охирги турда «Брайтону» 4тагача гол фарқи билан ютқазса, «Ливерпуль» эса – 0:0, 1:1, 2:2 ёки 3:3 ҳисобларида дуранг ўйнаса;

«Ливерпуль» – чемпион, агар...
• Охирги турда «Вулверҳэмптон»ни енгса, «Сити» эса «Брайтон»га мағлуб бўлса; 

• охирги турда «Вулверҳэмптон»ни енгса, «Сити» эса «Брайтон» билан дуранг ўйнаса;

• «Вулверҳэмптон» билан дуранг ўйнаса, «Сити» эса «Брайтон»га 5 ёки ундан кўп гол фарқи билан ютқазса.

«Ман Сити» ва «Ливерпуль» ўртасида Олтин ўйин ўтказилади, агар...
• «Ливерпуль» «Вулверҳэмптон» билан дуранг ўйнаса, «Сити» «Брайтон»га 4та гол фарқи билан ютқазса ва жамоаларда голлар нисбати бир хил бўлса.

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз