Узбек O'zbek
«Персеполис» мураббийи Бранко Иванкович: «Осиё Кубогида Ўзбекистондан яхшироқ натижа кутгандим...»
Якшанба, 05 Май
3332

Эртага, 6 май куни Тошкентда ОЧЛ 5-туридан ўрин олган «Пахтакор» - «Персеполис» ўйини ўтказилади. «Пахтакор» стадиони анжуманлар залида ҳар икки жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда қатнашган эронликлар мураббийи Бранко Иванкович ўзбек футболи ҳақида илиқ фикрлар билдирди.

«Биз ОЧЛдаги энг кучли гуруҳлардан бирида қатнашяпмиз. «Пахтакор» бизга қарши биринчи ўйинда қандай кучли эканини кўрсатди. Ҳозирда етакчилик қилаётган «Ас Садд» ўз чемпионатида ғолиб бўлишга улгурди, «Ал Аҳли» ҳам Саудиянинг энг кучли клубларидан бири. «Пахтакор»га қарши ўйин осон кечмайди. Бу жамоада кўплаб миллий жамоа футболчилари йиғилган ва ўз чемпионатида биринчи бўлиб турибди. Мураббий «Пахтакор»ни тартибли, кучли ўйин кўрсатадиган жамоага айлантира олган.

Эртанги ўйин биз учун жуда муҳим, ҳозир ҳаммада имконият бор: бизда ҳам, «Ас Садд» ва «Пахтакор»да ҳам. Рақибимизнинг ўйинларини, айниқса «Ас Садд»га қарши икки ўйинини яхши ўргандик. Бизнинг таркибимизда йўқотишлар бор. Бир футболчимиз дисквалификацияга учраган, яна бири ўзини ёмон ҳис қилмоқда. Умуман олганда, Тошкентда бўлиб турганимдан ва Чемпионлар Лигасида ўйнаётганимиздан хурсандман.

Чемпионлар Лигасида осон ўйиннинг ўзи йўқ. Эртага бизга 3 очко жуда муҳим, худди шундай «Пахтакор»га ҳам очко керак. Бунинг устига «Пахтакор» стадионида, мезбон жамоа мухлислари қаршисида ўйнашимиз керак. Аммо бизда тажрибали ўйинчилар бор, биз ОЧЛнинг амалдаги финалчисимиз. Яқинда «Тракторсози»га қарши ҳам қийин ўйинни ўтказдик, биз қийин ўйинларда, босим остида ўйнашга одатланганмиз. Биласизми, футбол ўйнаш дунёдаги энг ёқимли иш. Шу учун ҳар қандай шароитда футболдан завқланиш керак.

«Пахтакор» бизга қарши биринчи ўйиндагига қараганда яхшироқ ўйнаяпти, чунки ўша ўйиндан сўнг Ўзбекистонда чемпионат ўйинлари бошланди. «Пахтакор» айни дамда жисмоний жиҳатдан ҳавас қиларли даражада яхши. Улар чемпионатда асосий рақобатчилари «Локомотив»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этишгани ҳам бежизга эмас.

Эртага ҳакамлар хато қилишидан қўрқмайманми? Йўқ, ҳакамлар ҳам одам, улар ҳам хато қилиши мумкин. «Ас Садд» билан ўйинда ҳам ҳакам бизнинг зараримизга хато қилди, лекин бу футбол, унда хатолар бўлиб туради. Мен ўйиндан сўнг яхши нарсаларни ўйламоқчиман. Қаерда ўйнашдан қатъи назар ўз ўйинимизни кўрсатсак, муаммо бўлмайди. Биз хатоларни жамоа ичидан қидирамиз, ташқаридан эмас. ОЧЛда юқори даражадаги ҳакамлар ишлашига шубҳа қилмайман.

Биз қаерда ўйнашимизга қарамай, ғалаба қозонишга интиламиз. Эртага «Пахтакор»дан яхшироқ бўлишга ҳаракат қиламиз. Ҳа, биз ўтган мавсум «Насаф»га қарши иккита қийин ўйин ўтказгандик. «Насаф» ҳозирда Ўзбекистоннинг энг кучли 4 жамоасидан бири бўлмаса ҳам, мен уларни яхши жамоа деб биламан. Ўзбек футболини ҳурмат қиламан, у ҳақда кўп гапиришим мумкин. Ҳозир «Пахтакор»да яхши жамоа шаклланган, тажрибали ва ёш футболчиларнинг уйғунлиги ҳам ўз жойида. Тўғриси, Осиё Кубогида Ўзбекистондан яхшироқ натижа кутгандим»,- деб мураббийнинг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз