Узбек O'zbek
Алиризо Бейронванд: «Пахтакор» ҳурматга муносиб жамоа»
Якшанба, 05 Май
1628

Эрон миллий жамоаси ҳамда «Персеполис» футболчиси Алиризо Бейронванд Осиё Чемпионлар Лигаси 5-туридан ўрин олган «Пахтакор»га қарши ўйин ҳақида ўз фикрларини билдирар экан нега Европадан келган таклифларни рад этганини айтди.

«4 йилдан буён Чемпионлар Лигасида ўйнаётганимиздан хурсандман. Бу учун Яратганга шукрона айтаман. Осиёнинг бош мусобақасида яхши ўйин кўрсатяпмиз. Биз ОЧЛда бу мавсум ҳам узоқроққача бормоқчимиз. Эртанги ўйинда ғалаба қозониб, кейинги босқич масаласини ҳал қилиш керак. Лекин бу учун техник жиҳатдан кучли бўлган «Пахтакор»ни енгишимиз лозим. «Пахтакор» ҳурматга муносиб жамоа.

Биз охирги икки йилни яхши ўтказдик, ўтган мавсум ОЧЛда финалгача бордик. ФИФА иккита футболчимизни рўйхатдан ўтказишга қаршилик қилганига қарамай, узоққача боргандик. Бу йил ҳам таркибимиз ёмон эмас ва мухлисларимизнинг умидларини оқламоқчимиз. Биз учта мусобақада қатнашяпмиз ва ҳаммасида ғолиб чиқмоқчимиз. Чемпионатда яна 4 очко олсак, чемпионликни ҳал қиламиз, мамлакат кубогида ҳам ярим финалга чиққанмиз.

Ҳар 4 кунда ўйин ўтказишга мажбур бўлаётганимиз бизга қийинчилик туғдирмоқда, лекин амаллаяпмиз. Мураббий бизга ҳар ўйинда мотивация топиб бермоқда. Худо хоҳласа, эронлик мухлисларни хурсанд қилиб, эртага ғалаба қозонамиз.

«Персеполис»га қўшилаётганимда жамоанинг Осиё ва Эронда энг машҳур клублардан бири эканини ва бу ерда кучли мураббий ишлашини билардим. «Персеполис»да узоқроқ қолишни истайман. Ҳа, менга ЖЧдан сўнг таклифлар бўлди, лекин «Персеполис»да қолишга қарор қилдим. Чунки ФИФА бизга янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишга тақиқ қўйган. Қийин вақтда жамоани ташлаб кетишни истамадим. Бу жамоа билан ҳаётимдаги энг яхши хотираларимни ўтказганман. Лекин Европада ўйнашни орзу қилишимни яширмайман»,- деб Бейронванднинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

Алиризо Бейронванд Эрон миллий жамоаси билан иккита ЖЧда қатнашган. ЖЧ-2018 баҳсларида форслар гуруҳдан чиқа олмаган бўлишса-да, мухлисларда яхши таассурот қолдиришганди. Португалий билан ўйинда Бейронванд Криштиану Роналдунинг пенальтисини қайтарганидан сўнг унга Европа клублари қизиқа бошлаганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз