Узбек O'zbek
Ўт ўчирувчи. Ҳал қилувчи паллада порловчи Серхио ҳақида
Шанба, 04 Май
5553

Англия Премьер-лигасида кўплаб кучли футболчилар ўйнаган, ўйнамоқда. Кимдир охирги йилларда Азарнинг Альбионда энг зўр эканини айтади, кимдир Руни ҳаммадан зўр бўлган дейди, яна кимлардир АПЛ Роналду каби футболчини бошқа кўрмади дейди. Лекин тан олиш керак, Англия Премьер-лигасининг охирги 10 йилликдаги энг топ-топ-топ футболчиси бу – Серхио Агуэро.

Серхионинг ҳар хил кўрсаткичлари, кетма-кет 5 мавсумда камида 20та гол уриши ёки «Сити» тарихидаги энг зўр футболчи деб тан олиниши – булар иккинчи масала. Унинг асосий устунлиги – энг керак вақтда ўз сўзини айтишида. АПЛ 36-турида «Сити» меҳмонда «Бёрнли»ни катта қийинчилик билан енгди. Ўша ўйинда Агуэро жуда муҳим голни урди. У киритган ғалаба голида тўп дарвоза тўрига ҳам тегмади, чизиқни атиги 3 сантиметргагина босиб ўтди, лекин бу оддий гол ҳар қандай чиройлиларидан яхшироқ. Қуйида нега Серхио «Сити»нинг юраги экани ҳақида гаплашамиз...

2012 йил. «Манчестер Сити» – «КПР»

«Бёрнли» билан ўйиндан сўнг кўпчилик «Манчестер Сити»га 44 йилдан кейин Англия чемпиони деган номни қайтарган 2012 йилдаги «КПР»га қарши ўйинни эслади. Бу ўйинда Агуэро томонидан урилган гол расман АПЛ тарихидаги энг эсда қоларли лаҳза деб тан олинган. Ўша ўйинни инглиз футболига бефарқ бўлмаган мухлислар яхши эслайди.

38-турга тўғри келган ўша ўйинда «КПР» бу қадар жиддий курашганига сабаб бор эди. Чунки клуб «хавфли ҳудуд»да тақдири ҳал бўлмаган икки жамоадан бири эди. «Блэкберн» ва «Вулверҳэмптон» Чемпионшипга йўл олиши аниқ бўлган ва яна икки жамоа Премьер-лигада қолиш учун курашаётганди: «КПР» ва «Болтон».

Агар охирги турда «Болтон» меҳмонда «Сток Сити»ни мағлуб этиб қўйса, «КПР» фақат ғалаба қозониши керак эди. 77-дақиқада «Сток Сити» футболчиси Жонатан Уолтерс пенальтидан гол уриб, ҳисобни 2:2 кўринишига келтирмагунига қадар «Болтон» ғалаба қозонаётганди ҳам. Шу сабаб «КПР» нима қилиб бўлса ҳам «Манчестер Сити»ни енгиши керак эди. «Сити» эса иккинчи ўринда бораётган «МЮ» билан бир хил очко тўплаган ва тўплар нисбатига кўра етакчилик қилаётганди. Бундай ҳолатда «Сити» фақат ғалаба қозонсагина ўзини яхши ҳис қила оларди.

Мана шундай супер интригали ўйинда «КПР» сафидаги кўпчилик унутаёзган Жибриел Сиссе ҳам «Мессига айланган» ва «Сити» ҳимоясини мазах қилиб, гол урганди. 66-дақиқада Арман Траоренинг узатмасидан сўнг шотландиялик Жейми Мекки гол уриб, «КПР»ни ҳисобда олдинга олиб чиққанида Марк Хьюз шогирдлари «осиёликларнинг капитали эвазига терилган аллақандай жамоа»нинг чемпион бўлишига йўл қўймаётганларидан сармаст бўлиб, осмонда уча бошладилар. Марк Хьюз собиқ «МЮ» футболчиси экани эса ғалабанинг қадрини янада оширарди.

«Сити» ўйиннинг асосий вақти тугаганида 1:2 ҳисобида имкониятни бой бераётганди, лекин ҳакам томонидан қўшиб берилган 5 дақиқада «чемпионлик жанги бошланади». 90+2-дақиқада Эдин Жеко кетма-кет амалга оширилган 5-бурчак тўпидан сўнг ҳисобни тенглаштиради.

90+4-дақиқада эса Серхио Агуэро Премьер-лига тарихидаги энг даҳшатли голни уради. Серхионинг ўзи жарима майдони атрофида тўпни эгаллаб олиб ҳужумни бошлайди. У тўпни дарвозага тескари қараб турган Балотеллига оширади. Гавдасидан яхши фойдаланадиган Супермарио иккита футболчини чалғитиб, ётиб бўлса ҳам тўпни Агуэронинг йўналишига ташлаб беради. Серхио битта ҳимоячини алдаб, яқин бурчакни нишонга олади ва фаолиятидаги энг муҳим голни уради. Бу гол нафақат «Сити»ни Англия чемпиони қилгани билан, балки «Юнайтед»ни чемпионликдан маҳрум қилгани билан ҳам қадрли эди. Агуэронинг «Сити» қиролига айланиши айнан ўша зарбадан бошланганди аслида.

2019 йил. «Манчестер Сити» – «Ливерпуль»

Премьер-лиганинг 2018/19 йилги мавсумини «Ливерпуль» жуда яхши бошлади. Мавсум ўртасига келганда кўпчилик 30 йилдан сўнг ниҳоят «Ливерпуль» АПЛ чемпинлигига қайтиши ҳақида гапира бошлади. Клопп шогирдлари «шаҳарликлар»дан 7 очкога илгарилаб кетишганди-да. Аммо 21-турдаги ўзаро ўйинда «Сити» ўз майдонида «Ливерпул»ни 2:1 ҳисобида енгиб, фарқни 4тагача қисқартирди ва чемпионлик интригасини сақлаб қолди. Кейинчалик «Ливерпуль» икки марта дуранг ўйнади ва оқибатда «Сити»ни ўтказиб юборди.

«Ливерпул»га қарши ўзаро ўйинда ҳисобни Агуэро очди. У яқин бурчакдан туриб Алиссон дарвозасининг юқори тўққизлигини аниқ нишонга олди. Бу чиройли гол Клопп жамоасига кучли зарба бўлди. Жамоанинг ўтган мавсумдаги энг катта камчилиги бўлган дарвоза чизиғининг ниҳоят муносиб вакилига айланган Алиссоннинг бундай гол ўтказиши бутун жамоага таъсир қилди.

«Ливерпул»га қарши ўйингача Агуэро бир ойдан кўпроқ давом этган голсиз серия қайд этади (жароҳат сабаб 4та ўйинни ўтказиб юборган, 2та ўйинда эса гол ура олмаганди). Ҳужумчи бир тур олдинги «Саутҳэмптон» билан ўйиндагина гол уришни бошлаганди. «Ливерпуль» билан ўйинда эса Агуэро чинакамига қайтди ва ишлари юришиб кетди. «Арсенал»га, «Челси»га учталаб голлар урди. Серхио ақл боқар қилмас финтлар қилмаслиги, ноодатий голлар урмаслиги мумкин, лекин катта ўйинларда қандай ўйнашни билади.

2019 йил. «Манчестер Сити» – «Бёрнли»

«Бёрнли»га гол уришнинг нимаси қаҳрамонлик деб ўйлашингиз мумкин ва сиз ҳақсиз. Лекин ўша гол АПЛнинг охирги йиллардаги энг интригали мавсумида бирор жамоани чемпионликка яқинлаштирган бўлса, унинг қадри чиндан ҳам юқори бўлади. «Бёрнли» учун мавсум яхши ўтиши кутилганди, чунки Шон Дайч шогирдлари Европа лигаси гуруҳ босқичига чиқиш учун саралашда қатнашдилар. Лекин «инглизча киборлик кўрсатган» «Бёрнли» Европанинг иккинчи мусобақасига эътибор бермай, саралашдан ўта олмади.

«Манчестер Сити»га қарши ўйинда «Бёрнли» бутун мавсумдаги муваффақиятсизликни ювиб юбориши мумкин эди. Чунки Шон Дайч жамоасида бутун бошли чемпионлик тақдирига таъсир қилиши имкони бор эди. «Бёрнли» амалдаги ва катта эҳтимол билан бўлажак чемпионга қарши мардонавор курашди.

Ҳимояда деярли хато қилмаган Бен Ми ва Жеймс Тарковски, мағлубиятга учраётиб асабий ҳолатда захирадан иккиталаб ҳужумкор футболчини туширган Шон Дайч, голни аниқлаш системасини ўйлаб топганларнинг «дуо-ю жонини қилиб», асабий бақирган «Терф Мур»даги мухлислар – «Сити»га қарши ўйиннинг қаҳрамонлари бўлишди. Лекин бош қаҳрамонликни Серхио улардан илиб кетди. Ҳа, дарвозани уч сантиметргагина босиб ўтган голи билан.

«Сити» бир соатлаб гол ура олмаётган вақтда ўйинда кескин ваҳимали таранглик пайдо бўлди. Ўша вазиятда «Сити»га қандайдир супер техникали ҳаракат эмас, шунчаки хотиржамлик керак эди ва ёввойи совуққонлик кўрсатган Агуэро чемпионлик томон дадил қадамга айланган голни урди.

Агуэро катта ўйинларда ёрқин ҳаракат қилиши ҳақидаги гаплар шунчаки хулоса эмас, факт. У ўзи Англияга келганидан буён АПЛнинг катта олтилик жамоаларига энг кўп (43та) гол урган футболчи ҳисобланади. Бу борада аргентиналик ҳужумчига кимдир яқинлаша олмайди ҳам. Серхио АПЛ тарихидаги тўпурарлар орасида 5-ўринда бормоқда. Унинг ҳисобида 163та гол бор. Бу борада Агуэро Алан Ширер, Фрэнк Лэмпард, Тьери Анри ва Уэйн Руни каби футболчилардангина ортда қолмоқда. Кейинги йилларда улардан ҳам ўзиб кетиши мумкин.

Агуэро «Сити»нинг АПЛ тарихидаги энг яхши тўпурари ҳисобланади. У Премьер-лигада энг кўп (11та) ҳет-трик қилган икки футболчидан бири (иккинчиси, тўғрироғи, биринчиси – Алан Ширер). Агуэро АПЛнинг кетма-кет 5та мавсумида камида 20та гол урган икки футболчидан бири (биттаси Анри). Хуллас, бунақа маълумотлар жуда кўп. Албатта, Серхионинг голеадорлиги учун ҳам қадрлашади, лекин унинг катта ўйинларда порлаши алоҳида мавзу.

Чемпионлар лигаси тарихидаги, балки бутун Европа футболи тарихидаги энг драматик ўйин бўлган 1999 йилги Чемпионлар лигаси финалида қаҳрамон бўлган Тедди Шерингем ва Оле-Гуннар Сульшерни ўша ўйиндан сўнг ўт ўчирувчи деб атай бошлашди. Бугунги инглиз футболида бу номга айнан Серхио Агуэро муносиб. Ҳали «Сити»нинг иккита ўйини бор ва уларда нима бўлишини билмаймиз, аммо Серхио ҳозирча энг хавфли бўлган «ёнғинни ўчириб бўлди»...

Ўткир Жалолхонов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз