Узбек O'zbek
«Реал» Йович трансферини ҳал қилди, харид қиймати ва Лука билан битим муддати маълум
Шанба, 04 Май
18653

«Айнтрахт» ҳужумчиси Лука Йович ёзда «Реал» аъзосига айланади, деб хабар тарқатди AS.

Нашрга маълум бўлишича, трансфер бўйича 60 млн евролик келишувга эришилган. Бу суммадан 48 миллиони «Айнтрахт»га, 12 миллиони сербиялик футболчининг собиқ жамоаси «Бенфика»га тегишли бўлади – Лиссабон клуби Йовичнинг трансферларидан 20 фоизлик улушга эга.

«Реал» ва Лука ўртасида 6 йиллик битим имзоланиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, «ПСЖ» ҳам 21 ёшли ушбу тўпурар учун рақобатга қўшилгани сабабли «Реал» мазкур харид бўйича ишларни тезлаштиришга қарор қилган. Йовичга «Бавария» ва «Манчестер Сити» ҳам қизиқиш билдираётган, аввалроқ «Барселона» бу курашдан чиққани хабар қилинганди.

8-рақам эгаси 2017 йил ёзида «Бенфика»дан Франкфурт шаҳри жамоасига ижара асосида келиб қўшилган, «Айнтрахт» унинг трансфер ҳуқуқини жорий йилнинг апрель ойида 7 млн еврога сотиб олганди.

Йович Бундеслигадаги илк мавсумида 22та ўйинда 8та гол урган бўлса, жорий мавсумда 29та турда қатнашиб, 17+6 маҳсулдорлик натижасини қайд этди. Бу билан у ҳозир лига тўпурарлари рўйхатида Роберт Левандовскидан (21та гол, «Бавария») кейин, ўзи билан тенг миқдорда гол урган Пако Алькасер (17та гол, «Боруссия Д») билан бирга иккинчи ўринда бормоқда.

Йович, шунингдек, Европа лигасининг бу мавсумида 13та ўйин ўтказиб, 9та гол ва 1та ассист муаллифи бўлди. «Айнтрахт» бу мусобақа ярим финалида қатнашмоқда: «Челси»га қарши Франкфуртда кечган илк ўйин 1:1 ҳисобида якун топган.

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар «Реал» «Тоттенҳэм» яримҳимоячиси Кристиан Эриксен билан ҳам келишувга эришгани, «Челси» вингери Эден Азарнинг трансферини мавсум якунида эълон қилиши маълум бўлганди. Шунингдек, ўтган ҳафта эса «Манчестер Юнайтед» хавбеки Поль Погба билан ҳам битим шартлари келишиб олингани, унга кўра франциялик юлдуз Мадридда «бланкос» сардори Серхио Рамосдан кўпроқ маош олиши хабар қилинганди.

Испан матбуотига кўра, «қаймоқранглилар» ёзги харидларга 540 млн евро сарфлашмоқчи.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз