Узбек O'zbek
Мбаппе учта ўйинга четлатилди ва амалда «Олтин бутса» учун курашдан чиқди
Жума, 03 Май
7245

Франция футбол федерацияси Интизом қўмитаси «ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппега жазо белгилаш тўғрисида қарор чиқарди.

20 ёшли футболчи 27 апрелда «Ренн»га қарши кечган Франция кубоги финал ўйинида (2:2, пенальтилар бўйича – 5:6) қизил карточка олганди – 118-дақиқада тўпни йўқотганидан кейин бутсасининг остки қисми билан рақиб ҳимоячиси Дамьен да Сильванинг болдир қисмига тепганди.

ФФФ расмий сайтига кўра, Килиан учта ўйинга четлатилган. Дисквалификация барча мусобақалар учун амал қилади. Яъни у биринчи дивизионда чемпионликни расмийлаштириб улгурган жамоасининг «Ницца», «Анже» ва «Дижон» билан ўйинларида қатнашмайди, фақатгина сўнгги турда «Реймс» майдонида меҳмон бўлиши мумкин.

Қайд этиш керак, Мбаппенинг дисквалификацияси билан «Олтин бутса» совринининг жорий йилги ғолиби ҳам амалда маълум бўлиб улгурди, бу - Ла Лигада бу мавсум 34та гол урган «Барселона» ҳужумчиси Лионель Мессидир. Унинг энг яқин таъқибчиси Килиан Франция чемпионатида 30та тўп киритган, учинчи ўриндаги «Сампдория» ҳужумчиси Фабио Квальярелла ҳисобида А Сериядаги 23та гол мавжуд.

Таъкидлаш мумкинки, Месси кетма-кет уч мавсумда «Олтин бутса»ни ютган тарихдаги илк футболчи бўлиш арафасида.

Қўшимча қилиш жоиз, Интизом қўмитаси «ПСЖ»нинг бошқа бир ҳужумчиси Неймар устидан ҳам иш очган. У «Ренн» билан учрашув тугагач, тақдирлаш маросими олдидан трибунадаги мухлисни урганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз