Узбек O'zbek
Неймарда яна муаммо: у солиқдан қочгани учун самолёти ва вертолётидан айрилиши мумкин
Сешанба, 30 Апрел
2470

Неймар 2013 йилда «Сантос» клубидан «Барселона»га ўтишда солиқ тўловлари билан боғлиқ масалаларни тўлиқ ҳал қилиб олмаган. Шу боисдан Бразилия солиқ идоралари унга талабнома жўнатишди, деб хабар бермоқда Folha de S.Paulo.

Нашрнинг ёзишича, футболчининг оиласига 69 миллион реал (15,7 млн евро) ва 150 фоизлик миқдорда жарима тўлашни таклиф қилишмоқда. Неймарнинг вакиллари 11,5 млн реал (2,6 млн евро) тўлашгагина рози.

Ҳозирда солиқ хизмати Неймар оиласига тегишли мол-мулкнинг бир қисмини эҳтиёт чораси сифатида музлатиб қўйган. Бу мулклар сирасида 4-18 млн доллар оралиғида баҳоланган «Cessna Citation 680» самолёти ва тахминан 2 млн доллар турувчи «Eurocopter 130 B4» вертолёти ҳам бор.

Қайд этилишича, Неймарнинг отаси масалани ҳал қилиб олиш мақсадида Бразилия Иқтисодиёт вазири Пауло Гуэдес билан учрашган, аммо ҳозирча муаммо ечим топмаган.

Қайд этиш керак, ҳужумчи 2011-2013 йиллар давомида ўз компаниялари орқали олган 63,3 млн реал (14,42 млн евро) миқдоридаги даромадларини декларацияга киритмагани учун 2015 йилда 188 млн реал (42,85 млн евро) жаримага тортилган эди.

Мазкур ҳолат – сўнгги вақтларда Неймар атрофида рўй бераётган ягона муаммоли вазият эмас. Аввалроқ у ЕЧЛнинг 1/8 финалида «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйиндаги мағлубиятдан кейин ҳакам хонасига бостириб кирмоқчи бўлгани ва инстаграмида уни ҳақоратлагани учун УЕФА томонидан еврокубоклардаги уч ўйиндан четлатилганди. 27 ёшли футболчи жароҳати туфайли бир неча ойни майдондан ташқарида ўтказиб, жамоага қайтганида эса Франция кубоги финалида ютқазди ва тақдирлаш маросимига йўл олаётиб стадиондаги мухлислардан бирига мушт туширди.

Неймар фанатни ургани учун жиддий жазоланиши мумкин
Неймар Америка Кубогини ўтказиб юбориши мумкин

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз