Узбек O'zbek
«Зенит» ЕЧЛга қайтди. Россия чемпионлиги яқин қолди
Якшанба, 28 Апрел
1851

Россия чемпионатининг 26-турида «Зенит» «Крылья Советов»ни мағлуб этди. Санкт-Петербургдаги «Газпром Арена» стадионида кечган учрашув мезбонларнинг 4:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Ўйинда ҳисоб 9-дақиқадаёқ очилди. Биринчи гол муаллифи питерликлар тўпурари Сердар Озмун бўлди, уни бу вазиятда Юрий Жирков голли пас билан таъминлади. 30-дақиқада Артём Дзюбанинг пасидан кейин эронлик ҳужумчи дублни расмийлаштирди. Бу голлари эвазига Озмун жами голлари сонини 12тага етказиб, турнир тўпурарлари рўйхатида ЦСКА ҳужумчиси Фёдор Чаловга етиб олди.

Орадан 5 дақиқа ўтиб самараликлар ҳимоячиси Тарас Бурлак тўпни ўз жамоаси дарвозасига киритиб қўйди ва ҳисоб йирик кўринишга келди. Биринчи бўлимнинг охирги 5 дақиқалигида Денис Ткачук иккита гол уриб, ҳисобни қисқартирди.

78-дақиқада меҳмонлар ҳужумчиси Рамиль Шейдаев қизил карточка олиб майдонни тарк этди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Игорь Смольников жамоасининг ғалабасини мустаҳкамлади.

Бу ғалабадан кейин «Зенит» очколари сонини 57тага етказди ва Россия Премьер-Лигаси турнир жадвалини бошқаришда давом этмоқда. «Крылья Советов» 27 очкоси билан 13-ўринда жойлашган. Самараликлар таркибида ўйиннинг бошидан охиригача Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси Виталий Денисов ҳаракат қилди.

Петербургликлар бу ғалаба эвазига қолган турларда қандай натижалар қайд этилишидан қатъи назар РПЛ учлигида қолишини кафолатлади. Иккинчи ўриндаги «Локомотив» (49) 8 очко ортда қолган, кейинги ўринларда ЦСКА (25 турдан кейин 44) ва «Краснодар» (25 турдан кейин 43) жамоалари бормоқда. Бу эса «Зенит» кейинги мавсумда Чемпионлар лигасида иштирок этишини таъминлайди. Россия чемпионатининг биринчи ва иккинчи жамоалари ЕЧЛда тўғридан-тўғри иштирок этади, учинчи ўрин соҳиби эса саралаш босқичидан ўтиши керак бўлади.

Семак шогирдлари 4 май куни «Ахмат»га қарши сафар ўйинида ғалаба қозонса ва шу куни «Локомотив» Тулада «Арсенал»га қарши ўйинда очко йўқотса муддатидан олдин чемпионликни расмийлаштириши мумкин. Грознийда дуранг натижа ҳам питерликларни қониқтириши мумкин, бунинг учун «Локо» Тулада ютқазиши, ЦСКА эса бугун «Краснодар» ва 5 май куни «Динамо»га қарши ўйинларда жами 6 очко тўплай олмаслиги талаб этилади.

«Зенит» охирги марта Чемпионлар лигасида 2015/16 йилги мавсумда иштирок этиб, гуруҳдан чиққан, аммо нимчорак финалда «Бенфика» тўсиғидан ўтолмаганди.

Россия чемпионати
26-тур
Зенит – Крылья Советов 4:2
(3:2, 1:0)
Голлар: 1:0 – 9 Озмун, 2:0 – 30 Озмун, 3:0 – 35, автогол Бурлак, 3:1 – 40 Ткачук, 3:2 – 44 Ткачук, 4:2 – 90 Смольников.
Зенит – Лунев, Ракицкий, Иванович, Смольников, Жирков, Нобоа, Ригони (Шатов, 55), Оздоев, Озмун (Мусаев, 90), Дзюба, Дриусси (Анюков, 67).
Крылья Советов –     Рижиков, Самарджич, Бурлак, Денисов, Шишкин, Зиньковский (Корниленко, 63), Рабиу, Ананидзе (Яковлев, 80), Ткачук, Зотов (Антон, 73), Шейдаев.
Огоҳлантиришлар: Дриусси (14), Шейдаев (47), Оздоев (47), Рабиу (49), Ригони (54), Жирков (88).
Четлатиш: Шейдаев (78).

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз